Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 23:37

"Ўғлим ўзини осадиган йигит эмас эди. У ноҳақликларга чидай олмади!"


34 яшар Ҳасанбой Икромов 29 май куни ўз ҳовлисида осилган холда топилган эди.
34 яшар Ҳасанбой Икромов 29 май куни ўз ҳовлисида осилган холда топилган эди.

Андижон шаҳридаги автомобиллар учун бутловчи қисмлар ишлаб чиқарадиган "UZ DONG YANG CO" Ўзбекистон-Корея қўшма корхонасининг ноликвид деталлар омбори мудири, 29 май куни ўзини осган булоқбошилик 34 яшар Ҳасанбой Икромовниг онаси Аматхон Норбоева OzodMikrofon билан боғланиб, ўғлининг ўлимида тафтишчиларни айблади.

Нафақадаги ўқитувчи¸ халқ маорифи аълочиси 61 яшар Норбоева OzodMikrofon билан суҳбатда ўз ўғлининг 2019 йилдан то 2020 йил майигача давом этиб келаëтган тафтишлардан "жонидан тўйганини" иддао қилди.

  • Озодликда нусхаси бўлган Бош прокуратура маълумотномасида ëзилишича¸ Бош прокуратура Икромов ишлаган қўшма корхонада ўз текширувини 2019 йилнинг бошида ҳам ўтказган ва ўшанда Икромов жавобгар деб топилган. Маълумотда ëзилишича, "Қўшма корхонадаги айни кунлардаги текширув эса, ички аудит ходимлари томонидан амалга оширилмоқда".
  • Бош прокуратура маълумотномасида "корхонада прокуратура текширув бошлагани ортидан ўз жонига қасд қилганига оид хулосани чиқаришга эрта эканлиги ва айни пайтда ҳолат бўйича терговга қадар текширув ҳаракатлари давом этаëтгани" таъкидланади.

Аматхон Норбоева OzodMikrofonга бундай деди:

Ҳасанбой Икромов
Ҳасанбой Икромов

«Ўғлимнинг шундай ҳолатга тушишига сабаб ишхонадаги тафтиш ва олиб борилаётган терговдаги қўпол​ муомала бўлган. Ўғлим бу ноҳақликларга чидай олмай 2020 йил 29 май куни ўз уйидаги айвонга осилган ҳолатда топилди. Шундан сўнг, бу қилмишига ишонмай мобил телефонини кўриб чиққанимда ишлаётган корхонасидан тез етиб кел деган смс хабар ва қўнғироқлар бўлганлигининг гувоҳи бўлдим»

"Камомад аниқланган"

  • Бош прокуратура матбуот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсутдинов Озодликка тақдим қилган маълумотномада айтилишича "UZ DONG YANG CO" қўшма корхонасида 2018-2019 йиллар давомида хом ашё ва материалларнинг сақланиши, тарқатилиши ва бутлиги юзасидан текшириш ўтказилганлиги рост:
  • «Текширувлар бир ёки икки ой аввал эмас, ўтган 2019 йилнинг бошида ўтказилган. Ўшанда Икромов. моддий жавобгарлигида бўлган 168 млн. сўмлик хом ашё ва материаллардан камомад аниқланган (марҳум 2013 йилдан бери омбор мудири бўлиб ишлаб келган) ва ўз вақтида (Икромов томонидан) бартараф этилган».

"Камомаднинг ўрни тўлдирилган"

Марҳумнинг эгизи Ҳусанбой ва онаси Аматхон аянинг Озодликка айтишича¸ қариндош-уруғдан қарз кўтариб¸ камомад ўрнини тўлдиришган. Бу қарзни тўлаш учун шу кунда марҳумнинг машинаси сотувга чиқарилган. Аматхон ая:

«Мошинани мойкага обориб сотувга тайëрладик. Одамлардан олган қарзни албатта узамиз. Ўғлим гўрида тинч ëтсин. Лекин давлат белгилаган жаримани тўлаганмиз. 2019 йил 1 август куни ўғлим менга “текширув натижасида 174 млн 800 минг сўм камомад аниқланганлиги учун прокуратура менга 174 млн 800 минг сўм жарима солди” деди. Мен фарзандини ўйлаган она сифатида, “тўлаймиз, қариндош-уруғ, дўст-ёрлардан топамиз” дедим. “Ўғлим адолат албатта қарор топади, бу пулинг албатта кайтади деганман”. “Агар 3 кун муддатда тўлов қилинмаса, мени қамаб қўяр экан” деди. 2019 йил 1 августда жаримани тўлаш ҳақида айтилган бўлсада, 2020 йил май ойигача тергов тугаб, суд ҳукми ўқилмади. Фарзандим Ҳасанбой бу даврда на турмуш ўртоғига, на онасига ичидаги дардларини айта олди. Корхонанинг ҳар бир бурчагида кузатув камераси бўлсада, ўғрилик қилмаган фуқарога жиноятчи сифатида қарашган ва маънавий ҳамда руҳан эзишган. Шунчалик тазйиқ ўтказилганки, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари бузилишига олиб келинган.174 800 000 сумни 3 кун муддатда эмас саккиз кунда тўладим».

