Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 06:22

“Зеромакс” ширкати расман тугатилди


Айрим тахминларга кўра¸ Ўзбекистондаги UzGazOil ëнилғи шаҳобчалари яқин келажакда Лукойл номи билан иш бошлаши мумкин.
Айрим тахминларга кўра¸ Ўзбекистондаги UzGazOil ëнилғи шаҳобчалари яқин келажакда Лукойл номи билан иш бошлаши мумкин.

Бу хабарни Озодликка ширкатга яқин манба йўллади. Айни пайтда¸ Ўзбекистондаги аксар даромадли соҳаларни ўз монополиясига айлантирган "Зеромакс" ширкатининг Тошкент ва Москва ҳукуматлари ўртасида бўлиб олингани хабари ҳам пайдо бўлди.


“Зеромакс” расман тугатилди", дея маълум қилди Озодлик билан суҳбатда ширкатга яқин бўлган манба.

Ўтган жума куни, ширкат раҳбарияти ишда қолаётган саноқли ходимларни ишдан бўшатди ва “Зеромакс” ўрнига бошқа ширкат ташкил этилса, уларнинг баъзилари қайтадан ишга олинишини ваъда қилди, деди суҳбатдошимиз.

Унинг айтишича, май ойи бошида Тошкент шаҳар Хўжалик суди қарорига кўра ҳибсга олинган “Зеромакс”га тегишли ҳисоб рақамлари ва мулкларни давлат тасарруфига ўтказиш қарори ҳозирча қабул қилинмаган.

Ҳозирда “Зеромакс” идорасида телефонга жавоб берадиган бир-иккита котибалар қолган холос, деди яна суҳбатдошимиз.

Ширкатга қарашли телефон рақамларига қўнғироқ қилганимизда, гўшакни кўтарган котиба, “барча ходимлар, матбуот хизмати ҳам, раҳбарият ҳам, таътилга чиқиб кетган”, дея гўшакни қўйиб қўйди.

Президент Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримова назорат қилиши айтиладиган “Зеромакс” Швейцарияда рўйxатдан ўтган ва расман бу мамлакатга қарашли ширкат ҳисобланади. Асосий фаолиятини Ўзбекистонда амалга оширган бўлса-да, ширкат ҳуқуқларини хорижий адвокатлик фирмалари ҳимоя қилган. Улардан бири Лондондаги “White & Case” адвокатлик фирмаси вакили Швейцарияда рўйхатдан ўтган мижозининг Ўзбекистонда йўқ қилинишига оид ҳолатни изоҳсиз қолдирди.

- Кечирасизу, бу масалани сиз билан муҳокама қилишга тайёр эмасмиз, дея гапни қисқа қилди “White & Case” адвокатлик фирмасининг ўзини таништирмаган ходими.

Ўзбекистонлик ҳуқуқшунос Руҳиддин Комилов “Зеромакс” ширкати Ўзбекистонда фаолият олиб бориб, мамлакат қонунларини бузган бўлса, унга нисбатан кўрилаётган ҳозирги чораларнинг қонун доирасидан чиқмаслигини айтади.

- Барча хорижий компаниялар¸ жумладан "Зеромакс" бўладими ëки ундан каттакон компания бўладими¸ мажбур бизнинг қонун-қоидаларимизга бўйсунишга¸ бажаришга ҳамда шу қонун-қоидаларга асосан жавоб беришга. Улар қайси мамлакатнинг хорижий компанияси бўлишидан қатъий назар¸ бизнинг чегарамиздан кириб келгандан кейин юридик тааллуқлилиги¸ юридик жавобгарлиги бизнинг мамлакат бўйича бўлади. Агарда қонунбузарлик ҳолатлари бўлса¸ хорижий компания бўладими¸ маҳаллий бўладими молиявий чоралар қўлланилиши аниқ. Бу қонун устувор мамлакатдада. Битта бизларда эмас бутун дунëда шу нарса мавжуд. Бу табиий ҳол. "Зеромакс" бўладими "Максзеро" бўладими фарқи йўқ. Суднинг қарори бўлса¸ демак қанақадир зиëнлар мавжуд. Ўша зиëнларни қоплаш учун унинг мол-мулклари мусодара қилинаяпти. "Парвина банк"да бўлаëтган иш шунга бўлаяпти назаримда¸ дейди ҳуқуқшунос.

