Линклар

Шошилинч хабар
21 декабр 2024, Тошкент вақти: 11:14

Ўзбекистонда Эрк туғилганига 20 йил тўлди


Муҳаммад Солиҳ атрофида бирлашган эркчилар Ўзбекистон учун мутлақ сиëсий мустақиллик талаб қилишни бошлади.
Муҳаммад Солиҳ атрофида бирлашган эркчилар Ўзбекистон учун мутлақ сиëсий мустақиллик талаб қилишни бошлади.

Бундан 20 йил олдин 1990 йилнинг 30 апрелида Ўзбекистон тарихида илк мухолиф сиëсий партия тузилди. Тошкент марказидаги "Билимлар уйи"да Ўзбекистон Эрк демократик партиясининг таъсис қурултойи бўлиб ўтди.



20 йил олдин бу қурултойга келган делегатларда келажакка ишончнинг кўтаринки руҳи бор эди¸ деб эслайди Эрк ташкилотчиларидан бири, математик олим Ҳамидилла Нурмуҳаммедов.

- Байрам бўлган. Нима бўларди. Ҳамма байрамга келган¸ дейди Ҳамидулла Нурмуҳаммедов.

Ҳақиқатдан ҳам байрам эди бу кун¸ деб эслайди ҳозир ҳижратда яшаëтган Эрк лидери Муҳаммад Солиҳ.

- Албатта, байрам ҳавоси бор эди. Чунки бизнинг кайфиятимизда байрам эди. Фақат апрел бўлгани учун эмас. Бизнинг ўзимизнинг кайфиятимизда байрам бор эди. Мустақиллик буюк воқеа деймиз. Чунки битта одамнинг ҳаëтида юз берадиган буюк воқеа халқининг мустақил бўлишидир. 30 апрел куни тузилган Эрк партияси мустақиллик ғоясини байроқ қилиб кўтаришга шайланган ташкилот эди. Совет Ўзбекистони тарихида илк марта бундай ғоя билан чиқаëтган партиянинг биринчи қурултойи эди. Бу фақат битта ташкилот эмас¸ фақат битта сиëсий гуруҳ эмас халқнинг тарихида ҳам муҳим ролни ўйнаши мумкин бўлган ташкилотнинг биринчи қурултойи эди. Шунинг учун ҳам бизнинг руҳимиз жуда кўтаринки эди¸ дея эслайди Эрк партияси лидери Муҳаммад Солиҳ.

Эрк партияси эрк истади
Илтимос кутинг
Киритиш (Embed)

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:44 0:00
Бевосита линк



Ленин четга сурилган кун

Эрталаб қурултой бўладиган залга бирин-кетин делегатлар кела бошлади¸ деб ҳикоя қилади Ҳамидулла Нурмуҳаммедов.

- Бизлар ташкилий ишлар билан шуғулланиб¸ келганларни рўйхатга олиб¸ келадиганларга қўнғироқ қилиб юрганмиз. Ҳамма вилоятлардан келган 150 дан ортиқ одам бўлган. Янглишмасам ҳамма вилоятдан одам келган. Аренда қилинган. Пешинда Дўстлик ресторанида тушлик бўлган ҳамма одамга. Жуда кўтаринки руҳ билан ўтказилган. Бизларнинг ўйлаган ғояни биз гуруҳ одам эмас, жуда кўпчилик қўллаб-қувватлаганини ўшанда кўрганмиз. Таклиф қилинганлардан ташқари қурултой бўлаëтганини эшитиб келганлар ҳам бўлган¸ дейди Ҳамидулла Нурмуҳаммедов.

"Билимлар уйи" кираверишида қўйилган стол устида “Тўмарис”¸ “Туркистон”¸ “Эркин сўз”¸ “Демократик Хоразм” каби қўлбола усулда кўпайтирилган нашрлар тахлами турар эди. Сал ўтмай Эрк партиясининг ўша пайтдаги фаоли Дилором Исҳоқова ҳозиргина ротопринтдан чиққан Эрк газетасининг бир тахламини олиб келиб стол устига қўйди. Одамлар чанқоқлик билан бош саҳифасига “Кишан кийма¸ бўйин эгма” деб ëзилган варақа тарзидаги газетларни мутоала қилишни бошлаб юборишди.

