Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 07:17

Ўзбек блогерлари: Тўй бошловчисидан имомгача - хайриячилар


Наманганлик блогер Мансурбек (Mansurbek UZ) (ўнгда) унинг ёрдамига муҳтож аёл билан.
Наманганлик блогер Мансурбек (Mansurbek UZ) (ўнгда) унинг ёрдамига муҳтож аёл билан.

Шавкат Мирзиёевнинг ҳокимиятга келиши ортидан Ўзбекистонда ижтимоий тармоқларнинг аҳамияти ошди. Анъанавий матбуот ҳануз Каримов давридагидан унча кўп фарқ қилмас экан, тармоқлар Ўзбекистонда охирги тўрт йилда бошланган танқидларнинг "локомотиви"га айланган.

Мирзиёевнинг ўз чиқишларида блогерлар фаолиятига урғу бериши соҳа вакилларини ижтимоий ҳаётнинг олдинги сафларига чиқарди. Аммо Ўзбекистондаги ҳокимиятнинг ўзи сингари блогерлик фаолияти ҳам шаффоф ва зиддиятлардан холи, деб бўлмайди.

Блогерларнинг қизиқиши ва фаолияти ранг-баранг бўлгани каби, уларга нисбатан ҳокимият ва қонун чиқарувчи ҳамда ҳуқуқ-тартибот идораларининг муносабатлари ҳам турлича. Сўнгги пайтларда парламентдаги алоҳида партиялар ижтимоий тармоқларда сўз эркинлигини чеклаши айтилаётган қонунчилик ташаббусларини ҳам илгари сурди.

Президент Мирзиёев блогерларни ҳақиқатни баралла ва кўрқмасдан айтишга даъват қилиб турган бир пайтда Сурхондарёда коррупцион ҳолатларни фош қилувчи чиқишлари билан танилган блогер Отабек Сатторий ҳибсга олинди ва қамоққа ташланди. 1 март куни ИИВ товламачиликда айбланаётган 41 яшар Сатторийга қарши Жиноят кодексининг яна икки банди билан айблов эълон қилгани билдирилди. Озодлик ўзбек сегментидаги блогерлар фаолиятига яқиндан назар ташлашни хайриячилик фаолияти билан танилган блогерлардан бошлади.

“Блогернинг материали Ютубда эълон қилинганидан кейин қурилиш материаллари ташувчи ҳайдовчилар билан йиғилиш ўтказилди. Шу кунда уларнинг ҳаммаси ишлаяпти. Муаммо ҳал бўлди”. Бу маълумотни Озодлик 2 март куни Самарқанд туманидаги қурилиш материаллари бозори раҳбариятидан олди.

Самарқанддаги Ёғоч бозорда ишловчи ўнлаб ҳайдовчиларнинг норозилик акциясидан репортажни бундан бир ҳафта олдин қашқадарёлик блогер ўзининг Ютьюб-каналида ёритган эди.

Самарқандлик ҳайдовчилар акциясини ёритган блогер ўз мухлисларига, асосан, хайрия фаолияти билан таниш. Бундай фаолият билан шуғулланадиган ўзбек блогерлари кейинги бир йил ичидаёқ 10 га яқин муҳтож оилага уй қуриб берди.

Қашқадарёлик блогер Оташ Алемдар Самарқанд вилоят, Самарқанд туманидаги қурилиш материаллари бозорида (“Ёғоч бозор”) суратга олган видео эълон қилинганидан бери ўтган бир ҳафтада 205 586 марта кўрилди.

Блогер ёритган жанжал

Видеода шу бозордан харидорлар юкини ташийдиган ҳайдовчиларнинг Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматидан норозилиги акс этган.

“Яқиндан бери ишлаб бўлмай қолди. Габаритни буздинг, деб ҳадеб жарима солаверишади. Бир солганда 5 оклад солади. Бир ойда икки-уч марта ҳам солишади. Машиналаримиз Москвичу Волга. Биз жарима тўлаймизми ё оила боқамизми?!”

Бу гапни қарийб 20 дақиқалик видеода ҳайдовчиларнинг бири қўйиб иккинчиси такрорлайди.

Ҳайдовчилар айтаётган “5 окладли жарима” Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 125-, прим 1-моддасида назарда тутилган. Бу моддага биноан юк ташиш қоидаларини бузганларга базавий ҳисоблаш миқдорининг беш баравари миқдорида жарима солинади.

