Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 00:53

Ўзбекистон қамоқхонасидаги икки VIP маҳкум қийноқлар ҳақида хат чиқарди


Отасининг даврида қамоққа ташланган Гулнора Каримова Мирзиëев даврида ҳам жазо ўтамоқда
Отасининг даврида қамоққа ташланган Гулнора Каримова Мирзиëев даврида ҳам жазо ўтамоқда

Ўзбекистон биринчи президентининг Тошкентдаги 21-сонли жазони ижро этиш муассасасида жазо ўтаëтган қизи, 49 яшар Гулнора Каримова мактуб чиқариб, ўзининг “мунтазам қийноққа тутилгани"ни шеърий мисраларда баëн қилган.

Хат Гулнора Каримованинг қизи Имон Каримова тарафидан ўн кун олдин очилган Telegram каналида эълон қилинди.

Имон Каримова
Имон Каримова

Имон Каримованинг иддаосига кўра, “малява”ни яқинда қамоқдан озод этилган “жасур” аëл олиб чиққан.

Мирзиëев давридаги яна бир VIP маҳкум, 2018-2019 йилларда Давлат Хавфсизлик Хизмати раиси бўлиб ишлаган ва коррупция ҳамда мансабни суиистеъмол қилиш айблари билан 18 йилга қамалган Ихтиëр Абдуллаев ҳам қамоқдан хат чиқариб, ўзининг қийноққа солинганини иддао қилган.

Ихтиëр Абдуллаев
Ихтиëр Абдуллаев

Аввалига блогер Улуғбек Ашур канали, кейин эса Би-би-си Ўзбек хизматига гапирган Абдуллаевнинг отаси ва ўғли Ихтиëр Абдуллаевнинг қамоқдаги қийноқ ҳамда ëмон муомала ортидан саломатлиги ёмонлашганлигини иддао қилишган.

10 март куни Озодлик бу иддаолар юзасидан Гулнора Каримова жазо ўтаëтган умумий тартибли 21-сонли аёллар колонияси бошлиғи Гулҳаë Каримова ҳамда Ихтиëр Абдуллаев билан бирга жазо ўтаган собиқ маҳбуслар билан суҳбатлашиб, мавзуга ойдинлик киритди. Озодлик суҳбатдошларининг фикрича¸ жазони ўтаëтган VIP маҳкумларга бошқа маҳкумларга нисбатан "яхшироқ шароитлар яратилган".

Озодлик гаплашган Бош прокуратуранинг исми очиқланишини истамаган мулозими Ўзбекистон қамоқхоналарида VIP камералар ва алоҳида муомала кўрсатиладиган вип-маҳкумлар ҳам йўқлигини таъкидлади.

“Бу ерда ҳамма нарса қийноқ устига қурилган”

Гулнора Каримованинг қизи Имон Каримова юритаëтган Telegram каналида 10 март куни қўйилган қисқа матнда 8 март муносабати билан озод қилинган собиқ маҳкумалардан бири Гулнора Каримовадан мактуб олиб чиққани иддао қилинади. “Яқинда КИН-21дан озод қилинган жасур аëл шарофати билан Гулнора Исломовна ҳақида хабар ва унинг саломатлиги борасида маълумот олдик. Шунингдек, мана бу шеър ëзилган мактубни ҳам олдик. Афсуски, Гулнора Исломовна билан бошқа ҳеч қандай алоқа йўқ. Биз ëзган мактубларни унга беришмаяпти. Адвокат қўйилмади. Телефон суҳбатига ҳам изн йўқ. Бу шеър унинг ҳис-туйғулари изҳоридир. Ўзбекистон турмаларидаги аҳвол одам тассаввур қилолмайдиган даражада ëмон. Жазо ўтаганлар нима азоблар ичидан ўтганини ўзлари билишади. Чунки Ўзбекистонда қонун устуворлиги йўқ.”

Бу кириш сўзига Гулнора Каримованики деб айтилган ва рус тилида ëзилган 14 мисра шеър илова қилинган.

