Линклар

Шошилинч хабар
20 декабр 2024, Тошкент вақти: 05:00

Фермерлар "Агробанк"ни кредит шартини бузганликда айблади. МИБ фермер мулкини мусодара қилмоқда


Жарқўрғон фермерларидан мажбурий тилхат ёздириб олинмоқда.
Жарқўрғон фермерларидан мажбурий тилхат ёздириб олинмоқда.

Сурхондарё вилояти Жарқўрғон тумани Мажбурий ижро бюроси пахта териш кампанияси давом этаётган бир пайтда, банкдан кредит олган айрим фермерларнинг мол-мулкини хатлаш ва мусодара қилишга киришди.

Фермерларнинг айтишларича, кредитни ёпиш муддатига ҳали қарийб ярим йил бўлишига қарамай, Агробанкнинг Жарқўрғон тумани филиали фермерларни судга берган.

Суд эса фермерларнинг қарзни вақтида ёпиш-ёпа олмаслигини суриштирмай туриб¸ улар мол-мулкини мусодара қилиш ҳисобига кредитни қоплатиш ҳақида ажрим чиқарган.

Фермерларнинг Озодликка айтишича¸ суд ҳукми чиқар-чиқмас¸ МИБ ходимлари уларнинг автомобили, трактор, прицеп ва чорвасини мусодара қилишга киришган.

Агробанкнинг Жарқўрғон филиали раиси¸ кредит тўлови учун берилган муҳлат тугамай¸ фермерларнинг судга берилиши ноқонуний бўлганини инкор қилмади. Айни пайтда¸ бу ишнинг селектор йиғилишида берилган оғзаки буйруқ асосида қилинаëтганини билдирди.

“Хатга тушдинг, ўтга тушдинг”

Жарқўрғонлик бир гуруҳ фермернинг Озодликка ёзишича, уларнинг мол-мулкини хатлаш вилоят прокурорининг ўринбосари қатнашган мажлисдан бошланган.

“3 ноябрь куни икки юздан ортиқ туман фермерларини Маданият саройига чақиришди. Кейин вилоят прокурорининг ўринбосари Ўктам ака деган одам, туман прокурори, туман МИб бошлиғи ва бошқа расмийлар билан кириб келди. Туман ҳокими мажлисда йўқ эди. Ўктам ака кириб келдида, ўтирмасдан гап бошлади. У, “қарздорликларинг бўйича тушунтириш хати ёзиб берасизлар, бу хатда қарзни нима билан тўлашни ҳам аниқ ёзасизлар, агар ёзмасаларинг бориб уйларингни хонавайрон қилиб буздираман”, деди-да, чиқиб кетди. Кейин вилоят прокуратурасининг 12-бўлим бошлиғи Мансур Каримов гапириб, “ёзмасаларинг бу ердан ҳеч ким чиқиб кетмайди, деди. Залнинг икки эшиги олдига милиция ходимлари қўйилди. Ҳамма ёзиб беришга мажбур бўлди”, деб ёзади жарқўрғонлик фермерлар.

Жарқўрғон туманидаги фермерлардан мажбурий тилхат ёздириб олинмоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:13 0:00

Фермерлар суднинг ноқонуний эканини иддао қилмоқда

Фермерларга пахта етиштириш учун 3 фоизли имтиёзли кредит берган Агробанкнинг Жарқўрғон тумани филиали кредитни қопламаганлиги учун фермерларни судга берган.

Озодлик суҳбатлашган Жарқўрғон туманидаги “Сурхон Чорвадор Нур” фермер хўжалиги раҳбари, 35 яшар Ўктам Улуғов банкнинг бу тадбирини ноқонуний дейди:

- Мен банк билан кредит шартномасини 24 февралда имзолаганман. Кредитни ёпиш муддати 14 ой деб белгиланган. Демак, ҳали ёпиш муддатига қарийб олти ой бор. Лекин банк, 15 октябрь куни Қумқўрғон туманлараро иқтисодий судига бераяпти ва Аллабердиев деган судья ишни кўраяпти. Судья фермерни чақиртириб, нима бўлганини ҳам сўрамасдан кўр-кўрона кўраяптида, банкнинг фойдасига қарор чиқариб бераяпти, дейди фермер Ўктам Улуғов.

Унинг айтишича, 5 октябрь куни МИБ ходимлари келиб унинг уйидаги тракторини, чорвасини хатлаб кетган.

Фермерларнинг айтишларича, МИБ бюроси фақат мол-мулкни хатлаш ҳақидаги ажрими борлигига қарамасдан аллақачон бир неча фермернинг мол-мулкини тортиб олган.

"Қарзни узишга ҳали 6 ой вақт бор, лекин МИБ ҳужумга ўтди"

Жарқўрғон туманидаги “Асрорбек Азаматбек” фермер хўжалиги раҳбари Баҳодир Юсуповнинг отаси 70 яшар Йўлдош Юсуповнинг айтишича, МИБ ходимлари уларнинг ҳовлисидаги бошқа одамнинг номига расмийлаштирилган “Нексия” автомобилини ҳам тортиб олган:

- Уйимда қариндошимизнинг “Нексия”си бор эди. МИБ ходимлари шунча қишлоқдошларим олдида мени шарманда қилиб¸ ўша мошинани олиб кетишди. Бунинг устига улар мошинани кечгача ўз ишлари учун миниб юришган. Бунга уларнинг ҳаққи йўқку. Кейин ўғлимнинг банкдан қарзи 39 миллион сўм қолган эди. Лекин, ҳоким билан милиция бошлиғи ўғлимни мажбурлаб 34 миллион сўмни ёқилғига ўтказиб юбордирган. У пул шундай турибди. Иккинчидан эса, шартнома муддати тугашига ҳали ярим йил бор. Қарзимиз бўлса топиб тўлардикку, нега булар бундай адолатсизлик қилишади, дейди Йўлдош Юсупов.