Шу кунда базавий ҳисоблаш миқдори 245 минг сўмдир. Демак, ҳайдовчига бир марта жарима солинса, у тақрибан 120, икки марта солинса, 240 доллар атрофида тўлаши лозим.

Самарқанд туманидаги қурилиш материаллари бозори директори Суҳроб ака (фамилиясини айтмади) ҳайдовчилар билан гаплашилгани, улар билан бундан буён 6 метрдан узун материал ташимасликка келишилганини билдирди.

“Илгари 12 метрлик арматура ҳам ташир эдилар. Шунинг учун жарима солишар эди”, - деди бозорқўм. Озодлик ҳайдовчиларнинг ўзлари билан боғлана олмади.

Алемдар, Ўринович ва бошқалар

Самарқанднинг Ёғоч бозоридан тайёрланган репортаж мавзуи 398 000 обуначиси бор блогер Оташ Алемдар учун характерли эмас. Алемдар - хайриячи блогерлардан бири, ҳамкасбларининг айтишича, улар орасида ҳатто биринчилардандир.

138 000 обуначчиси бор наманганлик блогер Мансурбекнинг (Mansurbek uz) Озодликка айтишича, Оташ Алемдар ўтган ойда касалликдан 32 ёшида вафот этган блогер Эркин Ўринович (142 000 обуначиси бор эди) билан деярли бир вақтда муҳтож оилаларга уй қуриб беришни бошлаган.

Уйсизларга ёки яшаб турган бошпанаси яроқсиз аҳволга келиб қолганларга уй қуриб бериш билан қашқадарёлик блогер Сирож Ҳофиз (222 000 обуначи), фарғоналик блогер Анваржон Охунов (119 000 обуначи) ҳам шуғулланади.

Шуни айтиш керакки, Анваржон Охунов Фарғона водийсида “блогерлар корпорацияси”ни тузган, дейиш мумкин. 107 000 обунчаси бор “Охунов влог” олиб борувчиси блогер Дилмуроджон, 105 000 обуначиси бор Долина ТВ олиб борувчиси блогер Хотамжон ва яна бошқа 10 га яқин блогер Анваржон Охуновни устоз деб билади, Охунов эса, “ўз шогирдлари” фаолиятини видеоблогларида намойишкорона координациялайди. Охуновни устоз ҳисоблайдиганлар орасида аёл блогерлар ҳам бор.

Блогерлар қураётган уйлар

Оташ Алемдар 2020 нинг декабрида икки бева аёл оиласига иккита уч хонали уй қуриб топширди.

Сирож Ҳофиз жигар циррозидан яқинда вафот этган йигитнинг уйи ва ошхонасини таъмирдан чиқарди, молхона қуриб берди ва куни кеча топширди. Шу кунда у Бухоронинг Ромитанида бир муҳтож оилага уй қурмоқда.

Анваржон Охунов ўтган ойда ўзи яшайдиган Ёзёвон туманида 90 яшар аёлнинг уйини таъмирдан чиқарди, унинг ўғлини бошпанасиз қолган андижонлик аёлга уйлантирди.

Дилмуроджон Ёзёвонда муҳтож оила яшаётган ёпиқни таъмирдан чиқариб, ёнига икки хонали уй қурди, уйни янги мебель билан жиҳозлади. 3 мартда уйни топширмоқчи.

Хотамжон Андижонда “одам боласи яшамайдиган, оғилхонадан баттар жой”да яшаётган оила учун янги уй қурилишини бошлади.

Мансурбек Наманганда, яқинда президент Мирзиёев борган Бунёдкор маҳалласида икки фарзандли бева аёл учун уй қуришни бошлади.

Наманганлик блогер Мансурбек уй қуриб берган аёл (чапда) у ёрдам беришни бошлаган аёлни (ўнгда) йўқлаб келди. Mansurbek uz каналида эълон қилинган видеодан кадр.
Наманганлик блогер Мансурбек уй қуриб берган аёл (чапда) у ёрдам беришни бошлаган аёлни (ўнгда) йўқлаб келди. Mansurbek uz каналида эълон қилинган видеодан кадр.

Хайрия ким ва нима ҳисобидан?

Блогерлар бу ишларни қилар экан, мутлақ ўз томошабинларининг молиявий кўмагига таянади. Асосий аудиторияси бўлган Россиядаги меҳнат муҳожирлари уларнинг лойиҳалари учун пул жўнатади: кимдир 50, кимдир 100 рублдан - ҳар ким қўлидан келганича ёрдам беради.

