Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 21:43

Қирғизистон Ўзбекистондан олиб қўйган пансионатларни хусусий инвесторларга бермоқчи


Иссиқкўлдаги дам олувчилар.
Иссиқкўлдаги дам олувчилар.

Қирғизистон ҳукумати 2016 йилда Ўзбекистондан олиб қўйган Иссиқкўлдаги пансионатларни хусусий инвесторларга беришни режалаштирмоқда.

2017 йили Ўзбекистон ушбу пансионатлар юзасидан даъво аризаси билан Халқаро арбитраж судига мурожаат қилган эди. Аммо ҳозиргача бу жараён қандай кечаётгани тўғрисида Ўзбекистон томони информация бергани маълум эмас.

Қирғизистон ҳукумати Ўзбекистон Совет давридан бери ишлатиб келган ва Ўзбекистон мулки ҳисобланган 4 пансионатни 2016 йилда ўз тасарруфига олиб қўйган эди.

Иссиқкўлдаги “Олтин қум”, “Роҳат” ва “Дилором” пансионатларини ҳусусий бошқарувга бериш режалаштирилаётгани ҳақида Давлат мулкини бошқариш фонди раиси Жилдиз Исакулов Бишкекда ўтган матбуот анжуманида билдирди.

Жилдиз Исакулов мазкур пансионатлар биноларининг эскирганини, уларни замонавийлаштириш кераклигини айтаркан, деди:

“Ростдан ҳам “Роҳат”, “Дилором” ва “Олтин қум” пансионатларида биноларнинг ахволи ёмон, Мазкур пансионат бошқарувчиларининг айтишларича, гўёки уларга биноларни шу аҳволда қолдиришган ва улар ташқи инвестициясиз вазиятни ўзгартириша олмайди”.

Уч пансионатни ишончли бошқарувга бериш ёки давлат-ҳусусий шериклик лойиҳасини амалга ошириш масаласи ҳозирда Иқтисодиёт вазирлиги ва Молия вазирлиги билан ҳамкорликда ўрганилмоқда.

2016 йил 4 апрелида Ўзбекистон билан муносабатлар ёмонлашгани ортидан Қирғизистоннинг ўша пайтдаги бош вазири Темир Сариев Иссиқкўлдаги Ўзбекистонга қарашли “Дилором”, “Роҳат”, “Олтин қум” ва “Бўстон” пансионатларини Қирғизистон ихтиёрига ўтказиш тўғрисида қарор чиқарганди.

Бу қарордан сўнг Қирғизистон Давлат мулкини бошқариш жамғармаси масъули Бишкек пансионатлар учун Тошкентга товон пули тўламаслигини билдирган.

Мазкур қарор қабул қилинишига 2016 йилнинг 18 март куни Ўзбекистон Қирғизистон билан баҳсли бўлиб турган Чаласарт ҳудудига ҳарбий техника ва аскар киритгани ортидан икки давлат ўртасидаги муносабатлар кескинлашган эди. Вазият 26 март куни Чаласартдан ўзбек аскарлари ва ҳарбий техникаси олиб чиқиб кетилганидан сўнг юмшаган.

Дам олиш жойлари номлари ҳам қирғизчалаштирилиб, “Роҳат” – “Алтин жай”, “Дилором” – “Эне-Сай”, “Олтин қум” – “Бостери” деб ўзгартирилган. “Бўстон” пансионатининг номи эса ўзгартиришсиз қолган эди.

2017 йили Ўзбекистон ушбу пансионатлар юзасидан даъво аризаси билан Халқаро арбитраж судига мурожаат қилган. Аммо ҳозиргача бу жараён қандай кечаётгани тўғрисида Ўзбекистон томонидан маълумотлар берилмаяпти.

2017 йилнинг 12 декабрида парламентда чиқиш қилган Қирғизистон Бош вазирининг ўша пайтдаги ўринбосари Дайир Кенекеев ушбу масалани келишувлар йўли билан ҳал қилиш ҳаракатлари бўлаётганини айтганди:

"Биласизки, Қирғизистон бу объектларни қайтариб олгач, Ўзбекистон АҚШдаги халқаро арбитражга мурожаат қилди. Ҳозирда ушбу иш судда кўрилмоқда. Қирғизистон ҳукумати ушбу муаммони ҳуқуқий асосларда ҳал бўлишидан умидвор", - деган эди Кенекеев.

XS
SM
MD
LG