Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 21:26

Қирғизистон: Икки собиқ президентни дахлсизликдан маҳрум этиш талаб қилинди


Сўўрўнбай Жээнбеков Қирғизистон тарихида истеъфо берган илк президент бўлди.
Сўўрўнбай Жээнбеков Қирғизистон тарихида истеъфо берган илк президент бўлди.

Қирғизистон тарихида биринчи марта истеъфо берган собиқ президент Сўўрўнбай Жээнбеков ҳамда Марказий Осиёда ягона аёл президент бўлган Роза Ўтунбаевадан даҳлсизлик мақомини олиб ташлаш ҳамда уларни имтиёзлардан маҳрум қилиш талаб қилинмоқда.

Қирғизистонлик фаоллар мазкур талабнома остига 15 минг кишининг имзосини йиғдилар. Айни пайтда имзо тўплаш жараёни давом этмоқда.

Фаоллар собиқ президентлар таъминоти мамлакат бюджетига қимматга тушаётгани ва улар умрбод даҳлсизлик, юқори нафақа ва бошқа имтиёзларга нолойиқ эканлигини айтмоқдалар.

Сўўрўнбай Жээнбековни экс-президент мақомидан ажратиш таклифини биринчилардан бўлиб ўтган йил октябридаги халқ қўзғолонида иштирок этган фаоллар кўтарган. Улар собиқ президентни сайловларни қалбакилаштириш ва порахўрларни қўллашда айблаган.

Жээнбеков ўтган йили октябрь ойида босимлар остида истеъфо берган. Лекин умрбод дахлсизлик мақомини сақлаб қолган. Бундан ташқари давлат уни тансоқчилар ва катта миқдордаги нафақа билан таъминлайди.

“Биз қўзғолон пайтида милиция билан содир этилган тўқнашувлар пайтида бир йигитни йўқотдик. У 19 ёшда эди. Мен бу тақдир эканини тушунаман, лекин у ҳали жуда ёш эди. У ўз эркинлиги учун чиққанди. Қолаверса, кўплаб одамлар ногирон бўлиб қолди. 19-20 ёшли йигитлар қўлидан, кўзидан ажрайди-ю бу одам экс-президент мақомини, имтиёзларни оладими? Менимча бундай бўлиши керак эмас”,- дейди октябрь воқеалари иштирокчиси Дастан Аракеев.

Бошқа фаоллар эса бу масалада янада илгарилашди. Улар нафақат Жээнбеков балки, Ўтунбаевани ҳам мақомидан ажратишни таклиф қилмоқда. Ўтунбаева 2010 йил апрель воқеаларидан кейин мамлакат теппасига келган ва атиги 1,5 йилдан сўнг тинчгина ҳокимиятни ўтказиб берган.

Блогер Чингиз Қапаров фикрича, Ўтунбаевага бу мақомни беришнинг маъноси йўқ, чунки уни ҳалқ сайловда танлаб олмаган. Шунинг учун уни ҳам мақомидан ажратиш петициясини 15 минг одам имзолаган.

“Жээнбеков бир ойда 296 минг, Ўтунбаева эса 146 минг сўм нафақа олади. Унинг бошқа ҳаражатлари учун яна миллион сўм ажратилади. Демак, икки президентга ҳалқ пулидан, таҳминан, йилига 280 минг доллардан сарфланади. Бу ноқонуний. Шунинг учун одамлар бизни қўллаб имзо қолдиряпти”, -дейди Чингиз Қапаров.

Ўтунбаева истеъфодан кейин, маърифий лойиҳаларни молияловчи, болалар боғчаларини очувчи ва фан фестивалларини ўтказувчи фонд ташкил қилган.
Бу ташкилотда собиқ президент имтиёзлардан фойдаланмаслигини айтишди. У давлат резиденциясида яшамайди, қонунларни бузмайди, демак имтиёзга муҳтож эмас. Қолаверса бутун нафақасини ҳайрия учун беради:

“Бизга оғир вазиятда қолган аёллар кўп мурожат қилишади. Бизга қандайдир ёрдам кўрсатиш илтимоси билан мурожат қилишса, биз уларни навбатга қўямиз. Ва у нафақасини ўша одамларга юборади”,- деди Роза Ўтунбаева фонди директори Дўгдуркул Кендирбаева.

Сиёсатшунос Бақитбек Жумагулов фикрича, Қирғизистонда собиқ 5 президентдан икки нафари қочқинда, бири қамоқда ва яна иккисини мақомидан ажратмоқчи бўлишаётгани шунчаки тасодиф эмас. Унга кўра, буларнинг барчаси ишламайдиган сиёсий тизим аломатига ўхшайди:

“Бу шахсият масаласими ёки тизм масаласими? Агарда бу шахсият масаласи бўлса, келинглар унда барча критерияларга мос бўлган, идеал, оптимал шахсият, шундай президент топинглар. Агарда масала шахсиятда бўлмаса, унда тизимни ўзгартириш керак”, - дейди Бақитбек Жумагулов.

Бу орада собиқ президентларни мақомидан ажратиш масаласи ўз-ўзидан ҳал этилиши ҳам мумкин. Негаки, ҳозир мамлакат парламентида собиқ давлат раҳбарлари учун ҳеч қандай имтиёзларни кўзда тутмаган янги Конституция лойиҳаси кўриб чиқилмоқда.

XS
SM
MD
LG