Москванинг "Время" дастури мухбири Мухтор Ғаниев катта софитлар ëқиб қурултой делегатларини суратга олмоқда.

- Марказий телевидениедан келган эди. Шу куни хабар берганми бермаганми¸ билмайман. Ҳали қўшни республикаларда бунақа нарса йўқ эди. Биринчи шунақа сиëсий партия тузилган¸ дейди Ҳамидулла Нурмуҳаммедов.

Залга кириб келган делегатлардан бири саҳнада турган Лениннинг оқ бюстига қараб “Бизнинг бундай бут остида йиғилишимиз мақсадга мувофиқ эмас” дейиши биланоқ бир гуруҳ йигитлар Ленин ҳайкалини четга суриб¸ латта билан ўраб қўйишди.

- Бизлардан олдин ҳам сурганлар бўлганку. Бизларда ҳам бўлган. Президиумнинг ўртасида турган нарсани бир чеккага суриб¸ устига нарса ëпиштириб қўйганмиз. Чунки у сурилиб турадиган нарса бўлган экан. Бизлардан олдин ҳам сурилган бўлса керак. Чунки саҳнада у¸ дейди Ҳамидулла Нурмуҳаммедов.




Эрк уюштирган митинглар хақл ичидаги норозилик потенциали манзарасини кўрсата бошлаган эди.
Мустақиллик истаги

Ўзбекистонда сиëсий ҳаракатлар тузиш истаги менинг Болтиқбўйи республикаларига саëҳатимдан кейин пайдо бўлган эди¸ деб эслайди Эрк ташкилотчиларидан бири¸ ëзувчи Зоҳир Аълам.

- Гарчи кўплар айб қўйиб “Бўлаяпсизлар Бирликни” деса ҳам¸ у пайтда миллий ғурур¸ миллий озодлик ғояси конкрет реаллашмаган бўлса ҳам¸ ўзининг остига жуда кўп одамларни йиға бошлади. Шунинг учун бу бўлиниш фойда қилади¸ деб ўйладик. Яъни халқнинг янги кучи ўсиб чиқаяпти¸ деб қилганмиз. Мен келиб Бирлик тузганман. Бирликни мен тузганман. Эрк партиясини кейинчалик ҳаммамиз¸ Бирликдан ажралиб чиқиб Бирликда учрашган¸ Бирликда етишган одамлар тузишган. Албатта¸ мен иштирок этганман¸ дейди Зоҳир Аълам.

Сиëсий партия тузишдан асосий мақсад Ўзбекистоннинг том мустақиллигини талаб қилишдан иборат эди¸ деб таъкидлайди Зоҳир Аълам.

Зоҳир Аълам: Мустақилликни ният қилиб¸ программа сифатида қўйиб¸ тузилган партия бўлдида бу. Асосий ғоя мустақиллик ғояси эди. Кейин бошқа сиëсий¸ иқтисодий нималар. Лекин асоси мустақиллик ғояси эди.

Озодлик: Ҳали совет тузуми оëқда турган пайтда мутлақ мустақиллик талаб қилиш жасоратмиди?

- Энди жасорат¸ ҳозир янги партия очаман десангиз¸ жасорат. У пайтда Горбачëв эди¸ демократия эди. Жасорат қайси маънода¸ эринмаслик¸ шунга ўзини тикиш. Одам кун кўриш¸ пул топиш дардида юриши мумкин эдию. Ўша ғоя учун ишлайман деган одамлар шуни хоҳлаган. Жасорат фақат шу маънода бўлиши мумкин. Ўз манфаати учун эмас халқ манфаати учун¸ баландпарвоз бўлса ҳам¸ ўшанга нима қиламан деб тикиш. А так демократия эди. Жуда катта жасорат талаб қилинмас эди¸ дейди Зоҳир Аълам.

Бу саволга Муҳаммад Солиҳнинг жавоби мана бундай бўлди.

