Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 01:26

Қашқадарёда Президент қарорига биноан аҳолига қўй тарқатган тадбиркор банклардан пулини ололмаяпти


Баҳодир Раҳимов банкларнинг шу қарорга асосланган кафолат хатига ишониб шу йилнинг апрель ва май ойлари уч мингдан ортиқ қўйни Китоб ва Косон туманидаги оилаларга тарқатганини айтди.
Баҳодир Раҳимов банкларнинг шу қарорга асосланган кафолат хатига ишониб шу йилнинг апрель ва май ойлари уч мингдан ортиқ қўйни Китоб ва Косон туманидаги оилаларга тарқатганини айтди.

Қашқадарёлик Баҳодир Раҳимов шу йилнинг апрель-майида тумандаги уч юздан ортиқ фуқарога уч мингдан ортиқ қўй тарқатган. "БЁНБЗУ" фермер хўжалиги раҳбари бу ишни Ўзбекистон президентининг ҳар бир оилани тадбиркор қилиш кўзда тутилган қарори асосида қилганини айтди.

Фермернинг Озодликка айтишича, қўйларни тарқатаётганида пулини уч кун ичида тўлашга кафолат берган банклар тўловнинг деярли ярмини тўламай, олти ойдан буён сарсон қилмоқда.

Фермер Баҳодир Раҳимовнинг иддаосича, Қашқадарёдаги 8 та банк унинг қарийб 800 миллион сўм пулини шу пайтгача тўламаган.

- 15 декабрь ҳолатигача Китоб тумани "Микрокредитбанк"и 294 миллион 708 минг сўм, Китоб "Агробанк"и 180 миллион 290 минг сўм, "Халқ банки" 142 миллион 460 минг, Косон тумани "Агробанк"и 155 миллион 220 минг тўламади. Ҳаммасини қўшиб ҳисобласа 800 миллионга яқин пул бўляпти. Бу умумий тўловнинг қарийб учдан биридир - дейди Раҳимов.

Ўзбекистон президентининг 2019 йил 7 март кунги "Ҳудудларда аҳолини тадбиркорликка кенг жалб этиш ва оилавий тадбиркорликни ривожлантиришга доир қўшимча чора тадбирлар" тўғрисидаги қарорида чорвачилик ёки бошқа фаолият билан шуғулланиш, фаолият турини кенгайтириш истагини билдирган аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига йиллик 8 фоиз ставкада 3-6 ойгача бўлган имтиёзли давр билан 3 йилдан кўп бўлмаган муддатга кердитлар бериш кўзда тутилган.

Баҳодир Раҳимов банкларнинг шу қарорга асосланган кафолат хатига ишониб шу йилнинг апрель ва майида таъминотчиликни бўйнига олган холда уч мингдан ортиқ қўйни Китоб ва Косон туманидаги оилаларга тарқатганини айтди.

Банк "қўйни берасан, уч кун ичида пулингни ўтказиб берамиз", деган-да. Шунга ишониб қўйларни ўз қўлим билан тарқатиб чиққанман.

- Банк "қўйни берасан, уч кун ичида пулингни ўтказиб берамиз", деган-да. Шунга ишониб қўйларни ўз қўлим билан тарқатиб чиққанман. Ҳар бирини тарозида ўлчаб, тирик вазндаги ҳар килосига 28-30 минг сўмдан келишилганди. Кам таъминланган оилаларга 25 минг сўмдан ҳам келишганмиз. Расмга тушириб, ҳар бирини ҳужжатлаштириб олишган. Мана олти ой ўтди банклар ҳалигача тўловнинг ярмини чўзиб юрибди. Бу менга зарарига бўляпти, чунки мен қўйларни Қозоғистондан валютага олиб келганман, доллар курси эса тушяпти, - дейди Раҳимов.

"Ипотека банки"нинг Китоб туманидаги бўлими ходими ресурс йўқлиги сабаб кредитлар бериш кечикаётганини Озодликка айтди:

- Биз қўй олган фермер номига 8 фоизлик кредитни 3 йилга расмийлаштириб, қанча қўй олган бўлса шунчасини пулини қўй таъминотчи ҳисобига ўтказиб берамиз. Пулнинг катта қисми тўлаб бўлинган. Қолгани январнинг ўрталарига тўланади.

Китоб туманилик фермер Жавоҳир Умаров "БЁНБЗУ" фермер хўжалигидан май ойида 22 та қўй олгани, лекин "Ипотека банки" ваъда қилган 30 миллион сумлик кредитни ажратишни пайсалга солиб келаётганини Озодликка айтди.

- Январь ойининг ўрталарига тушириб берамиз, шунгача ўзларинг келишиб туринглар деяпти. Бу йил ҳисобига пул тугабди эмиш. Бундан олдин ноябрга тушириб берамиз, дейишган. Агар кредит беришмаса билмайман, нима бўлади.

Аммо Жавоҳир Умаров кредит ололмаса насияга олган қўйларни таъминотчига қайтармоқчи эмас.

Олти ойда бу қўйлар семирди. Иккитаси болалади. Олганимда озғин қўйлар эди. Едириш, ичиришга, докторига 9 миллион сўм пул сарфладим, меҳнатим кетди. Мен қўйларни қайтаролмайман.

- Олти ойда бу қўйлар семирди. Иккитаси болалади. Олганимда озғин қўйлар эди. Едириш, ичиришга, докторига 9 миллион сўм пул сарфладим, меҳнатим кетди. Мен қўйларни қайтаролмайман.

Китоб туманилик исми айтилишини истамаган бошқа бир фермер ҳам 30 миллион сўм кредит расмийлаштиргани, эвазига "БЁНБЗУ" фермер хўжалигидан 23 бош қўй олганини айтиб, уни ҳам шу муаммо ўйлантираётганини айтди:

- Таъминотчи келиб, пулни тўламасанг қўйларни олиб кетаман дейди. Менинг боққан харажатларимни унда ким тўлайди?

Озодлик кредитлар кечиктирилаётгани ҳақидаги шикоятлар юзасидан изоҳ олиш учун Китоб туманидаги "Микрокредитбанк", "Агробанк" ва "Халқ банки"га ҳам қўнғироқ қилди.

"Микрокредитбанк" ходими "БЁНБЗУ" фермер хўжалиги тарқатган қўйлар бўйича кредитлар ўтказиб бўлинганини айтди.

- "БЁНБЗУ" бўйича ҳисобни ёпганмиз, пулнинг ҳаммасини ўтказганмиз.

Бошқа банклардан Озодлик 26 декабрь, куннинг иккинчи ярмигача изоҳ ололмади.

XS
SM
MD
LG