“Бу ерда сени ҳақоратлашар тинмайин” дея бошланган шеър “Бу ерда ҳамма нарса қийноқ устига қурилган. Сени ҳар куни, ҳар он, ҳар сония қийнашар” деган сатрлар билан давом этади ва “Бу ерда қонунлар топталмоқда. Бу қонунларни ҳеч ким ўқимаган ҳеч қачон. Топташар ҳар он. Оддий инсонликнинг ҳаёт тарзини¸одамнинг одамлигини ер билан бир қилишади бу ерда!!!” деган мисралар билан якунланади. (Бу ва бошқа таржималар мақола муаллифига тегишли)

Озодлик Гулнора Каримовнинг маданиятга оид тадбирларида у билан бирга бўлган, аммо исми айтилишини истамаган санъатшуносга бу шеърни кўрсатди.

Суҳбатдош шеър ритми ва сўзлар тузилишига қараб, “ҳа, буни Гулнора ëзган¸ кошки ëзмасайди”, - деди.

Расман: Қийноққа тутилмаган

Озодлик Гулнора Каримова ўз шеърий сатрларида “қийноққа тутилганини” иддао қилган умумий тартибли 21-сонли аёллар колонияси бошлиғи Гулҳаë Каримова билан боғланди.

Қамоқхона бошлиғи маҳкумалар¸ хусусан, Гулнора Каримовага нисбатан қонунда белгиланмаган ҳеч бир ҳаракат қилинмаганлигини таъкидлади.

“Албатта, Гулнора Каримова ҳақида ëзиш журналист ўлароқ сизнинг ҳуқуқингиз. У қийноққа тутилмагани ва жазони ўташ шароити қонунда белгилангандай, деган гапимга ишонмасангиз, менинг бевосита раҳбарларим- Жазони ижро этиш Бош бошқармасидан қайта сўрашингиз мумкин”.

Жорий ой бошида Гулнора Каримова билан 20 ой бирга ўтирган собиқ маҳкума Мавлуда Ҳакимова маҳаллий блогерлар билан суҳбатда “Гулнора Каримованинг бошқа маҳкумалардан кўра яхшироқ шароитда экани” ва “егани олдида, емагани орқасида” эканлигини таъкидлаган эди.

Жорий ой бошида 21-сонли аёллар колониясини махсус комиссия таркибида бориб кўрган ҳуқуқ фаоли Абдураҳмон Ташанов ҳам Гулнора Каримованинг қийноққа тутилганига ишонмайди:

“Қамокхонада қийноқ бўлиши мумкин, аммо Гулнора Каримовага нисбатан қийноқ қўлланилишига ишонмайман. Ҳар ҳолда, алоҳида эътибордаги маҳкума. Омбудсман бир неча марта кириб чиқди, инсон ҳуқуқлари бўйича комиссия доимий кириб турибди жентурмага. Бундай вазиятда Гулнорага қийноқ қўлланилиши мумкинмас. Эҳтимол, турма унинг аввалги аётига қиёслаганда хақиқатан дўзахдир, аммо қонун барчага баробар.”

Бировга раво кўрилмайдиган маскан

Гулнора Каримова қамоқдан чиқарган мактубига илова қилинган шеърда жазо ўташ маскан манзарасини чизилади:

”На фарëдинг, на додингдан авлодинг бехабардур тоабад. Кимса сасин чиқармас бу ерда,

Виждони ўлмаган¸ шарафи сўнмаган¸ танҳоларнинг қамоқ муддатини чўзишар бу ерда”.

Бир пайтлар биринчи президент қизининг оммавий маданий тадбирларида унга ҳамроҳлик қилган таниқли санъатшунос назарида, Гулнора Каримова ëзган сатрлар реал воқеликдан кўра кўпроқ ички туғëнлар изҳори:

Инсон фарëдига кимса эътибор бермас¸ Хашаротга айлантирилган Ҳазрати Одам,

Бу ерда саноқли одам Тангрига инонар. Бу ерда сотқинлик арвоҳи подшоҳлик қилар

Ҳисобсиз одамнинг ҳаëти қамишдай синган ва улар юзтубан қулашга мажбурланаëтир,

Бу ерда инсонлик ëнмоқда. Инсон юзидан томиригача суғурилмоқда инсоний қиëфа,

Бу ерда шараф ва ғурурингдан мосуво қилишар. Буткул адо бўлгунингча пажмурдаликда,

Бу ерда ҳар одам бўйнида нархнома. Фақат рақамлар бу салтанатда султонлик қилар,

Фақат саноқли одамлар ит бўйинбоғини шарафсизлик учун боғламай қўйган бу ерда.

