Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 13:47

Ҳашарчиларни чопиққа олиб кетаётган юк машинаси ағдарилди


Пахта чопиқ
Пахта чопиқ

Жиззах вилоятининг Зомин туманидан Жиззах туманига пахта чопиғига олиб келинаётган ҳашарчилар минган юк машинаси якшанба куни аварияга учради. Ҳашарчиларнинг бортга суяниши оқибатида 23 киши юкланган УАЗ русумли кичик юк автомобили бурилишда ағдарилиб кетган. Бу фалокатда бир неча киши оғир тан жароҳати олгани айтилади. Уларнинг орасида вояга етмаган болалар ҳам бор.

Якшанба куни Жиззах туманининг Равот қишлоғидан ўтаётган УАЗ русумли кичик юк машинаси йўлдан чап томонга бурилаётганда ағдарилиб кетган.

Авария оқибатида машина бортида бўлган 23 кишидан уч киши оғир аҳволда касалхонага ётқизилган. Қолганларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатилиб, уйига жавоб берилган.

Бу ҳақда хабар берган жиззахлик манбага кўра, техника хавфсизлигига риоя қилинмаган ҳолда, УАЗ кичик юк машинаси бортига одам юкланган:

“Бу ҳашарчилар Зомин туманининг Қангли деган қишлоғидан. Ҳокимиятнинг буйруғи билан маҳалладан Зарбдор туманига чопиққа мажбурий олиб келинаётган одамлар бўлган. Уларнинг орасида беш-олти нафар вояга етмаган ёш болалар ҳам бўлган. Менимча ота-оналар ўзлари ўрнига болаларини жўнатган. Бир ҳашарчининг қовурғалари синиб кетган, яна иккиси бошидан оғир жароҳат олган. Ҳозир улар туман касалхонасига ётқизилган”, деди манба.

Зарбдор тумани ҳокимлигининг исми сир қолишини сўраган мулозими ҳашарчилар аварияга учраганини тасдиқлади:

“Ҳозир пахтанинг аҳволи жуда ҳам ёмон. Роса ўт босиб кетган. Вилоят ҳокимининг буйруғи билан пахтаси йўқ тоғли туманлардан ҳашарчилар юбориш маҳаллий ҳокимларга юкланган. Бизга эса Зоминдан келишяпти. Аслида юк машинасида одам ташиш умуман мумкин эмас. Лекин пахтага деса ГАИ ҳам, мелиса ҳам индамайди. Ўтин босгандай қилиб, босиб олиб келаверишади. Бу авария ҳам шундай бўлган. УАЗик кичкина бир мошина бўлса, 23 одамни қандай сиғдирди, биз ҳам ҳайронмиз. Одамлар Зоминдан тик туриб келишганда. Шофер бурилишда рулни қаттиқроқ бурворган шекилли, одамларнинг оғирлиги бир томонга босилиб, мошина ағдарилиб кетган”, деди ҳокимлик мулозими.

Шу кунларда ғўзани ўт босгани боис Ўзбекистоннинг пахтакор минтақаларида бюджет ташкилотлари ходимлари, ўқитувчи, шифокорларни пахта чопиғига мажбуран сафарбар этиш ҳолатлари кўп учраяпти.

Май ойидаТошкент вилояти Ангрен шаҳридаги ташкилот ва корхоналарнинг ишчи-хизматчилари ҳам ғўза чопиғига мажбуран ҳайдалган, чопиққа чиқмаганларга ишдан ҳайдаш билан таҳдид қилинган эди. Шунингдек, айрим ташкилотлар ишчилари чопиқ учун ўрнига одам ёллашга мажбурланаяпти.

XS
SM
MD
LG