- Йўқ¸ жасорат эмас эди. Бу зарурат эди. Қурултойни ўтказиш билан ўтказишнинг фарқи бор. Ўша пайтда битта ғоя билан чиқиб туриб қурултойни ўтказиш¸ мустақиллик ғояси билан¸ биз яшаб турган зиëлилар қатламида¸ балки¸ жасорат эди. Аммо шахсан мен учун жасорат эмас эди бу. Аммо халқнинг ичида ўша пайтда мустақиллик ҳақида ҳеч қандай гап йўқ экан мустақилликни сиëсий партиянинг программаси сифатида кўтариш¸ албатта¸ жасорат эди¸ дейди Муҳаммад Солиҳ.

30 апрел куни бўлган Эрк қурултойида сўзга чиққанлардан бири иттифоқ таркибида эркин бўлишни айтса¸ яна бири “ўзимиз қул бўлсак ҳам¸ руҳимиз эркин бўлсин” деган тумтароқ гапларни айтди. Мустақиллик ҳақида ўз фикрларини ўта аниқ баëн қилганлардан бири адабиëтшунос олим Нажмиддин Комилов бўлди. Комилов¸ Ўзбекистоннинг ери¸ суви¸ осмони¸ одамлари ва бойликлари мутлақ мустақил бўлиши лозимлигини аниқ-тиниқ айтди. Орадан 20 йил ўтиб домла ўша дамларни хушнудлик билан эслади.

Нажмиддин Комилов: Кураш пайти эди. Мана мустақил бўлдию. Ниятга эришдик.

Озодлик: Сиз адабиëтшунос олимсиз¸ қадимги сўфизмни ўргангансиз. Бирдан Ўзбекистон мустақиллигига фундаментал маъруза билан чиққанингиз қизиқ эдида. Бунга нима сабаб эди?

Нажмиддин Комилов: Ватан мустақиллиги учун курашган шунча авлодлар¸ аждодлар руҳи мадад бўлганда! Нима сабаб бўларди энди.

Озодлик: Ўша пайтда биров суверен деган¸ биров эгемен деган¸ биров СССР таркибида мустақил деган. Фақат сизгина “мутлақ мустақил” деб айтгансиз.

Нажмиддин Комилов: Ватан мустақил бўлиши учун курашиши керакда ҳар бир ўзбекистонлик. Тайëргарликлар ҳам кўп эди. Бизларнинг кафедра Ғайбулло Саломовнинг кафедраси эди. Мен Ғайбулло Саломовнинг шогирдиманда. Домла шу нарса учун кўп азият чеккан. Мустақил ўзбек маданиятини шакллантириш¸ кадрларни тарбиялашда кўп нималар қилган. Бизларни ҳам шу руҳда тарбиялаганда у киши. Шуларнинг ҳаммасининг таъсири бўлганда. Бизларнинг факултетда¸ журналистика факултетида¸ Миллий университетнинг ўзида бунақа нарсалар бўлиб турарди¸ руҳ баланд эди.

Озодлик: Менинг ëнимда Хоразм университетининг битта домласи ўтирган эди. У киши “Шунча атом бомбаси бор Совет иттифоқида қандай мустақил бўлади? Домла сал фантазияга берилди” деб киноя қилган эди.

- (мазза қилиб кулиб) Кўтарилиш пайти эдида. Миллий уйғониш бошланди. Кўтарилиш пайти эди¸ дейди адабиëтшунос олим Нажмиддин Комилов.



Илк қадамлариданоқ эркчилар матбуотни халқ тарафида бўлишга даъват қилишга киришди.
Коммунизм шафақлари

“Бу тонг эмас, шом шафақларидир. Биз кунчиқарга эмас, кунботарга қараб турибмиз. Зотан, коммунизм қуёши ҳам бир пайтлар – нотабиий бир тарзда ғарбдан чиққан эди. У бугун ғарбда ботмоқда”.

Бу калималар билан бошланган Муҳаммад Солиҳнинг қурултойдаги чиқиши икки муждадан иборат бўлди.

Биринчиси¸ коммунизм бир ҳукмрон мафкура ўлароқ ўлмоқда¸ биз бу жасад тагида қолиб сасишдан эҳтиëт бўлмоғимиз лозим.

Иккинчиси¸ Ўзбекистон мутлақ мустақил давлат бўлиши лозим.