Вақтинча ишлатишга олган бировнинг прицепини ҳам МИБ олиб кетди

“Саодат” фермер хўжалиги раҳбари Анвар Аминовнинг айтишича, қўшнисидан вақтинча олиб ишлатиб турган прицепни ҳам МИБ ходимлари олиб кетган:

- Пахта ташиш учун қўшнимизнинг прицепини олиб турардим. МИБ ходимлари келди-да, ана шуни олиб кетамиз, деди. Мен бу бировники, вақтинча ишлатиб турибман десам, “ана, “Саодат” деб прицепга ёзиб қўйилганку, дейди. Мен уларга, йўқ, бу билан пахта ташиймиз, пахта пунктига олиб борганимизда қайси хўжаликдан келганини билиш учун десам ҳам, ишонишмади. Мошинага боғлаб судраб кетишди, дейди Анвар Аминов.

Аслида мен қарз эмасман, лекин “қарздор” қилишди

“Хайрулла” фермер хўжалиги раҳбари Баҳодир Алимовнинг Озодликка айтишича, МИБ ходимлари унинг кўпкарига чопадиган отини олиб кетгани машина тополмай вақтинчага ташлаб кетишган:

- Аввал МИБ келиб техникамни хатлаб кетган эди. Кеча яна ўндан ортиғи милисалар билан келиб, отингизни олиб кетамиз, деди. Мен уларга бу кўпкарига соладиган отим, буни олманглар, ана тракторни олиб кетинглар десам, йўқ отни олиб кетамиз¸ деб ёпишиб олишди. Мен айтдимки, бу от бозорда камида 50 миллион туради, мени қарзим эса 30 миллион сўм. Лекин кўнишмади, отни етаклаб олиб кетишди. Лекин олиб кетгани машина тополмай вақтинчага ташлаб кетишди. Аслида 14 ойгача банк бизга тегмаслиги керак эди. Лекин қоидани ўзи бузди. Мендан нефть маҳсулотларига 38 миллион, минераль ўғитларга қарийб бир миллион мажбуран ўтказдириб олишган. Агар шуни ўтказмаганда эди, мен қарздор бўлмас эдим, дейди фермер.

Баҳодир Алимов, ўзи ва бошқа фермерларнинг қарздорлиги масаласида суд қилиниб¸ мол-мулки мусодара қилиниши ҳақидаги суд қарорини уни ижро қилишга келган МИБ ходимларидан эшитганини айтади:

- Суд бўлибди, бизнинг мол-мулкимизни хатлашни буюрибди. Лекин нега биз буни МИБ ходимидан эшитамиз? Нега суд бизни чақириб, нега қарзингни ёполмаяпсан, деб сўрамайди? Нега суд Агробанкка фермерларнинг сен билан шартномаси тугашига ҳали олти ой бор экан, шикоятингни қабул қилмаймиз, демайди? Нега? Қани адолат?”, дейди фермер Баҳодир Алимов.

“Агробанк” Жарқўрғон филиали бошлиғи аниқ жавоб айтолмади

Фермерларга 3 фоизли имтиёзли кредит берган Агробанкнинг Жарқўрғон филиали бошқаруви раиси Камол Ҳайитов Озодлик билан суҳбатда шартнома тугамай туриб¸ фермерларнинг судга берилишини “эҳтиёт чора”си деб атади:

- Пахта терим уже 5 сортга ўтиб кетди. Бу сортга 650 сўмдан пул берилади, терим пули бундан қиммат тушаяпти. 1-2 сортлардан қопланадигани қопланиб бўлган, бу ёғидан умид йўқ. Тўғри, бу ёқдан топшириқ бўлиниб, республика бўйича бўлаяпти бу ҳолат, фақат бизда эмас. Кейин ҳозир мол-мулкини олиб бўйича эмас, фақат хатлаб қўйиш бўйича ажрим чиқарилган. Бир ойдан кейин ижро қарори чиқади, деди банк бошқаруви раиси.

Агробанк маҳаллий раҳбари¸ фермерларнинг банк шартномада белгиланган 14 ойлик муддат тугамай туриб¸ нега кредитнинг тўлиқ қайтарилишини талаб қилаëтгани ҳақидаги саволига аниқ жавоб бермади:

- Бу ҳозир республика бўйича берилган топшириқда, яъни фермерлар қарзини узолмаслиги аниқ, шунинг учун қарзни қоплашни унинг мол-мулкига қаратиш. Бундай топшириқ селектор мажлисида берилган, Камол Ҳайитов.

Банк раиси селектор йиғилишида бу топшириқ айнан қайси амалдор томонидан берилганини очиқламади ва алоқани узди.

Қумқўрғон туманлараро иқтисодий суди судьяси Санжар Аллабердиев воқеа тафсилоти ва Озодликнинг “нега фермерлар ноқонуний суд қилинди” деган саволини эшитгандан сўнг, йўлда эканлиги ва ярим соатдан кейин қўнғироқ қилишимизни сўради.

Аммо ярим соатдан сўнг судья телефонини ўчириб қўйди.

Жарқўрғон тумани ҳокими Зиёдилла Давлатов Озодлик билан суҳбатда бу ишлардан хабари йўқлигини айтди:

- МИБ алоҳида ташкилот, у ҳокимиятга бўйсунмайди, суд қарорини ижро қилиш билан шуғулланади. Шунинг учун бу ишларга менинг аралашишга ҳам ҳаққим йўқ, бу ишлардан ҳам хабарим йўқ, деди туман ҳокими Зиёдилла Давлатов.

XS
SM
MD
LG