Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2024, Тошкент вақти: 18:45

"Хоразм иссиқлик тармоқлари"нинг ишчиларига 7 ойдан бери маош берилмаяпти


Хоразм вилояти ҳамда Қорақалпоғистоннинг айрим туманларидаги турар-жой бинолари ва ижтимоий объектларни иссиқлик энергияси​ билан таъминловчи “Хоразм иссиқлик тармоқлари” ширкатининг мингга яқин ишчиси 7 ойдан буён меҳнат ҳақларини ололмаяпти.

Бу ҳақда ширкат ишчилари 22 ноябр куни Озодликка мурожаат қилишди. “Хоразм иссиқлик тармоқлари” раҳбари Шуҳрат Бобожонов Озодлик билан суҳбатда, ойликлар кечикаётганини ширкатнинг қарзга ботгани билан изоҳлади.

“Хоразм иссиқлик тармоқлари”да чилангар бўлиб ишловчи 32 ёшли Султонбой Жуманиёзов ўзи ва юзлаб ҳамкасби апрел ойидан буён ойлик олмаганини айтди:

- Саккизинчи ой бўляпти ойлик йўқ. Бошлиқларга айтсак, “эрта-индин бўлади”, дейди. Менинг икки болам бор, рўзғорни тебратиш керакку?!

Ишчилар даъвосича, иш ҳақини сўраб раҳбариятга шикоят қилганларга ишдан бўшатиш билан таҳдид қилинмоқда: “Ёқмаса бўша”, дейди. Лекин, бўшасак бошқа иш ҳам йўқ-да вилоятда”, - дейди Жуманиёзов.

Ширкат диспетчери 63 ёшли Полвон Панаев ойлик берилмаётгани ҳақида ёзмаган идораси қолмаганини айтди.

- Порталга ҳам ёздик, ҳокимиятга ҳам шикоят қилдик, прокуратурага ҳам бордик. Фойдаси бўлмаганидан кейин Озодликка чиқяпмиз. Менику пенсияга чиқишимга оз қолди, шунинг учун чидаб ўтирибман, лекин ёшларга қийин, рўзғорини юритиши керак. Ойликни бермайди, лекин ишни талаб қилади, “пахтага чиқ”, дейди. Текин ишчига айланиб қолганмиз.

Шуҳрат Бобожонов: 10 ярим миллиард сўмлик қарзимиз бор

“Хоразм иссиқлик тармоқлари” бошлиғи Шуҳрат Бобожонов Озодлик билан суҳбатда ширкат 10 ярим миллиард сўмлик қарзга ботгани боис ишчиларга маошлар бериш кечикаётганини тасдиқлади:

- Йиллардан бери қарз йиғилиб, йиғилиб 10 ярим миллиард сўмга етиб қолибди. Қарзимиз бўлгани учун инкассани музлатиб қўйишган, ойликка пул чиқаролмаймиз. Лекин, секин-секин қарзни йўқотишга ҳаракат қиляпмиз. Топганимиз ҳозир шу қарзни узишга кетяпти, тийинма-тийин Мажбурий ижрога ўтказиб беряпмиз. Қарзимиздан қутулсак ишчиларга ойлик берилади. Келаси ойдан ҳаммаси ҳал бўлади, деб умид қилиб турибмиз.

“Хоразм иссиқлик тармоқлари”да, мавсумий ишчиларни ҳам қўшиб ҳисоблаганда, мингга яқин ходим ишлайди.

Шуҳрат Бобожонов ўзи ва қўли остидаги раҳбар ва муҳандислар ҳам ойликсиз ишлаётганини айтди.

- Мени ўзим ҳам ойлик олмаяпман. Прокуратура мени ишчиларга ойлик бермаганим учун уч минимал ойлик миқдорида жаримага ҳам тортди. Мени ўзим биринчи навбатда ишчиларга ойликлар вақтида берилишидан манфаатдорман, лекин қарзга ботганмиз, нима қилайлик?!

Меҳнат қонунчилиги нима дейди?

Ўзбекистон Меҳнат кодексининг 16-моддасида ҳар бир шахс меҳнат қилиш, эркин иш танлаш, ҳаққоний меҳнат шартлари асосида ишлаш ва қонунда белгиланган тартибда ишсизликдан ҳимояланиш ҳуқуқига эгалиги ва ўз меҳнати учун ягона тариф сеткаси бўйича белгиланганидан оз бўлмаган миқдорда ҳақ олиши кафолатланиши таъкидланган.

Ўзбекистонда давлат бюджети ҳисобидан молияланадиган ташкилот ва корхоналарда иш ҳақининг бир неча ойлаб кечикиши сурункали тус олмоқда.

Кузатувчилар ўтган йили Ўзбекистон ҳукумати маош ва нафақаларни кечиктирганлик учун жазо чораларини кучайтирганига қарамай, муаммонинг ечими кўринмаётганини айтишади.

XS
SM
MD
LG