Бу нутқни ирод қилаëтган пайтда Муҳаммад Солиҳ 40 ëшдан энди ошган иддаоли¸ аммо бугунги ўлчовлар кўзойнагидан қаралса¸ довучча каби ғўр сиëсатчи эди.

- Биринчидан¸ Эрк партияси деб номладик бу ташкилотни ва унинг биринчи ғояси ватанимиз мустақиллиги эди. Эрк сўзи мустақилликнинг рамзи сифатида танланди.

Иккинчидан¸ ҳақиқатан коммунизмнинг шафағи кўриниб қолган эди. У пайтда барибир совет давлати гўë мустақил давлат сифатида ўзининг умрини давом эттириши тахминлари асосан ҳоким эди. Лекин бизнинг тахминимиз¸ бизнинг ҳис-туйғумиз бу нарсанинг тугаб бораëтганини ифодалаган эди. Менинг “Коммунизм шафақлари” деган нутқим коммунизм қуëшининг ботишини ифодалаган чиқиш эди. Биз буни илҳом билан¸ кўтаринки бир шаклда ифода этдик. Бу қурултой халқнинг мустақилликка бўлган орзусининг амалий шаклда ташланган биринчи одими эди¸ дейди Муҳаммад Солиҳ.

Солиҳ Ўзбекистон парламенти депутатлигига сайланган¸ аммо қизил байроқ шаклидаги депутатлик нишонини тақишдан ор қилиб бировга совға қилиб юборган бир романтик даврлар эди.

Орадан сал ўтмай Солиҳ парламентни норозилик билдириб ташлаб кетади. Хўш¸ бу қадамнинг сиëсий оқибатлари қандай бўлди? Парламентни ташлаб Эрк раҳбари тўғри қилдими? Бу саволган Зоҳир Аълам жавоб беради.

- Умуман¸ бир томондан тўғри бўлди¸ бир томондан нотўғри бўлди. Чиқиб кетмаганда чиқариб юборишарди. Ҳаммасини кўриб туриб худди билмасликка олиб савол бераяпсизда. 20 йил қандай катта вақт. Воқеалар бутунлай бошқа¸ ҳокимият бошқа¸ муҳит бошқа¸ дейди Зоҳир Аълам.

Академик Бек Тошмуҳаммедов назарида¸ Солиҳ мамлакатдан чиқиб кетиб тўғри иш қилди.

- Муҳаммад Солиҳ менинг яқин дўстим. У салоҳиятли сиëсатчи. Унинг мамлакатни тарк қилиши ўзи учун ҳам¸ партияси учун ҳам хайрли бўлди. Бўлмаса уни ҳам¸ партияни ҳам йўқ қилишар эди¸ деб фикр билдиради академик Тошмуҳаммедов.



Бундан 20 йил муқаддам ўзбек ижодий зиëлиларининг олдилари Эрк сафида эди.
Ўлдирилган партия

Маяковскийда шундай сатрлар бор: “Партия деганимиз бу Ленин¸ демак Ленинни англаймиз партия десак”. Бу мисраларни Солиҳ ва Эрк партиясига тадбиқ қилсак истеҳзоли борлиқдай эшитилади. Кўпчилик¸ Эрк деганимиз он Муҳаммад Солиҳни кўз олдига келтиради.

Аммо партия илк қадамларини қўйган пайтда Зоҳир Аълам¸ Эркин Воҳидов¸ Аҳмад Аъзам¸ Усмон Азимов каби вазни оғир шахслар етовида эди. Аммо бу кишилар бирин-кетин Эркни тарк қилишди. Шоди Каримов (марҳум) “Истиқлол йўли” деган партияни ташкил қилишга уринган бўлса¸ Усмон Азимов “Ватан тараққиëти”¸ Аҳмад Аъзам “Фидокорлар” партиясини тузди.

Устига тош бостирилган Эрк фирқасидан фарқли ўлароқ бу партиялар бугунгача яшаб кела олмади. Бунинг сабабини Зоҳир Аълам изоҳлашга уринди.

