Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 08:01

Жиззахдаги касалхонада ўлган боланинг акаси шифокорни пичоқлади


Жиззах шаҳридаги болалар кўп тармоқли шифохонасида вафот этган 14 ёшли беморнинг акаси шифокорни пичоқлади.

Гувоҳлар 26 ёшли эркак укасининг ўлимида шифокорни айблаб, унга пичоқ билан ҳужум қилганини Озодликка айтишди.

Воқеа 29 июн куни эрталаб болалар шифохонаси ҳудудида рўй берди.

Бир кун олдин айни шифохонада операциядан омон чиқмаган 14 ёшли беморнинг акаси уни операция қилган жарроҳга пичоқ билан ҳужум қилган.

Гувоҳларнинг Озодликка айтишича, пичоқланган шифокор оғир аҳволда касалхонага ётқизилган.

Қотилликка уринишда гумон қилинаётган 26 яшар йигитни милиция қўлга олган.

Пичоқлаган эркак ва пичоқланган шифокорнинг исми Озодликка маълум, лекин тергов сири важидан таҳририят буни очиқламайди.

Жиззах вилояти Ички ишлар бошқармаси Озодликка шундай ҳодиса бўлганини тасдиқлади ва бу бўйича Ўзбекистон Жиноят кодексининг 25 ва 97-моддаси бўйича иш очилиб, вилоят прокуратураси тергов олиб бораётганини маълум қилди.

ИИБ вакилининг билдиришича, шифокорнинг танасига бир неча марта пичоқ урилган ва унинг аҳволи яхши.

Гувоҳларга кўра, шифокорга пичоқ билан ҳужум қилган эркакнинг укаси бир кун олдин Жиззах шаҳридаги болалар кўп тармоқли шифохонасида жигари операция қилинган. Операция пайти бола ҳаётдан кўз юмган.

Боланинг қариндошлари нима асосда унинг ўлимида шифокорларни айблагани Озодликка маълум эмас.

Жиззах вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси бу ҳақда Озодликка изоҳ бермади.

- Бу бўйича прокуратура суриштирув олиб боряпти, ҳеч нарса айтолмаймиз, - деди Жиззах вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси мулозими.

Ўзбекистон касалхоналарида шифокорларга ҳужум қилиниши илк бор кузатилаётгани йўқ.

Ўтган ой Самарқандда беморнинг отаси шифокорга ҳужум қилиб, уни ҳақоратлагани видеоси ижтимоий тармоқларда тарқалган эди.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, 2017-2018 йил давомида Ўзбекистонда беморлар ва уларнинг қариндошлари томонидан 300га яқин тиббиёт ходими калтакланган.

XS
SM
MD
LG