Гулнора Каримова билан 20 ой бирга ўтирган Мавлуда Ҳакимова аввалига қамоқхона шароитларини мақтагандай бўлса ҳам, суҳбат ўртасида кўзига ëш олиб “Ҳеч кимни у ерга раво кўрмайман¸ ҳеч кимни. Ҳеч бир аëл кишини у ерга боргулик қилмасин. Ҳеч қачон. 20 ой ўтирдим. Ҳеч кимни у ерга раво кўрмайман” , - дея афсус билан таъкидлайди.

"Энг катта порахўр"

Британиялик криминология профессори Кристиан Ласслеттнинг ёзишича,¸ Гулнора Каримованинг жинояти мутлақо ўз исботини топган ва у тўғри жазо ўтамоқда:

“Далиллар Каримова яхши уюштирилган синдикатнинг рэкетчилик фаолияти Ўзбекистоннинг ижро этиш, қонун чиқариш ҳамда миллий хавфсизлик тармоқлари орқали амалга оширилишини назорат қилиб турганини кўрсатади”.

Ўтган йили эълон қилинган суриштирув муаллифларининг таъкидлашича, Каримованинг жиноий синдикатидаги ёрдамчи ва югурдакларнинг аксари юқори лавозимли расмийлар бўлган. Бу шахслар Каримова можароси оммага аён бўлганидан кейин ҳам юқори лавозимларда ишлашда давом этмоқда.

АҚШ Адлия вазирлиги ҳузуридаги прокуратура идорасининг Нью-Йорк жанубий ҳудуди бўйича прокурори 2019 йилнинг 7 март куни Гулнора Каримовага нисбатан расмий айбловларни эълон қилган эди.

Каримова қарийб 10 йил давомида турли молиявий схемалар орқали акциялари АҚШ биржасида сотувга қўйилган уч йирик халқаро телеком ширкати – TeliaSonera, VimpelCom ва МTCдан жами 865 миллион доллар пора олганликда айбланади.

Адлия вазирлиги баëнотида таъкидланишича¸ Каримова АҚШнинг хориждаги коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги қонунига кўра, ҳозирга қадар энг катта пора олганликда айбланган шахсдир.

Қамоқхонада гуппи тикаëтган ДХХ раиси

Давлат Хавфсизлик Хизмати (ДХХ)га 2018-2019 йилларда раҳбарлик қилган Ихтиёр Абдуллаевнинг яқинлари ҳам махсус хизматлар ва куч тизимларининг собиқ раҳбари қийноққа солинганини иддао қилди.

Рашитжон Қодиров ва Ихтиёр Абдуллаев Мирзиёев ҳокимиятга келгач коррупция айблари билан қамоққа ташланган мулозимлардан
Рашитжон Қодиров ва Ихтиёр Абдуллаев Мирзиёев ҳокимиятга келгач коррупция айблари билан қамоққа ташланган мулозимлардан

Яқинларининг иддао қилишича, Абдуллаев бир муддат темир қафасда сақлангани ва қамоқхонадаги ëмон шароитлар боис саломатлиги ёмонлашган.

Ўғли Азиз Абдуллаевнинг Би-би-сига айтишича, жорий йил январида отаси Президент Мирзиёев номига 27 варақлик хат битиб, унда ўзига қўйилган барча айбларни «эпизодма-эпизод» рад қилган. Аммо оиланинг ишонишича, хат манзилга етиб бормаган, Абдуллаев эса жазо тариқасида карцерга ташланган.

Озодлик Ихтиëр Абдуллаев билан бирга жазо ўтаган собиқ маҳкум билан гаплашди. Бу маҳкумга кўра¸ “охирги пайтда Абдуллаевнинг қамоқдаги шароити яхшиланган ва у бошқа маҳкумлар орзу қиладиган енгил иш “тикув машинасида гуппи (пахталик нимча) тикиш ишига ўтказилган. Маҳкумнинг сўзларига кўра, Ихтиëр Абдуллаев тикувчилик ҳунарини яхши ўзлаштириб, чеварликда бошқа махкумларга ўрнак бўлган.

2019 йилнинг 27 сентябрида Ўзбекистон Ҳарбий суди Ихтиёр Абдуллаевни, куч тизимларининг қатор бошқа зобитлари билан бир қаторда, йирик миқдордаги порахўрлик, ўз мансабини суиистеъмол қилиш ва товламачиликда айбдор, деб топиб, 18 йилга озодликдан маҳрум қилган эди.

