Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 23:35

Камомад текширилаëтган қўшма корхона омборчиси ўзини осди


Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Андижон шахридаги автомобиллар учун бутловчи қисмлар ишлаб чиқарадиган "UZ DONG YANG CO" Ўзбекистон-Корея қўшма корхонасининг ноликвид деталлар омбори мудири, 34 яшар Ҳасанбой Икромов 29 май куни дафн қилинди.

Икромовнинг ҳамкасблари унинг ўз ҳовлисида дарахтга осилган ҳолда топилганини иддао қилди.

Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизмати вакили "UZ DONG YANG CO" омбор мудири ўз жонига қасд қилгани билан боғлиқ вазият ўрганилаëтганлигини айтди.

Ҳасанбой Икромовнинг ўлими тўғрисида Озодликка бир-биридан мустақил икки манбадан келган маълумотни "UZ DONG YANG CO" ширкат раҳбар ëрдамчиси ва таржимони Исмоилжон (ўзини шундай таништирди) тасдиқлади. Исмоилжон марҳум Ҳасанбой Икромов 29 май куни кечки пайт дафн қилингани ва унинг оиласига ширкат моддий ëрдам бераëтганлигини Озодликка 4 июнь куни айтиб берди.

"UZ DONG YANG CO" вакилига кўра¸ ширкатда текширув олиб бораëтган Бош прокуратура ҳузурида Иқтисодий жиноятларга қарши кураш департаменти ходимлари бошқалар қаторида Ҳасанбой Икромов билан ширкатнинг эски раҳбари пайтида юзага келган камомадлар борасида суҳбатлашган.

Ширкат вакили марҳум ҳамкасбининг ўз жонига қасд қилиши айнан "UZ DONG YANG CO"даги текширув билан боғлиқ эканига аниқ далил келтира олмади.

Унинг айтишича¸ омбор мудири Ҳасанбой Икромов жиноят иши фигуранти бўлмаган.

Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсутдинов 4 июнь куни Озодлик саволларига жавоб бераркан, "UZ DONG YANG CO" омбор мудири ўз жонига қасд қилгани тасдиқланганини айтди ва бу ўлимнинг прокуратура ўтказаëтган текширув билан боғлиқ ë боғлиқ эмаслиги масаласи ўрганилаëтгани ва бу ҳақда кейинроқ батафсил маълумот беришни ваъда қилди.

Мақола нашрга хозирланаëтган пайтда келиб тушган Бош прокуратура маълумотига кўра¸ "29 май куни соат 16-30 да Булоқбоши туманида истиқомат қилган 34 ёшли И.Х. яшаш уйининг айвонига арқондан сиртмоқ ясаб ўзини-ўзи осгани натижасида воқеа жойида вафот этган. Мурда эксперт иштирокида кўздан кечирилганда, бўйин аъзоларининг сиртмоқ билан қисилиши натижасида юзага келган механик асфиксия, бўйин соҳасида бир изли типик странгуляцион эгат, ички аъзоларини тўлақонлиги, ўпка ва юрак эпикардларида нуқтасимон кардио доғлари аниқланган."

Омборчининг ўлими

"UZ DONG YANG CO" ширкати раҳбар ëрдамчиси ва таржимони Озодлик билан 4 июнь кунги суҳбатда Ҳасанбой Икромовнинг ўлими билан боғлиқ тафсилотларни айтиб берди.

Суҳбатдошга кўра¸ марҳум охирги марта 28 май, пайшанба куни ишга чиққан. 29 май иш куни бўлишига қарамасдан Икромов ишга чиқмаган.

"UZ DONG YANG CO" ходимининг марҳумнинг яқинларидан эшитганларига таяниб айтишича, Икромов 29 май куни ювиниб таранган¸ маҳалладаги сартарошга бориб соч-соқолини олдирган. Ўша куни пешин атрофида унинг участкасига келган яқинлари Икромовни ўз ҳовлисидаги қайрағочга осилган холатда кўришган.

“29 май куни кечқурун дафн қилинди. Ортида хотини ва икки ëшгина қизчаси қолди. "UZ DONG YANG CO" ширкати мархумнинг оиласига моддий ëрдам кўрсатиб хол-аҳволидан мунтазам хабар олиб турибди” деди "UZ DONG YANG CO" вакили.

Озодлик марҳумнинг оила аъзолари билан боғлана олмади.

Озодлик ўз жонига қасд қилганлиги юзасидан ҳуқуқ-тартибот органлари суриштирув бошлагани ҳақида расмий маълумотга эга эмас.

Ширкатдаги текширув

"UZ DONG YANG CO" омбор мудири ўз жонига қасд қилгани ҳақида айни ширкат ходими 30 май куни Озодликка хабар йўллаган эди.

Айни хабарни тасдиқлаган, хизмат доирасида матбуотга гапириш ҳуқуқи йўқлиги учун исмини айтмаган “Ўзавтосаноат” АЖ ходими омборчининг ўзини ўлдиргани корхонада ўтказилаëтган текширув билан боғлиқлигини иддао қилди:

“Омборчи корхонага келган ревизорлар билан ўтказилган сухбатдан сўнг ўз уйига кетиб ишга чиқмаган. Ўз уйида жонига қасд қилган. Жиноят иши доирасида А .(исми Озодликка маълум - таҳр.) исмли шу қўшма корхона бош директори ҳамда С. (исми Озодликка маълум - таҳр.) исмли бош директори қамалган. Булардан ташқари «Uz-metertech Co» қўшма корхонасида ишловчи З (исми Озодликка маълум - таҳр.)​ исмли шахс ҳам қамалган. Жиноят иши автомобиль бутловчи қисмлар нархи атрофидаги схемалар билан боғлиқ”.

Айни пайтда мулозим айтган иддаоларнинг инкори ëки расмий тасдиғи Озодликда йўқ.

«Uz-Dong Yang co» ширкатида Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши кураш департаменти ходимлари автомобиль бутловчи қисмларнинг нархлари билан боғлиқ схемалар ва ширкат балансида юзага келган камомад сабабларини текшираëтгани борасида Озодликда маълумот бор.

2019 йилда «UzAuto Motors» АЖ тарафидан сотиб олинган ишлаб чиқариш ускуналарининг «Uz-Dong Yang co» ширкатига ҳеч бир бадалсиз текинга берилгани ортидан автомобиль бутловчи қисмларини ишлаб чиқарувчи «Uz-metertech Co» ширкати ўз норозилигини билдирган эди.

Норозилик нега бу ускуна “бизга эмас, унга берилди” деган савол устига қурилган эди.

«Uz-Dong Yang co» ва «Uz-metertech Co» “Ўзбекавтосаноат” АЖ билан ҳамкорлик қиладиган бир хил мавқе ва профилдаги икки ширкатдир.

“Ўзавтосаноат” АЖ 2019 йил декабрь ойида «Uz-Dong Yang co» ва «Uz-metertech Co» ўртасида юзага келган иқтисодий низо юзасидан расмий баëнот берган эди.

Баëнотда «Uz-Dong Yang co» ширкати 1996 йилдан бери Ўзбеистонда муваффақиятли ишлаб келаëтгани ва ширкатнинг мамлакат автосанотида катта ўрни борлиги таъкидланиб “Ўзавтосаноат” бу ширкатни қўллаб қувватлаши таъкидланган эди.

XS
SM
MD
LG