Линклар

Шошилинч хабар
30 ноябр 2024, Тошкент вақти: 06:40

Эроннинг ядровий дастури масаласи яна музокаралар мавзуси


Эроннинг ядровий дастури теграсидаги бўҳронга дипломатик ечим топиш умидида ЕИ ташқи сиёсати мутасаддиси Ҳавьер Солана ва Теҳроннинг ядровий масалалар бўйича бош музокарачиси Али Ларижоний яна музокаралар столига ўтирди.

Бу учрашув 25 апрель куни Туркиянинг Анқара шаҳрида бошланди. Учрашув олдидан Али Ларижоний Эроннинг ЕИ, АҚШ ва БМТ Хавфсизлик кенгаши талабига биноан уранни бойитишни тўхтатишга тайёр ёки тайёр эмаслигига оид ҳеч қандай ишора бермади.

Айни вақтда халқаро жамоатчилик, хусусан, Ғарб давлатлари Эроннинг гўёки тинч мақсадларга йўналтирилган ядровий дастури аслида ядро қуроли яратиш мақсадини кўзланганини таъкидламоқда. Эрон томони эса унга қарши БМТ томонидан санкциялар қўлланаётганига қарамай, қонуний ҳуқуқи эканини айтиб, уранни бойитишни тўхтатишдан бош тортмоқда.

Душанба куни Эрон президенти Маҳмуд Аҳмадийнажот Эрон ядровий дастурини давом эттириши, аммо Али Ларижоний ва Ҳавьер Солана ўртасидаги музокаралар вазиятни ижобий томонга ўзгартириши мумкинлигини таъкидлаган эди.

“Биз Эрон Олий миллий кенгашининг нуфузли вакили Али Ларижоний ва жаноб Ҳавьер Солана ўртасидаги музокаралар жуда фойдали бўлади ҳамда вазиятга ойдинлик киритишга ёрдам беради, деб ўйлаймиз. Бу вазиятда қонуний ва тўғри қарорга келиш ҳам илгари қадам бўлади. Томонлар ўртасида самарали ҳамкорлик бўлишига ёрдам беради”, - деди Эрон раҳбари.

Анқара музокараларида иштирок этаётган ҳар икки томон бу учрашув Эрон ядровий дастури теграсидаги бўҳронни ҳал этишга хизмат қилади, деб умид билдирмоқда. Хусусан, Али Ларижоний Анқара музокараларидан аввал журналистларга берган интервьюсида: “Жаноб Солана узоқ мунозаралардан сўнг ўзида бу масала ечимига оид янги ғоялар туғилганини телефон орқали суҳбатда менга айтди. Бизнинг бу масалага ёндашувимиз ҳамиша ҳақиқий музокараларни қувватлаш бўлган. Аммо қарши томон доимо ўз шартларини қўйди ва шу билан музокараларга тўсқинлик қилиб келди”, - деди.

Буюк Британия ташқи ишлар вазири Маргарет Беккет душанба кунги чиқишида расмий Теҳроннинг уранни бойитишни тўхтатишдан қатъиян бош тортиб келиши ва ҳафта аввалида мамлакат президентининг буни яна бир карра таъкидлаши Анқара учрашувидан умид қилишга асос бермаслигини билдирди.

Айрим таҳлилчилар, жумладан, қароргоҳи Женевада жойлашган Хавфсизлик сиёсати масалалари маркази директори Шаҳрам Шабин эндиликда Эрон Ғарб давлатларига бироз ён босиши мумкинлигига ишонмоқда.

“Эрон расмийлари Хавфсизлик кенгашининг икки резолюцияси ва қатор норасмий санкциялардан кейин тобора чекиниб бўлмайдиган мураккаб вазиятга тушиб қолаётганини англаяпти, менимча. Уранни бойитишни ишлаб чиқариш даражасида кенгайтириш ҳақидаги баёнотлар эса, энг аввало, Ғарбга қилинган ишорадир. Яъни бу билан Теҳрон расмийлари ўзининг шундай имкониятга эгалиги ва буни қўллаши мумкинлиги, аммо муросага ҳам бориши мумкинлигини айтмоқчи”, - деди Шаҳрам Шабин.

Душанба куни “Financial Times” газетасига интервью берган эронлик собиқ дипломат Садиҳ Харрозий президент Аҳмадинажот ўз расмийларига Анқара музокараларида имкон қадар муросали бўлишга кўрсатма берганини хабар қилган эди. Эроннинг Париждаги собиқ элчиси сўзларига кўра, бу қарорни Эрон олий диний раҳнамоси оятулло Ҳуманаий ҳам маъқуллаган.

Анқарада бораётган музокаралар ўтган ойда БМТ Хавфсизлик кенгаши Эронга нисбатан иккинчи бор санкция қўллагандан кейин Али Ларижоний ва Ҳавьер Солана ўртасида бўлаётган илк юзма-юз учрашувдир.
XS
SM
MD
LG