Фарғоналик блогерлардан фарқли ўлароқ қашқадарёлик блогерлар ўйинга машина тикиб, лотерея ҳам ўтказиб туради. Лотереядан тушадиган фойда, блогерларнинг айтишича, лойиҳаларга сарф бўлади.

Хайриячи блогерлар муҳтожларга уй қуришдан ташқари беморларга ҳам кўмак кўрсатади. Водийлик блогерлар уюштирган молиявий ёрдам ҳисобига шу кунда икки бемор Ҳиндистонда даволанмоқда.

Тўй бошловчисидан тортиб имомгача

Мақоламизда тилга олинган барча блогерларнинг, қашқадарёлик авиамуҳандис Оташ Алемдарни истисно қилганда, маълумоти олий эмас. Бири блогерликка ҳайдовчиликдан келган бўлса, иккинчиси илгари дўконда сотувчи бўлиб ишлаган, учинчиси тўйларда бошловчилик қилган, қўшиқ айтган. Яқинда улар сафига ёзёвонлик имом ҳам қўшилди.

Наманганлик блогер Мансурбек Озодлик саволларига жавоб бериб, блогерликни бошлагунича тикувчилик қилганини айтаркан, бундай деди:

“Асл касбим тикувчилик. 9- синфда ўқиётганимда тоғамга шогирд тушиб, ўшандан бошлаб ёшим деярли 32 га киргунча тикувчилик қилганман. Россияда ишладим 8 йил. Кейин қайтиб келдим. Шавкат Миромонович президент бўлиб, блогерларга эркинлик берилаётган пайтда шу соҳага кириб қолдим. Олдинига “Сирли олам” деган канал очганман. Хайрия ишини ўша каналдаёқ бошлагандим…”

Блогерларнинг кўпчилиги, улардан бирининг таъбири билан айтганда, “мактабнинг коридорида ўқиган”. Билимининг етарли эмаслиги нутқининг ғариблигида, луғатининг қашшоқлигида, стилистикаси чойхона тили даражасидан кўтарила олмаганлигида, кечириб бўлмайдиган хатоларга йўл қўйишларида сезилиб туради. Масалан, куни кеча улардан бири “У Бишкекда-да, Қозоғистонда...” деди. Видеолар сарлавҳаларида, онда-сонда, бехато ёзилган сўзлар ҳам учраб туради.

Ройишлик

Олаётган видеоси давомида чироқ ўчиб қолса, “пулини тўлаяпмизку, светни берингларда”, деб электрчиларга тикка мурожаат қилиб юбораверадиган, самарқандлик ҳайдовчиларникига ўхшаган бошқа акцияларни ҳам ёритадиган, у ёки бу фуқаронинг муаммоси ортидан камерасини кўтариб турли идораларга кириб борадиган Оташ Алемдарни демаса, бугун тилга олинган бошқа барча блогерлар аҳолининг ўзлари мулоқотга киришаётган қатлами муаммоларининг илдизига етиб боришга интилмайди.

Хайриячи блогерлар кириб бораётган айрим хонадонлардаги аҳвол Ўзбекистондаги қашшоқлик даражасининг қуйи нуқтаси нақадар чуқурда эканлигини кўрсатмоқда.

Бироқ бундай хонадонларга кириб бориб, уларга ёрдам бераётган блогерлар на ўзлари, на хонадон эгалари билан бу ҳолатнинг ижтимоий-сиёсий сабаблари тўғрисида гапиради. Баъзан хонадон эгалари маҳалла раисидан, ҳокимликдан арз бошлаганида ҳам блогерлар бу гапларни дарҳол кесади. Аксинча, улар президент олиб бораётган сиёсатга ройиш эканликларини вақти-вақти билан таъкидлаб, Шавкат Мирзиёевни тилга олиб турадилар.

“Охунов командаси”даги блогерлардан бири Озодликнинг “Сизлар ёрдам бераётган оилаларга ўхшаш оилалар кўпми?” деган саволига аччиқ билан “Ҳа, бундай оилалар бошқа давлатларда йўқ эканми, Германияда йўқ эканми, Америкада йўқ эканми?” деб жавоб берган эди.

Озодлик фарғоналик блогерга берган саволига жавобни беихтиёр қашқадарёлик блогердан эшитди. Жигар циррозидан вафот этган Тоштемирнинг уйида олиб борилаётган ишларни видеога олаётган бир блогер ҳамкасбига бундай дейди:

“Ака, бундай оилалар шу қадар кўпки, сиз билан мен қаригунимизча ҳам шу иш билан шуғуллансак керак…”

XS
SM
MD
LG