Ижтимоий тармоқлар орқали хиндистонлик йигит билан танишгани ортидан Деҳлига келган 31 яшар ўзбекистонлик аëл оммавий зўрлаш қурбони бўлди.
Бу иддаони Озодликка аëлнинг Тошкентдаги яқинлари билдирди. Айни пайтда бу воқеа тўғрисида Ҳиндистондаги оммавий ахборот воситалари ҳам хабар қилди.
Зўрлангани айтилаётган ўзбекистонлик аёл яқинларидан бирига кўра, аëл Facebook тармоғида хиндистонлик йигит билан виртуал танишиб жорий йилнинг июнь ойида Деҳлига борган.
- Янги йил байрамидан кейин танишиб, ëзишиб юрувди ўша ҳинд йигит билан. Кейин қариндош-уруғ йўлкирасига пул бериб, икки ой олдин Деҳлига жўнатгандик. Шанба куни йиғлаб телефон қилди, "мени калтаклаб зўрлашди" деб. Биз Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлигига мурожаат қилдик, аммо ҳали жавоб беришмади¸ дейди ўзини Ҳиндистонда зўрланган аëлнинг қариндоши деб айтган аëл.
Ўзбекистоннинг Ҳиндистондаги элчихонасидан бу воқеа юзасидан жавоб олишнинг иложи бўлмади.
Ҳиндистондаги қатор нашрлар, хусусан етакчи телеканаллар ўзбек аëлининг гуруҳ бўлиб зўрлангани ҳақида 12 август куни маълум қилди.
India-TV мухбирининг воқеа юз берган жойдан туриб маълум қилишича¸ “ўзбек аëлни зўрлаган 3 кишидан 2 нафари душанба куни Деҳли ғарбидаги Vasant Kunj мавзеида қўлга олинган. "Аëлни зўрлаганлар сони 3 нафардан кўпроқ бўлиши мумкин" дейди телеканал мухбири.
Ҳиндистондаги Bharat AAJTAK агентлигининг ëзишича¸ “Ўзбекистонлик аëлнинг севгилиси уни 10 август куни машинасига солиб мажбуран ўзининг камида икки нафар дўстининг ëнига олиб борган. Душанба, 12 август куни ўзбекистонлик аëл полицияга берган аризасида ўзининг олдин калтакланиб, кейин зўрланганидан шикоят қилган”.
Ўзбекистонлик аëлларнинг Ҳиндистонда оммавий зўрланиши биринчи марта юз бераëтгани йўқ.
2017 йили Ўзбекистонлик аёл Деҳлининг Масудпур туманида ўзининг собиқ йигити ва яна тўрт эркак томонидан дўппосланган ва жинсий зўрланган эди.
Бу ўзбек аëли ҳам ҳинд йигити билан ижтимоий тармоқларда мулоқот қилгани ортидан ишқий муносабатларини бошлагани айтилган эди.
2015 йил ноябрида Ҳиндистоннинг Ҳаряна штатида ўзбекистонлик 27 яшар Шаҳноза Шукурованинг жасади топилганди. Олти ойлик ҳомиласи бор Шаҳноза ўғирлаб кетилган ва ўлдирилган эди.
Ҳиндистонда 2012 йилда 23 яшар талаба Жйоти Сингх бир гуруҳ эркаклар томонидан зўрланиб ўлдирилиши бутун мамлакат бўйлаб йирик намойишларга сабаб бўлганди.
Мазкур ҳодиса ортидан Ҳиндистонда аёлларга қарши зўравонлик мавзуси жамоатчилик диққати марказида қолмоқда.