- Менимча¸ улар бировнинг буйруғи билан қилган бўлиши мумкин Эркдан одамларни чалғитаман деб. Ëки одамлар қўшилиб кетаверади¸ деб ўйлаб шуҳратпарастликдан қилган бўлиши мумкин. Балки уларда ҳам миллий ғоя бўлган бўлиши мумкин. Ҳозир улар нимага йўқлиги¸ ҳаëтда биласизку чўнтак партиялар бўлади. Шунақа бўлиши мумкин улар. Мана ҳозир ҳам Каримовнинг нечта чўнтак партияси бор. Одамлар бошқа. Эртага Аҳмад Аъзам¸ Нажмиддин Комилов¸ Усмон Азим ҳаммаси ҳукумат тарафга ўтиб кетиб ишлади. Уни мақтаб юришди. Қанақасига буларни тенглаштириш мумкин? Нажмиддин Комилов унинг қанотига кирди. Қувғинда юрган одамлар билан уларни бир қаторга қўйиб гапираяпсиз¸ дейди Зоҳир Аълам.

Эрк партияси ядросини ташкил қилган ëзувчи зиëлилар Оқсаройдаги лавозим курсиси¸ деб аталган ва аслида мухолифатни тор-мор қилиш учун қўйилган қармоққа илинишди¸ деб эслайди Зоҳир Аълам.

- Мени ҳам чақиришди. Мен бормадим у ерга. Уч марта чақиришган ишга. Борганим йўқ. Гап унда эмас. Вазият бутунлай ўзгариб кетганини сиз ҳисобга олмаяпсиз. Именно 1993-1994 да ўзгарди. Ўшанда ўлдириб бўлган эди Каримов бизнинг партияларнинг ҳаммасини. Албатта¸ шунақа бўлди. Чунки ҳозир йўқ партия. Партиянинг ўзи йўқ ҳалол гапириладиган бўлса. Номи бор фақат. Иш қилиб бўлмайди¸ иш қилиш мумкин эмас. Бу ғоя¸ албатта¸ сақланиб қолади. Келажаги бўлиши мумкин¸ лекин ҳозир воқеалар бутунлай бошқа ëққа қараб кетаяптику. Албатта¸ келажак қачонлардир бўлади. Қачонки¸ одамларга яна эркинлик берилса¸ демократия берилса. Одамлар демократияга курашиб¸ яна демократияга эришса¸ албатта¸ бўлади. Аммо бунақа тоталитар режимда ва тўла мустақилликка эришмасдан туриб бир нарса бўлишига мен унча ишонмайман¸ дейди Зоҳир Аълам.

Муҳаммад Солиҳ назарида¸ сиëсат узоққа югуриладиган бир марафон пойгаси ва бу пойганинг старт чизиғидан югурган ҳамма ҳам маррага етиб кела олмайди.

Муҳаммад Солиҳ: Фақат бу одамлар марафонга чидай олгани йўқ ва оғир синов келди. Синовда ҳаммаси сафдан чиқдилар¸ қочдилар ва баъзилари¸ сиëсий термин билан айтганда¸ хиëнат қилдилар ғоямизга. Бу марафон. Бу 100 метрга югуриш эмас. Бу майдонни чидаганга чиқарган. Синов енгил бўлгани йўқ. Синов шавқатсиз бўлди. Мана шундан кейин терилиб-терилиб инсонлар оз қолди. Фақат мен ўзим битта қолганим йўқ. Битта одамнинг партиясига ҳам айлангани йўқ. Ўша пайтда ҳам битта одамнинг партияси¸ деб айтиш мумкин эди. Ўша пайтда ҳам бу ...

Озодлик: Менинг айтмоқчи бўлган нарсам бир от кучи бор¸ икки от кучи бор. Замонавий машиналарда анча кўп от кучи бор. Отларнинг ҳаммаси билан юк тортиладида.

- Отларнинг ҳаммаси ҳам от чиққани йўқ. Баъзиларининг эшаклиги маълум бўлди. Баъзиларининг ундан ҳам пастроқ кучга эга эканлиги маълум бўлди. Отнинг отлиги ҳам довондан ошишда билинади. Довондан оша олмаганлар йўлда қолиб кетдилар. Кейин келиб қўшилган отлар бор¸ яна қўшилажак отлар бор. От категориясига индирсанг¸ фикрингни кўп ифодалай олмайсан. От ҳамма нарсани ўзига қамраб оладиган мажоз эмас¸ дейди Эрк демократик партияси лидери Муҳаммад Солиҳ.

