Линклар

Шошилинч хабар
30 ноябр 2024, Тошкент вақти: 10:35

Конгресснинг янги таркиби қасамёдга келтирилди


АҚШнинг янги таркибдаги Конгресси қасамёдга келтирилди. Сўнгги 12 йил ичида илк бор АҚШ Сенати ва Вакиллар палатаси демократлар назорати ва етакчилигида фаолият юритади.

“The Wall Street Journal” нашрининг ёзишича, АҚШ президенти Жорж Буш ўз президентлигининг сўнгги икки йилида демократларни республикачилар билан ҳамфикрликда ишлашга даъват қилган ва акс ҳолда мамлакатда танглик юзага келиши мумкинлигидан огоҳлантирган.

Жорж Буш куни-кеча АҚШ Конгрессидаги демократлар билан учрашиб, уларни қутлади ва ўз маъмурияти янги таркибдаги Конгресс билан ҳамкорликда ишлашга тайёр эканини маълум қилди.

“Бизни давлатимиз тарихининг энг муҳим даврида ишонч билан сайлашди ва биз биргаликда муҳим ишларни амалга оширишимиз керак. Ҳозир сиёсий қарама-қаршиликларни бир четга сурадиган ва келажакни кўзлаб иш тутадиган вақт”, - деди Жорж Буш.

Вакиллар палатаси раиси Нэнси Пелоси ва Сенатнинг янги раҳбари Гарри Рейд ҳам Конгресс икки партиявийлик асосида бошқарилишини ваъда қилмоқда.

АҚШ тарихида илк бор Вакиллар палатасига бошчилик қилаётган аёл Нэнси Пелоси 2006 йил 7 ноябрдаги сайловдан кейиноқ Буш билан Оқ уйда учрашган эди.

“Биз тарихга кирдик. Энди биз ривожланиш йўлидан боришимиз лозим ва мен энди шу мақсадни амалга ошириш йўлида президент билан ҳамкорликка тайёрман”, - деган эди у.

Аксар республикачилар ноябрдаги сайловда фуқаролар демократлар янги ўзгаришлар қилишига умид билдириб уларга овоз бергани, аммо демократлар ҳали бунга тайёр эмаслигини айтмоқда.

“Демократларга маъқул келган ўринларда икки партиявийликка амал қилиниши мумкин. Аммо керак бўлганда, ниҳоятда кескин партиявий айирмачилик ҳам юзага келиши мумкин. Ҳар ҳолда мен шундай фикрдаман”, - дейди айовалик республикачи Стив Кинг.

АҚШ Конгрессининг сайловдан кейинги илк йиғилишида парламент аъзоларининг ҳеч бири мамлакат ташқи сиёсатига оид келгуси режаларни тилга олмади. Президент Буш эса ўз чиқишида, асосан, мамлакатда юзага келган бюджет тақчиллигига 2012 йилга қадар барҳам бериш режасига эътибор қаратди.

АҚШ ташқи сиёсатига оид келгуси режалар шу ой якунига қадар маълум қилиниши кутилмоқда.
XS
SM
MD
LG