Линклар

Шошилинч хабар
30 ноябр 2024, Тошкент вақти: 12:49

Ироқда жангарилар фаоллиги ортмоқда


АҚШ Мудофаа вазирлиги томонидан йилнинг ҳар чорагида эълон қилинадиган навбатдаги ҳисоботда Ироқда хавфсизликни таъминлаш тобора издан чиқиб бораётгани тан олинади.

Ҳужжатда айтилишича, якунланаётган йилнинг август ойи ўрталаридан ноябрь ўрталарига қадар Ироқда вазият жуда кескин тус олган. Бу вақт оралиғида АҚШ қўшинлари, маҳаллий хавфсизлик кучлари ва тинч аҳолига ҳужумлар 22 фоиз ортган. Бу эса 2004 йил - Ироқ ўз суверенитетини эълон қилгандан сўнг қайд этилган энг юқори кўрсаткичдир.

Шунингдек, ҳисоботда Ироқдаги аксиламерика кайфиятидагилар алоҳида гуруҳларга бирлашиб, ҳозирги кунда жиддий кучга айланиб бораётгани ҳам айтилади. Бу гуруҳлар Ироқ ҳукумати идораларига жиддий таҳдид солмоқда ва фуқаролик уруши хавфини кучайтирмоқда.

Пентагоннинг янги раҳбари Роберт Гейтс Ироқдаги вазиятга тўхталиб: “Биз Америка ўғлонлари ва қизларини тезроқ уйга қайтариш имконини топиш истагидамиз. Бироқ президентнинг очиқ-ойдин таъкидича, биз Яқин Шарқда мағлубиятга юз тутишимиз мумкин эмас. Ҳозирги вақтда Ироқдаги ҳарбий ҳаракатлардан воз кечиш миллатимиз шаъни, бизга бўлган ишончга путур етказади ва бу Америка учун кўп вақтлар давомида хавфли бўлиб қолиши мумкин ”, - деди.

Ҳисоботида таъкидланишича, радикал шиа уламоси Муқтадо ас-Садр етакчилигидаги “Маҳди армияси” ҳозир Ироқда “Ал-Қоида”нинг ўрнини босмоқда. Тинч аҳоли орасида қурбонлар сонининг ортиши эса ана шу исёнчи гуруҳлар ўртасида юзага келган алоҳида худкуш гуруҳлар зиммасидадир.

АҚШ мудофаа вазири ёрдамчиси Питер Родман алоҳида секталарга бирлашган бу гуруҳлар Ироқ ҳукумати тузилмалари учун жиддий хавф эканини билдирди.

Буни АҚШнинг янги мудофаа вазири Р.Гейтс ҳам эътироф этди.

“Мен тез орада Ироққа сафар қилмоқчиман. У ердаги ҳарбий раҳбарлар ва ходимлар билан учрашаман. Мен уларнинг мамлакатдаги вазият борасидаги холис муносабати ва маслаҳатларини эшитишга муштоқман”, - деди Р.Гейтс.

Ҳисоботда билдиришича, сўнгги вақтда Ироқдаги ҳужумлар сони бир ҳафтада қарийб 1000 тага етган. Шу йилнинг аввалги чораги - май-август ойлари оралиғида эса бир ҳафтадаги ҳужумлар сони 800 та атрофида бўлган. Шунингдек, бу йилнинг сўнгги чорагида тинч аҳоли орасида қурбонлар сони ҳам кескин ортган.

“Қиёсан айтганда, кунига 93 тадан тинч аҳоли қурбон бўлмоқда”, - дейилади ҳисоботда.
XS
SM
MD
LG