Ёпиқ маҳкама тафсилотлари давлат сирлари важидан матбуот ва жамоатчиликка ошкор қилинмаган. Аммо суддан аввал интернетда шов-шувга сабаб бўлган мақолаларда Абдуллаев ўзига ишонган шериклари билан Президент Шавкат Мирзиёев ва оиласи ортидан кузатув ўрнатишда айблангани иддао қилинганди.

Мирзиëевнинг VIP маҳкумлари

Тошкент вилоятининг Зангиота туманида жойлашган ҳууқуқни муҳофаза қилиш органларининг собиқ ходимлари сақланувчи махсус колониядан яқинда озодликка чиқарилган маҳкумлардан бири айни муассасадан ДХХ раисининг собиқ ўринбосари, генерал Ҳаёт Шарифхўжаевнинг 2020 йил декабрида озод қилинганини айтди.

“Суд томонидан 6 йилга озодликдан маҳрум қилинган Шарифхўжаевга қўйилган ЖКнинг 301-моддаси 2-қисми 1-қисмга қайта малакаланиб, муддати қисқарди ва озодликка чиқарилди”, деди собиқ маҳкум.

Шунингдек, собиқ маҳкум ДХХ собиқ раиси Ихтиёр Абдуллаевнинг саломатлиги яхши экани, унинг тикув цехига шу йил февраль ойи ўрталарида олинганини таъкидлади. Собиқ Бош прокурор Рашитжон Қодиров эса, тез-тез тиббиёт бўлимида қон босими туфайли даволанмоқда. Собиқ маҳкумнинг сўзларига кўра, Қодиров колонияда деярли ҳеч ким билан мулоқот қилмайди.

“Бу турдаги номдор маҳкумларга қийноқлар қўлланилмайди. Уларга бу ерда ўтиришнинг ўзи қийноқдир”, - дейди собиқ маҳкум Озодликка исмини очиқламаслик шарти билан.

Ўзи қазган чуқурга тушганлар

Озодлик билан суҳбатда бир пайтлар Гулнора Каримованинг тадбирларида у билан ëнма-ëн ўтирган ва бугун "уялганидан" исми зикр этилмаслигини сўраган санъатшунос ўзбек қамоқхоналарида ўтирган собиқ элита мансубларига нисбатан қалбида эмпатия йўқлигини айтади:

“Улар бу тизимни ўзлари яратди. Аргентиналик ëзувчи Хулио Кортасар асари қахрамони қийноқ машинаси яратади ва ўзи шу қийноқ машинаси қурбонига айланади. Қиссадан ҳисса: қийноқ машинасини яратманг. Бу гапни мен бугун ўзини малика бўлишга чоғлаëтган янги тўнғич қизлар ва чексиз ҳокимиятдан маст амалдорларга айтаман”, - дейди ўзбекистонлик санъатшунос.

Ўзбекистон қамоқхоналари Каримов бошқаруви даврида шафқатсиз қийноқлар билан ном чиқарган. Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ўзбек ҳуқуқ-тартибот идоралари ва махсус хизматлари қийноқлар учун масъул эканини айтиб, қийноқ қўлловчиларни жазога тортиш чақирган.

Мирзиёев ҳокимиятга келиши ортидан ҳуқуқ фаоллари қамоқхоналарда, хусусан, Каримов даврида энг кўп қийноқ қурбонлари бўлган диний-сиёсий айблар билан қамалганларга нисбатан қийноқлар билан боғлиқ хабарлар камайганини қайд этишган. Аммо ҳуқуқ фаолларига кўра, тергов ҳибсхоналари ва жазони ўташ муассасаларида қийноқлар ҳануз давом этмоқда.

Президент Мирзиёев ўз чиқишларида қийноқларга барҳам беришга чақирган, аммо унинг шахсан ўзи "президент ва давлатга қарши хиёнат"да айблаган қатор собиқ куч тизимлари мулозимларига нисбатан адолатли маҳкамани таъминлашга чақирмаган. Таҳлилчилар президентнинг бу каби чиқишлари адолатни қарор топтириш уринишидан кўра кўпроқ қасос ҳаракатига ўхшаб кетишини айтадилар.

XS
SM
MD
LG