Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 08:55

Тиббиёт ходимларининг яганага чиқарилгани ошкор бўлиши ортидан улар ишига қайтарилди


Халқаро ташкилотларнинг мажбурий меҳнатга қарши курашиш ҳақидаги тинимсиз чақириқлари ва ҳукумат тақиқига қарамай, Ўзбекистоннинг айрим вилоятларида бюджет ташкилотлари ходимлари ғўза чопиғи ва яганага жалб қилиниши ҳар йили кузатилади.
Халқаро ташкилотларнинг мажбурий меҳнатга қарши курашиш ҳақидаги тинимсиз чақириқлари ва ҳукумат тақиқига қарамай, Ўзбекистоннинг айрим вилоятларида бюджет ташкилотлари ходимлари ғўза чопиғи ва яганага жалб қилиниши ҳар йили кузатилади.

Қорақалпоғистоннинг Элликқалъа тумани Тиббиёт бирлашмаси шифокорлари Озодлик суриштируви ортидан мажбурий меҳнатдан ўз иш жойига қайтарилганларини билдирди.

Тиббиëт ходимларининг мажбуран яганага олиб кетилаëтгани хабари келиши ортидан Озодлик уни ўрганишга киришган ва бу жараëнда 27 май куни Элликқалъа тумани ҳокимлигидан изоҳ сўраган эди.

Тиббиëт ходимлари¸ ҳокимлик мажбурий меҳнатга оид хабарнинг Озодликда чиқиш эҳтимолидан чўчиб¸ уларни ярим йўлдан иш жойига қайтарганини билдирди.

"Мухбир саволи ортидан автобус йўлдан қайтарилди"

Элликқалъа тумани Тиббиёт бирлашмасига қарашли Бўстон шаҳридаги туман марказий шифохонасининг исми очиқланмаслигини истаган ходимлари 26 май куни ўзларининг яганага олиб кетилаëтгани ҳақида Озодликка хабар юборди.

Озодлик бу хабарни ўрганиш жараëнида расмий муносабат сўраб¸ 27 май куни туман ҳокимлиги масъуллари билан боғланди.

Ҳоким ёрдамчиси вазиятни ўрганиб¸ кейин бу ҳақда маълумот беришини билдириб¸ суҳбатни қисқа қилди.

Бу суҳбат ортидан¸ элликқалъалик манбаларнинг билдиришича¸ 27 май куни ҳамшира ва санитарларни яганага олиб кетаётган автобус ярим йўлда ортга қайтарилган.

Ҳамма медработникларни “Ford” автобусига босиб ўтоққа олиб кетишаётганда, бирданига ярим йўлда ҳаммани тушириб отбой қилиб юборишди. Ҳокимликдан шунақа сигнал бўлди, деб айтишди. Булар қўрқиб қолишган кўринади, хабар матбуотга чиқиб кетганидан”, - деди исми очиқланмаслигини истаган элликқалъалик шифокор.

Элликқалъа тумани Бўстон шаҳридаги марказий шифохона бош врачи Зиёвиддин Раҳимов Озодлик билан суҳбатда ҳамшира ва санитарларни яганага олиб чиқиш ҳақида туман ҳокимлигидан таклиф бўлгани, лекин кутилмаганда 27 май куни бу "кўнгилли тадбир" тўхтатилганини тасдиқлади.

Шунақа таклиф бўлган эди, агар хоҳловчилар бўлса, пул топаман дейдиганлар бўлса¸ чиқса ихтиёри¸ деган гап бўлди. Кейин отказ бўлди бу. Ҳозир ҳамма медсестра, санитарларимиз иш жойида, 100 фоиз иш жойида”, - деди Зиёвиддин Раҳимов.

"Мажбурий меҳнат таҳдиди тугагани йўқ"

Озодлик билан суҳбатда бўлган элликқалъалик шифокорлар яганага чиқиш ихтиёрий бўлмагани, ҳали ҳам ҳокимлик шифокорларни мажбурлаб дала ишларига чиқариш аҳдидан тўлалигича қайтмаганини айтишди.

Бизда ихтиёрий деган нарса йўқ. Ихтиёрий бўлса ким чиқади? Мажбурий ҳаммаси. Булар хабарлар матбуотга чиқиб кетишидан қўрқиб туришибди, холос. Лекин яширинча ими-жимида, чиқаришмоқчи, чунки қишлоқда ўтоқ қиладиган одам йўқ, ўқитувчилар ва медработниклардан бошқа одам йўқ”, - дейди элликқалъалик шифокор.

Тиббиёт ходимлари яганага чиқарилгани юзасидан Озодлик мухбири 27 май куни Элликқалъа тумани ҳокимлигига қўнғироқ қилган эди.

Халқаро ташкилотларнинг мажбурий меҳнатга қарши курашиш ҳақидаги тинимсиз чақириқлари ва ҳукумат тақиқига қарамай, Ўзбекистоннинг айрим вилоятларида бюджет ташкилотлари ходимлари ғўза чопиғи ва яганага жалб қилиниши ҳар йили кузатилади.

Ғарб давлатларидаги ҳуқуқ ҳимоячилари¸ бизнес ва инвестиция гуруҳларидан тузилган Cotton Campaign коалицияси 2010 йили болалар ва мажбурий меҳнат эвазига терилган ўзбек пахтасига бойкот эълон қилган ва бу бойкотга умумий капитали 1 триллион долларга тенг бўлган Nike, Zara, GAP, Levi's, H&M, UNIQLO каби йирик кийим-кечак ва тўқимачилик ширкатлари қўшилган эди.

Ҳозирда Ўзбекистонда болалар меҳнатидан фойдаланиш тугатилган, лекин фаоллар мажбурий меҳнат давом этаётганини айтишади.

Ўтган йили инсон ҳақлари фаоллари хусусан, Тошкент, Самарқанд ва Қашқадарё вилоятларида ўқитувчи ва шифокорларнинг пахта теришга мажбурланганига оид далилларни тўплашганди.

26 май куни ўзбекистонлик бир гуруҳ инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари, жумладан Инсон ҳуқуқ ҳимоячилари альянси¸ Ўзбекистонда мажбурий меҳнат давом этаётгани сабаб¸ ўзбек пахтасига бойкот ўз кучида қолдирилиши талаби билан чиқди.

Ўзбекистон Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори ўринбосари Саида Мирзиёева 16 май куни Facebook саҳифасида қилган баёнотида тиббиёт ходимлари ва ўқувчилар ва ўқитувчиларнинг мажбурий меҳнатга жалб этилишини "баркамол авлодни тарбиялашда энг кўп ташвишга солаётган беш муаммонинг бири" сифатида тилга олган эди.

XS
SM
MD
LG