Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 12:47

Ўзбекистон Россия билан ҳарбий-техникавий ҳамкорликни кучайтирмоқда


Ўтган ҳафтада Баҳодир Қурбонов АҚШга сафар қилди. Вазир ўзаро ҳамкорлик, икки мамлакатнинг хавфсизликни таъминлаш соҳасидаги ўзаро алоқалари, жорий йилда ўзаро ҳарбий машқлар ўтказиш режалари юзасидан музокаралар ўтказгани маълум қилинди.

Айни пайтда Ўзбекистон Россия билан имзолаган қатор келишувлар асосида ўз ҳарбий техникасини модернизация қилмоқда.

Икки давлат ўртасида кучга кирган 12 шартнома Россиядан олинган кредитлар асосида амалга оширилаяпти.

Россия Ўзбекистонга ҳарбий техника етказиб бермоқда

Ўзбекистон Россия билан Ҳарбий-техникавий ҳамкорлик масалалари бўйича ҳукуматлараро комиссия (ВТС) доирасида имзолаган ҳужжатлар асосида янги ҳарбий техника сотиб олади ва эскисини модернизация қилишни бошлади.

Жорий йил июнида қурол-аслаҳа ва эҳтиёт қисмлар билан таъминотига оид 12 та янги контракт кучга кирди. 2019 йилнинг 23 майида ўтган 15-чи мажлисда имзоланган шартномага кўра, комиссия Ўзбекистон Қуролли Кучларини 2025 йилгача замонавий ҳарбий техника билан таъминлайди.

Россия Ҳарбий техника масалалари федерал хизмати (ФСВТС) расмий маълумотига кўра, Ўзбекистон Россиядан бир неча Су-30М, 12А6 “Сопка-2” трассали радиолокация комплекси, “Печора-2М” зенит-ракета комплексига техник хизмат кўрсатиш устахонаси, “Противник-ГЕ”, “Гамма-ДЕ”, “Подлет-Е”, 31 комплект “Фара-ВР” радиолокация станциялари ва алоқа тизимларини сотиб олишни режалаштирган.

Ўзбекистон БТР-82А бронетранспортёрларини сотиб олишга буюртма берган
Ўзбекистон БТР-82А бронетранспортёрларини сотиб олишга буюртма берган

Бу келишувларни Ўзбекистон республикаси Россия давлат кредитлари асосида амалга ошириши келишилгани маълум.

2017 йилда Россиядан Ўзбекистонга экспорт кредити асосида Ми-35М вертолётлари ва уларга зарурий бўлган эҳтиёт қисмлар етказиб берилиши давом этаётгани маълум. Россиянинг “Новая газета” нашри 2019 йилнинг тўртинчи чорагида Ўзбекистонга 4 дона, 2020 йилда эса яна 8 дона Ми-35М вертолётлари берилиши тўғрисида ўз манбаларига таяниб хабар қилди.

Расмий Тошкент сотиб олишни режалаштираётган Су-30М қирувчи учоқлари 4+ авлодига қарашли модернизация қилинган ҳарбий машиналардир. Путин ҳукумати бу учоқларни Сурия ҳудудида олиб борилган ҳарбий операциялар давомида синовдан ўтказган.

Бугунга келиб, Ўзбекистон Қуролли кучларида 30 дона Ми-24 ҳарбий вертолётлари бор.

Россиялик ҳарбийлар Россия Ўзбекистон тарафига ҳарбий техника ва қурол-аслаҳа сотиб олиш учун 200 миллион доллар миқдорида кредит берилганини ҳам очиқлади.

РИА-Новости хабарича, Россия Мудофаа вазирлигига Ўзбекистон Давлат мудофаа саноати қўмитасидан мамлакат Ҳарбий ҳаво кучларининг МиГ-29 қирувчи учоқларини модернизация қилиш бўйича ариза келиб тушган. Очиқ манбалардан 2016 йилга келиб Ўзбекистонда турли модификациядаги 30 дона МиГ-29 учоғи мавжуд бўлганини кўриш мумкин.

2019 йил охиригача бу масалада ҳам Россия ва Ўзбекистон ҳарбий раҳбарияти ўртасида музокаралар олиб борилиши кутилмоқда.

Шунингдек, Ўзбекистон ҳарбийлари Россиядан бир нечта БТР-82А бронетранспортёрларини сотиб олишга буюртма бергани ҳам очиқланди.

Ўзбекистон ўз армияси учун Россиядан “Тигр” зирҳли машиналарини ҳам сотиб олгани тўғрисида Озодлик хабар қилган эди. ТАССнинг 25 июнь куни Ўзбекистон расмий делегацияси таркибидаги манбага таяниб хабар беришича , сотиб олинган “Тигр”лар сони “бир неча ўнта”ни ташкил қилади.

СУ-30м қирувчи учоқлари
СУ-30м қирувчи учоқлари

Ҳарбий экспертлар икки давлат ўртасида ҳарбий соҳадаги ҳамкорлик айниқса ҳокимият тепасига Шавкат Мирзиёев келиши ортидан охирги икки йилда жадаллашгани кузатилаётганини алоҳида таъкидламоқда.

2016 йилнинг 29 ноябрида Ўзбекистон ва Россия ўртасида “Ҳарбий –техник ҳамкорликни ривожлантириш шартномаси” имзоланган эди.