Германиялик тадбиркор Андреас Альбреҳт Швейцарияда рўйхатдан ўтган фирманинг эгаси. Унинг айтишича, “Зеромакс” ширкатининг хўжайинлари Ўзбекистон фуқаролари бўлиб, унинг фаолияти Ўзбекистонда ширкатнинг шўъба корхоналари орқали амалга оширилган бўлса, Швейцария ҳукумати бу ширкатни ҳимоя қилиш ва бу ишга аралашишдан манфаатдор эмас.

- Ўзбекистондаги шўъба корхоналар Ўзбекистон қонунчилиги доирасида амал қилади ва Ўзбекистон ҳукумати уларга нисбатан истаган чораларни кўриши мумкин. Чоралар қонун доирасида бўладими, йўқми бу бошқа масала. Лекин Ўзбекистон ҳукумати “Зеромакс”га тегишли шўъба корхоналар қонунни бузган, деб топса, ширкатнинг ҳисоб рақамлари ва мулкларини ҳибсга олиши мумкин. Албатта, улар буни қонун билан исботлашлари лозим, лекин президент Ислом Каримов ўзи истаган қонунларни чиқариши инобатга олинса, ширкатга нисбатан жазо чораларини қўллашда муаммолар пайдо бўлмайди. Агар Ўзбекистон фуқаролари Швейцарияда рўйхатдан ўтган ширкатга тегишли шўъба корхоналар орқали Ўзбекистонда фаолият олиб бориб, муаммоларга дуч келган бўлса, Швецария ҳукуматининг бу ишга аралашиб, ўзга мамлакат фуқаролари манфаатларини ҳимоя қилишини ҳам тасаввур қила олмайман, дейди немис тадбиркори.

Айни пайтда, www.uznews.net агентлиги “Зеромакс” ширкати акцияларининг давлатга қарашили “Ўзбекнефтегаз” ва Россиянинг “Лукойл” ширкатига сотилган бўлиши мумкинлигини хабар қилди. Агентликка бу ҳақда “Ўзбекнефтегаз” ширкатидаги манба маълум қилган. Бу савдода “Ўзбекнефтегаз”га “Зеромакс” активларининг 51 фоизи, “Лукойл” ширкатига эса 49 фоизи теккан.

“Ўзбекнефтегаз”даги манбага таяниб хабар қилган www.uznews.net агентлигига кўра, “Зеромакс”ни сотиш қарори Гулнора Каримованинг ўзи томонидан қабул қилинган.

Ҳозирча бу маълумотлар тасдиқлангани йўқ¸ айни пайтда бизнес олди-бердилари енг учида битказиладиган Ўзбекистонда бу маълумотнинг расмий тасдиғини топиши ҳам даргумон.

“Лукойл” ширкати матбуот вакили Геннадий Красовский Озодлик радиосининг бу ҳақдаги саволини изоҳлашни истамади.

- Знаете¸ я это не комментирую¸ дея гапни қисқа қилди “Лукойл” вакили.

Агар “Зеромакс”нинг “Ўзбекнефтегаз” ва “Лукойл” ўртасида тақсимлаб берилганига оид маълумот рост бўлиб чиқса, Россия Бош вазирининг биринчи ўринбосари Сергей Иванов Тошкентга қилган сафари чоғида илгари сурган Ўзбекистон билан Россия ўртасидаги газ ва нефт олди-сотдисида воситачилардан қутилиш таклифи қабул қилинганини англатиши мумкин.

“Биз ўртада турувчи фирибгар воситачилардан қутилиш тарафдоримиз”, деган эди март ойида Тошкентда Бош вазир Шавкат Мирзиëев билан учрашувдан сўнг Россия мулозими.

Иванов айни сафари чоғида шунингдек, Россиянинг "Лукойл" ширкати Ўзбекистондаги газ конларини ўзлаштириш лойиҳаларига 450 миллион АҚШ доллари миқдорида сармоя ётқизишини ҳам эълон қилган эди.
XS
SM
MD
LG