Умуман Эрк партияси тарихини таҳлил қилар эканмиз¸ бу партиянинг илк қадамлари кучли бўлганини кўрамиз. Аммо бу кучли партия нега бу қадар заифланиб қолди? Бир гангстер иккинчи гангстерга қараб “Сен шу қадар зўр бўлсанг¸ нега оëғим тагида ўлиб ëтибсан?” деб савол беради. (русча варианти - если ты такой крутой¸ почему такой мертвый?)

Биз бу саволни Муҳаммад Солиҳга бердик.

- Мана шу қилинган тазйиқ остида¸ мана шу қилинган катта зулм остида оëққа турадиган ва бугун ҳам “мен ҳали ҳам эркчиман” деб тургани учун шукур қиламан. Бизнинг ҳеч қанақа мақтанадиган жойимиз йўқ. Ким айтаяпти мен кучли партияман ëки мен кучли лидерман деб? Мен айтаяпманки¸ бу нарсани биздан бошқа кучли гапириб билган одам йўқ. Бу ҳақиқатан бор гап. Шу маънода ҳақиқатан ўша ердаги ичкарида ўтирган одамлар ҳали ҳам чойхонада бўлса ҳам ўтказаяпти мажлисни. Отаназар ака ўша ерда туриб қамоқда ўтириб келган¸ уйи ўралиб турган бўлса ҳам гапираяпти. Бошқа бир партия борми шунақа гапираëтган? Йўқ¸ дейди Муҳаммад Солиҳ.

- Вазият¸ муҳитни яхши биласизку. Эрк партиясини ўлдиришди, деб айтаяпманку мен. Ҳозир ҳамма ўлик. Бирлик ҳам ўлик¸ ўша айтган Усмонлар¸ ҳамма ўлик. Ҳозир тоталитар режим бўлса¸ қанақа қилиб партиялар яшаши мумкин? Высказывание иной мысли при тоталитаризме - есть социальный идиотизм¸ дейилади. Мумкин эмас¸ дейди Зоҳир Аълам.



Aдлия вазирлигининг Эрк партиясини қайта рўйхатдан ўтказмаслик ҳақдаги қарори.
Илдизлар ва япроқлар

Эрк партиясининг илдизлари ўтган аср бошларига бориб тақалади. Профессор Темур Хўжа ўғлига кўра¸ Эрк номини ташиган партия 1918 йилда фаолият кўрсатган ва болшевиклар тарафидан йўқ қилинган.

- Тарихда Туркистонда тузилган Эрк партияси 1918 йилдан бошлаб фаолият кўрсатган. Туркистонда бу партия сўлчи кўз қарашда бўлса ҳам Туркистоннинг кўп партиявийлик томон қадам ташлашига имкон туғдирган эди. Совет диктатура тузуми ўша партияни ҳам йўқ қилди¸ дейди Темур Хўжа ўғли.

1990 йилда тузилган Эрк партияси айни шу жадид партиясининг руҳий вориси эди. Биз жадидлар тузган партиянинг тарих қатларида қолган ип учларидан ушлаб ўзимизга руҳий қувват ола олган эдик¸ дейди Муҳаммад Солиҳ.

Муҳаммад Солиҳ: Жадидларнинг тарихини мен ўқиганман. Аммо жуда чуқур таниш жойим йўқ эди. Умуман ўша 1910 йилларда Чўлпон¸ Фитрат¸ Беҳбудий¸ Чиғатой гурунги – буларни систематик шаклда юзакироқ билар эдик. 1910 йилларда Бирлик партияси ҳам бор эди. Кейинги тузилган партияларни улардан иқтибос дейиш мумкин. Том маънода эмас. Ғоявий-мажозий маънода Эрк партиясини уларнинг давомчиси дейиш мумкин.

Озодлик: Илдиз бор.

Муҳаммад Солиҳ: Албатта.

Озодлик: Япроқлари чиқадими? Эртанги кунини нима деймиз?

- Биз япроқлар чиқиши учун қўлимиздан келганча тагини юмшатиб ғоянинг сувини қуйиб турибмиз. Аммо тагини юмшатмасдан бизнинг тагимизга сув қуядиганлар кўпроқ¸ дейди бундан 20 йил муқаддам Ўзбекистондаги илк мухолиф партияга асос солган Муҳаммад Солиҳ.