Ушбу ҳужжатга биноан Ўзбекистон ўз Қуролли кучларини 2020 йилгача Россия қурол ва ҳарбий техникаси билан қайта таъминлайди. Учрашувда Россия мудофаа вазири Ўзбекистонни Москва ташаббуси билан тузилган Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (КХШТ) билан ҳамкорликни кучайтиришга чақирганди.

Россия президенти Владимир Путин ҳукуматга Ўзбекистонга “Ҳарбий –техник ҳамкорликни ривожлантириш шартномаси” доирасида етказиб берилган ҳарбий маҳсулотлардан мақсадга мувофиқ равишда фойдаланишни назорат қилиш юзасидан шартнома имзолаш бўйича Тошкент билан музокаралар ўтказиш тўғрисида кўрсатма берган эди.

Президентнинг бу борадаги фармойиши матни Россия ҳукуматига тегишли бўлган Ҳуқуқий ахборот расмий интернет порталида 3 ноябрь куни эълон қилингани тўғрисида Озодлик хабар берган.

“Ўзбекистон кўпвекторли сиёсат олиб бормоқда”

Айни дамда Ўзбекистоннинг Шавкат Мирзиёев бошқараётган ҳукумати Америка Қўшма Штатлари билан ҳам ҳарбий соҳада ҳамкорлик қилишга ҳозир эканини кўртсатмоқда.

Ўзбекистон мудофаа вазири генерал-майор Баҳодир Қурбонов 20 февраль куни Тошкентга расмий сафар билан келган АҚШ қуролли кучлари марказий қўмондонлиги бошлиғи генерал Жосеф Вотел билан учрашган эди.

Ўтган ҳафтада Баҳодир Қурбонов АҚШга сафар қилди. Вазир ўзаро ҳамкорлик, икки мамлакатнинг хавфсизликни таъминлаш соҳасидаги ўзаро алоқалари, жорий йилда ўзаро ҳарбий машқлар ўтказиш режалари юзасидан музокаралар ўтказгани маълум қилинди.

АҚШ Ўзбекистонга божхона ва чегара хизматларига ҳарбий техника етказиб бериши бўйича музокаралар давом этаётгани айтилди. Ўзбекистон ва АҚШ жорий йил биргаликда ҳарбий машқлар ўтказиши мумкинлиги маълум бўлди.

Тарих фанлари доктори, сиёсатшунос Артём Улунян Шавкат Мирзиёев бошқараётган ҳукумат ҳарбий соҳада олиб бораётган кўпвекторли сиёсат ўзининг фойдали хусусиятларига эга эканини Озодлик билан суҳбатда билдирди:

- Тошкент Марказий Осиёда икки кучга таяниш сиёсатини биринчи маротаба олиб бораётгани йўқ. Каримов кетганидан кейин кўпчиликда янги ҳукумат ҳарбий-иқтисодий соҳада фақат Россияга таяниб қолди, деган хато фикр пайдо бўлганди. Охирги йилларда Россия билан ўрнатилган ҳамкорлик давом этади ва ривожланиб бориши кузатилмоқда. Аммо бу АҚШ билан муносабатлар сусаяди дегани эмас, аксинча, Тошкент айниқса ички хавфсизлик масаласида Россия билан мувозанатни сақлаш учун АҚШга таянади, мумкин Хитой каби учинчи мамлакатни ҳам жалб қилади.

Артём Улуняннинг фикрича, Ўзбекистон Россия бераётган кредитлар ҳисобига ўз армиясини модернизация қилишга ва минтақавий лидерликка, Россия эса, Ўзбекистон билан ҳарбий техникавий ҳамкорлик қилар экан, уни ўз орбитасига тортишга интилмоқда:

- Сўзсиз, Кремль вазиятдан ўз мақсадларида фойдаланишга уриниб кўради. Марказий Осиё давлатлари, хусусан, Ўзбекистоннинг Россия соясидан чиқиб, мустақил сиёсат юргизишга интилиши кучли. Шу боис Путин ҳукумати қурол-аслаҳа ва техникани имтиёзли нархда ва кредитлар асосида етказиб бераётгани расмий Тошкент учун жуда фойдалидир. Аммо Россия бу ён босишлари орқали Ўзбекистонни КХШТга тортишга уринишини кутиш жойиз. Тошкент АҚШдан ташқари НАТО давлатлари билан ҳам алоқаларни кучайтиришга интилади, чунки бу Мирзиёев эълон қилган очиқлик сиёсатининг асосий кўринишларидан биридир.

А.Улунян: Ўзбекистон икки кучга таяниш сиёсатини юргизмоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:12:07 0:00
Бевосита линк

2015 йилда АҚШ «Ортиқча қуролларни бошқаларга бериш» дастури доирасида Ўзбекистонга умумий қиймати 150 миллион бўлган 300та зирҳли ҳарбий автомашинани совға қилган эди.

Global Firepower берган маълумотларга биноан, Ўзбекистон Қуролли Кучлари 420 танк, 715 пиёдалар жанговар машинаси, 143 дона ўзиюрар артиллерия мосламаси, 880 артиллерия қуроли ва 109 дона замбаракка эга. Шунингдек, бугунга келиб Марказий Осиёда энг қудратли ва жанговар армияга эга Ўзбекистон 69 қирувчи учоқ, 89 бомбардимончи, 50 та транспорт учоғи, 70 вертолётга (25таси жанговар) эгадир.

Global Firepower жаҳон ҳарбий рейтингида Ўзбекистон 48 ўринда турибди ва яқин орада ўз қудратини ошириши мумкин.

XS
SM
MD
LG