Қирғизистонда президентлик бошқарув тизимини қайта тиклайдиган мунозарали янги конституция умуммиллий референдумда маъқулланди.
Аммо мутахассислар 16 йил ичида учта инқилобни бошидан кечирган мамлакатда янги конституциянинг умри қисқа бўлишини айтмоқда.
Озод Европа-Озодлик радиосининг Марказий Осиё бўйича таҳлилчиси Брюс Панниернинг бу борадаги мақоласини эътиборингизга ҳавола этамиз.
12 апрель куни Марказий сайлов комиссияси (МСК) раиси Нуржан Шайлдабекова референдумда овоз берганларнинг 79,3 фоизи – 1,03 миллион киши янги конституцияни ёқлаб овоз бергани, атиги 13,65 фоизи қарши овоз берганини маълум қилди.
Қирғизистонда 6,5 миллионга яқин одам яшайди. Янги конституцияни қўллаб 6 фуқародан 1 тадан ками овоз берганини эътиборга олсак, ҳужжат халқ иродасини ифода этадими, йўқми, деган савол туғилиши мумкин.
11 апрелда ўтказилган референдум натижалари қонуний деб топилиши учун Қирғизистондаги сайловчиларнинг атиги 30 фоизи овоз бериши керак эди. Дастлабки натижалар шуни кўрсатадики, овоз бериш ҳуқуқига эга бўлган сайловчиларнинг тахминан 37,1 фоизи овоз берган.
11 апрель куни референдум билан биргаликда маҳаллий кенгаш депутатлари сайловлари ҳам ўтказилди.
10 январь куни ўтказилган президент сайловида сайловчиларнинг тақрибан 39 фоизи овоз берган эди. Ушбу сайловда конституциявий референдум ўтказиш масаласи ҳам овозга қўйилди.
Январдаги сайловда 1,35 миллион киши овоз берди. Уларнинг 81,44 фоизи, яъни тахминан 1,1 миллион киши референдум ўтказилишини ёқлаб овоз берди.
Аммо бошиданоқ янги конституция мунозарага сабаб бўлиб келмоқда.
4 октябрь куни ўтказилган парламент сайловлари ортидан бошланган тартибсизликлар давомида қамоқдан озод қилинган Садир Жапаров жорий йилнинг январь ойида президент этиб сайланди. Жапаров Қирғизистонда 2010 йилда жорий қилинган ярим парламент бошқарув шаклини янги конституция ёрдамида президентлик тизимига ўтказишни таклиф қилди.
Янги тасдиқланган конституция Қирғизистоннинг собиқ президентлари Асқар Акаев ва Қурманбек Бакиевлар ҳукмронлиги пайтида амалда бўлган конституцияларга ўхшаш. Ҳар иккала етакчи ҳам қисман уларга кўпроқ ваколат берган конституциявий тузатишлар туфайли ҳокимиятдан ағдарилди.
Жапаров ва бошқалар 2010 йилги конституция ўрнини сотиб олиб, асосий вақтини жанжаллашиш билан ўтказадиган ва оз натижа кўрсатган парламентни яратганини айтиб келади.
2020 йил 4 октябрда ўтказилган сайлов натижалари намойишлар ортидан бекор қилинди. 2015 йилда сайланган парламент депутатлари ваколатлари муддати тугаётгани ва бошқа сайловлар режалаштирилмагани учун ўз ваколатларини узайтиришни ёқлаб овоз беришди.
Кўплаб мутахассисларнинг таъкидлашича, 28 октябрь куни мандати тугаган парламент ўз муддатини узайтирганидан кейин қабул қилган ҳар бир қарор қонунийлиги ҳақида савол туғилади.
Айни парламент декабрь ойида бир неча кун ичида янги конституция лойиҳасини учта ўқишда қабул қилди. Бу эса ўша пайтда амалда бўлган конституцияга зид эди.
Шунингдек, конституция лойиҳаси парламент томонидан маъқуллангандан кейин, унга бир нечта тузатиш киритилди.
Бундан ташқари, ноябрь ойи охирида Конституциявий палата тузиш тўғрисида қарор қабул қилингани ва кейинчалик унинг 89 аъзоси тайинлангани янада кўпроқ савол туғилишига сабабчи бўлди.
Шунингдек, кўпчиликни янги конституция лойиҳасини ишлаб чиқишда жамоатчилик фикри қандай роль ўйнагани қизиқади. Лойиҳа парламент томонидан тасдиқланишидан олин оммавий муҳокамага қўйилиши керак эди, аммо бунда қилинмади.
Қиёслаш учун, 2010 йилги конституция лойиҳасини ишлаб чиқишда фуқаролик жамияти ва бошқа жамоат гуруҳлари фаол қатнашган эди.
11 апрелда ўтказилган референдум арафасида ўтказилган сўровлар қирғизистонликларнинг аксарияти янги конституция тўғрисида яхши билмаслигини кўрсатди.
4 октябрда бўлиб ўтган сайловлар бекор қилиниши ортидан тез орада янги парламент сайловлари ўтказиш қарори қабул қилинди, аммо бу сайловлар кейинга қолдирилди.
Эндиликда янги парламент сайловлари ёзгача ўтказилмаслиги айтилмоқда. Бу ғалати, чунки айнан 4 октябрда ўтказилган парламент сайловлари ортидан бошланган норозилик тўлқини Қирғизистонни ҳозирги траекториядан бошлади ва янги конституция тасдиқланишига олиб келди.
11 апрелда тасдиқланган конституцияга биноан, парламент кўплаб ваколатларини йўқотади. Шунингдек, конституциянинг янги таҳририда парламент депутатлари сони 120 нафардан 90 нафарга туширилди.
Янги конституция қонунийлигига шубҳа билдириш учун етарлича асос борлигини англаш қийин эмас. Агар келгуси йилларда Қирғизистон фуқаролари янги президент ва унинг ҳукуматидан норози бўлиб қолса, амалда айнан шундай бўлиши мумкин.
Янги конституцияга қаршилар ҳужжатга қарши кўплаб аргумент келтиришлари мумкин. Хусусан, улар ҳужжат 4 октябргача қамоқда бўлган раҳбар қистови билан қабул қилингани, уни жамоатчилик иштирокисиз тузилган гуруҳ ишлаб чиққани, ҳужжат ваколати тугаган парламент томонидан тасдиқлангани, қабул қилинганидан кейин ўзгартирилгани ва референдумда уни мамлакат аҳолисининг 16 фоиздан оз қисми маъқуллангани айтишлари мумкин.
2005, 2010 ва 2020 йилларда бунга ўхшаш эътирозлар мамлакат раҳбарларининг ҳокимиятдан ағдарилишига олиб келган эди.