Эрк партиясининг янги ўзбек сиëсй тарихидаги ўрни ҳақида эса профессор Темир Хўжа ўғли гапиради.

- Ошкоралик¸ Горбачëв даврида кўп халқ ҳаракатлари тузилган эди. Фақат сиëсий партия бўлиб Эрк партияси тузилишининг Ўзбекистон кўп партиявийлик ҳаëтида катта аҳамияти бор. Чунки Эрк партияси тузилиши биланоқ Ўзбекистонда ҳақиқий маънода бир оппозиция партиясининг пайдо бўлгани аниқланди ва бу партия ҳеч бир ҳукумат ëки совет тузуми томонидан тузилмасдан кишиларнинг ўз эркин ихтиëри билан тузилган партия эди. Бу партия орқали Ўзбекистонда кўп партиявийлик каби бир ҳаëтнинг ривожланишига бир имкон туғилган бўлди. Эрк партияси кейин парламент сайловларида ҳам иштирок этди. Унинг аъзоларидан Ўзбекистон Олий советига сайланди. Аммо афсуски¸ совет иттифоқи қулаб мустақиллик даврида бошида Эрк партияси ва бошқа халқ ҳаракатларига сиëсий тузум рухсат бермади. Бу эса Горбачëв даврида Ўзбекистоннинг демократия сари ривожланишда катта умид бўлган Эрк партиясининг бу ҳаракати¸ афсус¸ яхши натижа бермади. Ҳолбуки¸ Эрк партияси ва унга ўхшаш бошқа партияларнинг ҳам ривожланишига рухсат берилса эди¸ Ўзбекистон бугун дунë кўламида катта обрўга эга бўлар эди¸ дейди Темур Хўжа ўғли.

Бугун Ўзбекистондаги мухолиф ҳаракатлар¸ хусусан Эрк партиясига қарши таънаю малолатлар ëғилмоқда. Одамлар партияни фаолиятсизликда айбламоқда. Тарихчи олим Темур Хўжа назарида¸ дунëдаги энг репрессив тизимлардан бири бўлган Ўзбекистон зулми остида қолаëтган сиëсий ҳаракатларга таъна қилиш адолатдан эмас. Қўл оëғи боғланган¸ устига харсанг тош бостирилган одамга қараб “Нега сен қимирламаяпсан?” дейиш тўғрими¸ деб фикр билдиради тарихчи олим.

- Агар эркин шароитда қўйилса эди¸ ўшанда кучли партиялар оëққа туришга ва фаолиятлар олиб боришда давом этар¸ яхши тузилмаган ва халқ томонидан қўллаб-қувватланмаган партиялар четда қолдирилар эди. Ана шундай шароитда биз “Эрк партияси фаолиятлари ривожланмасдан тўхтаб қолди” деб ҳукм қилишимиз мумкин эди. Аммо тузум томонидан бу партияга қарши қаттиқ сиëсат олиб бориб¸ унинг фаолиятига имкон берилмаганда бизнинг Эрк партияси ëки Ўзбекистондаги бошқа халқ ҳаракати партияларини айблашга ўртада далил йўқ. Эркин шароитда имкон бўлса эди¸ унда партияларни баҳолашимиз мумкин эди. Мана шундай шароитда партиянинг раҳбариятига ëки унинг аъзоларининг зиммаларига айби юклаш адолатсизлик бўлади¸ дейди Темур Хўжа ўғли.


Сўнгсўз ўрнида...

Бугун Эрк тузилган кун билан Муҳаммад Солиҳ орасида 20 йиллик масофа бор. Муҳаммад Солиҳ ва унинг Ўзбекистондаги сафдошлари ўртасида эса минглаб чақирим масофа. Сиëсат тарихида масофа баъзан салбий¸ баъзан ижобий рол ўйнагани маълум. Муҳожиратдаги сиëсатчиларнинг юрт ичидаги сафдошларига мактуб билан мурожаат қилиш анъанаси бор. Солиҳ ҳам ана шу анъана чорчўбида ўзининг сафдошларига мактуб йўллади.