"Бир болтни ҳам ўғирламаган"

OzodMikrofon билан суҳбатда Аматхон Норбоева ўғлининг «емаган сомсага пул тўлаган¸ айбсиз айбдор сифатида» дунëдан ўтиб кетганини иддао қилди:

“Ўғлим, ахир сен ўқитувчининг фарзандисан, нимага бундай ҳолат бўляпти” десам, “агар мен заводни 1 та болтини ўғирлаган бўлсам, қўпол қилиб айтганда уйимиздаги хожатхонани сувоғини битказардим” деб жавоб берганди. 2011 йилда қуришни бошлаган Шоҳгузар МФЙ Учқун кўчасида жойлашган 8 сотиҳли уйи хали ҳам битган эмас. Ука сиз мухбирингизни юборинг ўз кўзи билан кўрсин уйнинг аҳволини. Ошхона ва ҳаммом ҳалиям қурилмаган. Мен тазйиқ ва зўравонликка учраб ўз жонига қасд қилган фарзанднинг муштипар онасиман. Мен буни кўзимда ёш, дард алам билан айтяпман. 2 нафар норасида гўдак, 32 ёшли бева келинимни қайғу аламларини кўриб, чидаб тура олмасдан, фарзандимни руҳини поклаш, мақсадида ҳақиқат рўëбга чиқишини истайман. Мен бу гапларимни қоғозга тушириб Ўзбекистон президентига ҳам юбордим. Ўғлимни тергов қилган терговчи мансабини суиистеъмол қилган. Тергов давомида тазйиқ ва зўравонлик ишлатган. “Оилангни харом луқма билан боқяпсан!” деб маломат қилган. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 26-моддасида “Жиноят содир этганликда айбланаётган ҳар бир шахснинг иши судда ноқонуний тартибда, ошкора кўриб чикилиб, уни айби аникланмагунча айбдор ҳисобланмайди. Ҳеч ким қийноққа солиниши, зўравонликка, шафқатсиз ёки инсон қадр-қимматини камситувчи бошқа тарздаги тазйиққа дучор этилиши мумкин эмас деб аниқ ëзилган. Конституциядаги ҳуқуқлар кафолати бўлган президент адолат қилади деб умидворман".

"Ширкат ëрдам бермади"

  • "UZ DONG YANG CO" ширкати вакили марҳум Ҳасанбой Икромов оиласига ширкат моддий ëрдам бераëтганлигини Озодликка 4 июнь куни айтиб берган эди.

Марҳумнинг онаси Аматхон аянинг OzodMikrofonга айтишича¸ корхона вакиллари таъзияга келиб дуо қилишдан нарига ўтмаган:

«Иккита нон обкелишмади. Иккита нон нима деган гап?! Бугун 5 июнь, ўғлимнинг вафот этганига 7 кун бўлмоқда. Шу кунгача на раҳбарият, на касаба уюшмаси моддий ёрдам бермади. Наҳотки, инсоннинг қадр-қиммати 7 йиллик меҳнати сарфланган, ташкилоти учун аҳамиятсиз бўлса? Мен фарзандимни оқ ювиб, оқ тараб, халол-пок едириб, юртимиз учун фойдаси тегадиган виждонли иймон-инсофли қилиб тарбиялаб, давлат гранти асосида ўқитдим. Ўғлим Ҳасанбойниинг ортида 10 яшар Заҳро¸ 5 яшар Зебо қизи чирқираб қолди. Банкдан ҳам қарз олган камомадни тўлайман деб».

"Ўғлим хаëтни севарди"

Марҳумнинг онаси OzodMikrofon билан суҳбатда ўз ўғлининг руҳан ва жисман соғлом бўлгани, суицидга мойиллиги бўлмагани¸ терговчилар босими остида ўз жонига қасд қилганини қайта-қайта иддао қилди:

«Ўғлим ўлганидан кейин чўнтагидан чиққан телефонда хотини Нилуфархонга ëзган аммо юборилмаган смс мактубни ўқидим. «Қизларимни севаман» деб ëзилган эди. Хасанбой ҳаётни севар эди, оиласини ҳам. Айниқса, фарзандларини еру кўкка ишонмас эди. Фарзандимнинг сўнгги сўзи ва ичидаги дардларини эшита олмаган она сифатида ўзимни қўярга жой топа олмаяпман».

Тафтиш давом этмоқда

  • Ўзбекистон Бош прокуратураси маълумотига кўра¸ шу кунларда марҳум Икромов ишлаган қўшма корхонада ички аудит ходимлари томонидан текширув ўтказилмоқда:
  • «Шу йилнинг 21 май куни «"UZ DONG YANG CO» МЧЖ шаклидаги қўшма корхона раҳбари вазифасини вақтинча бажарувчисининг 50-сонли буйруғи чиқарилган бўлиб, унга асосан Икромов жавобгарлигидаги товар моддий бойликларини бошқалар зиммасига юклаш ҳамда 20 май ҳолатигача тафтиш ўтказиш учун ишчи гуруҳ тузилган. Шунингдек, мазкур буйруқ билан инвентаризациядан ўтказиш учун текшириш бошланган»
  • Андижон шахридаги автомобиллар учун бутловчи қисмлар ишлаб чиқарадиган "UZ DONG YANG CO" Ўзбекистон-Корея қўшма корхонасининг ноликвид деталлар омбори мудири, 34 яшар Ҳасанбой Икромов 29 май куни ўз ҳовлисида осилган холда топилган эди.
XS
SM
MD
LG