ЭРКЧИЛАРГА МУРОЖААТ
(ЭРК партияси тузилишининг 20 йиллиги муносабати билан)

Азиз дўстларим, азиз сафдошларим,сизларни “азиз” дер экан, буни шунчаки муомала одоби юзасидан эмас, шунчаки назокат учун эмас, балки чиндан ҳам азиз бўлганингиз учун шундай мурожаат этмоқдаман. Мен учун азизсиз, мўътабарсиз,чунки сизлар оғир бир синовдан ўтдингиз, аммо эгилмадингиз, букилмадингиз ва яна ўша қутлуғ ғоя маъбадида, Холиққа қуллик ва халққа хизмат маъбадида учрашиб турибмиз.

Бундан 26 йил муқаддам, 1984 йилда халқимизнинг маънавий маъбадларига хуруж бошланганида, масжидларимиз қуббаларидаги ҳилол ўроқ ва болға билан алмаштирила бошлаган бир пайтда, аёлларимизнинг рўмоллари бошидан юлиб олиниб, китобларимиздан Худо, фаришта, пайғамбар калималари ўчирила бошлаган пайтда¸ сиз билан биз бир ғалати титрагандик, ўзимизга келгандик ва қуйи солинган бошимизни бир кўтариб, зулмнинг кўзига ëвқур бир нигоҳла бир тикилган эдик, эслайсизми?

Бир қутлуғ вазифага толиблик ҳисси уйғонганди ичимизда, аммо ҳали вақт келмаганди гўё. Пайт келса, нимага ярашимизни мушоҳада қила бошлагандик.

“Пайт келса, билмайман, нега ярайман?
Қўлимда пиёла. Чордона қуриб,
Лоқайдлик пардаси аро қарайман:
Ҳали ўнгламади ўзини зўрлик,
Қанотин ёзмади ҳали ҳақорат,
Ҳали қиёмига етмади хўрлик”, деб ўйлардик биз.

Аслида, хўрлик ҳам¸ ҳақорат ҳам қиёмига етиб бўлганди. Биз бор-йўғи 7 йилдан сўнгра дунё атеизмининг мустаҳкам қалъаси бўлган Советлар иттифоқининг чўкажагини тасаввур ҳам қила олмасдик. Аммо бу бизни умидсизликка судрагани йўқ эди ўшанда. Сиз ҳеч иккиланмай халқ тарафида саф тутдингиз ва зулмга қарши 53 та ёш шоир ва ёзувчи имзо чеккан “Политбюрога мактуб" манифестини ёзиб, Коммунистлар қалъасида илк дарчани очдингиз.

Бу воқеадан 6 йил сўнгра, ўшанда кўрсатган шижоатингиз маҳсули бўлмиш ЭРК ташкилоти Ўзбекистон Мустақиллиги Баённомасини коммунистлар парламентига қабул қилдирди. Бу Баённома ўзбек халқининг тарихида энг порлоқ саҳифалардан биридир. Ўзбекистондаги мавжуд ҳукумат 20 йил давомида бу санани унуттиришга интилмоқда, аммо халқимиз буни асло унутмайди. Чунки буни унутиш ўзликни унутиш демакдир.

Азиз дўстларим, сафдошларим,

бундан 26 йил муқаддам Совет мазолими қаршисида умидсизликка тушмасдан, қандай бош кўтарган бўлсангизлар, бугун ҳам ўша мазолимнинг сарқити бўлмиш режим қаршисида шундай матонатли туришингизни кўриш мен учун энг гўзал байрамдир. Бир ҳовучсиз, аммо халқ шу бир ҳовучнинг атрофида тўпланган эди бундан 26 йил аввал. Оломонни халққа, низомсиз жамоани дастурли ҳаракатга айлантирган Сизлар эдингиз.

Сизнинг бу тажрибангизга бугун халқимизнинг эҳтиёжи бор.

Зулм пойидор эмаслигини яна бир марта исбот қилиш пайти келмоқда, келди.

Бу ҳақиқатни икки марта исбот этиш учун инсоннинг умри етармикин? Иншоолоҳ¸ етажакдир, етмоқда.

Қани, юрайлик!.

Муҳаммад Солиҳ
XS
SM
MD
LG