Линклар

Шошилинч хабар
27 декабр 2024, Тошкент вақти: 05:31

Хитой ҳам¸ Ўзбекистон ҳам эҳтиëткор


Бугун Марказий Осиë бозорларини тўлдириб турган аксар кенг истеъмол молларининг аксар қисми Хитойдан келмоқда.
Бугун Марказий Осиë бозорларини тўлдириб турган аксар кенг истеъмол молларининг аксар қисми Хитойдан келмоқда.

Ўзбекистон бозорларини асосан Хитой моллари тўлдириб турганига қарамай¸ Хитой ишбилармонларининг ўзбек иқтисодидаги роли анчайин суст. Таҳлилчилар¸ буни Тошкентнинг муҳофазакор сиëсати¸ айни пайтда хитойликларнинг Ўзбекистондаги сармоя муҳитига ишончсизлиги билан изоҳламоқда.


Хитой Халқ республикаси раиси Ху Цзинтао 9 июн куни давлат ташрифи билан Тошкентга келди.

ЎзА ахборот агентлиги хабарига қараганда, "Ўзбекистон президенти Ислом Каримов ва ХХР раиси Ху Цзинтао Ўзбекистон билан Хитой ўртасидаги муносабатларни янада ривожлантириш масалаларини, ўзларини қизиқтирган минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик масалаларни муҳокама қиладилар. Музокара якунида турли соҳаларда икки мамлакатнинг ҳамкорлигини янада ривожлантиришга қаратилган қатор ҳужжатлар имзоланиши режалаштирилмоқда".

Хитой раҳбарининг Ўзбекистонга ташрифи муносабати билан Тошкент-Пекин иқтисодий алоқалари таҳлилига бағишланган аввалги мақолада Хитойнинг Ўзбекистон билан иқтисодий алоқалари минтақадаги бошқа давлатлар билан алоқаларига қиёслаганда, юмшоқроқ айтар бўлсак, заифроқ эканлиги тўғрисида кенг кўламда сўз юритилган эди.

Бугун конкрет масалага – Хитой кичик ва ўрта бизнесининг Ўзбекистондаги ҳозирлигига тўхталмоқчимиз.

Бу соҳада ҳам Ўзбекистоннинг қўшнилари Хитой билан ўта тиғиз алоқа ўрнатган.

Масалан, Хитой кичик ва ўрта бизнеси, баъзи маълумотларга қараганда, Тожикистонга сўнгги 5 йил ичида жадал кириб келди. Шу кунда бу республикада хитойликларни электроэнергетика, кон саноати, транспорт ва телекоммуникация соҳаларида учратиш мумкин.

Худди шундай гапни Қирғизистон мисолида ҳам айтса бўлади.

Қирғизистонлик иқтисодчи Жумақадир Аканеевнинг айтишича, кичик ва ўрта бизнес даражасида Қирғизистон билан ҳамкор давлатлар рўйхатида Хитой биринчи ўриндадир.

Иқтисодчининг айтишича, Қирғизистон-Хитой иқтисодий ҳамкорлигининг асосини Қирғизистондаги Хитой товарлари сотилувчи икки бозор: жанубдаги Қорасув ва шимолдаги Дўрдўй бозорлари ташкил қилади.

- Қорасув бозори Ўш вилояти аҳолисининг 40 фоизини, Дўрдўй эса, Бишкек аҳолисининг 30 фоизини иш билан таъминлайди, дейди Жумақадир Аканеев.

У айтаётгани рақамлар, шу бозорлар борлиги туфайли ишлаб турган, ўзлари бозор ҳудудидан ташқарида бўлган қатор ишлаб чиқариш корхоналари ишчи-ходимларини ҳам, қамраб олишини қўшимча қилди.

Шу кунда Хитой ресторанлари, меҳмонхоналари, мебелсозлик цехлари, ғишт заводлари, юк машиналари, дўконлар пешонасига осилган хитойи иероглифлар Қирғизистон манзарасининг ажралмас қисмига айланиб улгурган.

(Бу яхшими-ёмонми? Мақоламизда бу саволга жавоб изламоқчи эмасмиз).

Хўш, Ўзбекистондачи?

Фарғоналик иқтисодчи Маъруфжон Абдураҳмоновнинг айтишича, агар товарларини айтмаса, Хитойни Ўзбекистонга кириб келган, деб бўлмайди.

- Ҳали бирорта ҳам Хитой-Ўзбек ëки Ўзбек-Хитой қўшма корхонаси борлиги¸ кичик бизнес субъекти бор эканлигини эшитган эмасман. Бирор-бир корхона очгани¸ иш ташкил қилишганини ҳеч эшитган эмасман¸ дейди Маъруфжон Абдураҳмонов.

Хўш, қўшнилари хитойлик тадбиркорлар “оёқларига поёндоз тўшаётган” бир пайтда, Тошкент нима учун Пекинни ўзидан итариб турибди?

Маъруфжон Абдураҳмоновнинг фикрича, ҳамма гап Ўзбекистондаги инвестицион муҳитнинг ёмонлигида.

Маъруфжон Абдураҳмонов: Айниқса маҳаллий ҳокимият органларининг сармоясини ëтқизиб у ëки бу корхонани ташкил қилишни истаган мулкдорларга¸ тадбиркорларга муносабатида деб ўйлайман. Бўлмаса оддий бир нарсада. Хамиртуруш мана. Масалан аëлимиз бугун хамиртуруш олиб келиб нон қилди. Шу хамиртурушни нима учун энди Хитойдан олиб келиш керак? Наҳотки Ўзбекистонда шу нарсани ишлаб чиқарадиган корхона ташкил қилишнинг иложи бўлмаса?

Озодлик: Хамиртуруш Хитойникими?

- Ҳа¸ Хитойнинг хамиртуруши. Хитой хамиртуруши билан Ўзбекистонда нон ëпаяпмиз. Ун Қозоғистонники¸ дейди Маъруфжон Абдураҳмонов.

Ўзбекистонлик иқтисодчи Виктор Ивониннинг фикрича, инвеситицион муҳитни баҳона қилиш –айбни арпа унга тўнкашга ўхшаш гапдир.

- Инвестицион муҳитни давлат яратиб бермайди, уни тадбиркорларнинг ўзлари яратиши керак. Хитойнинг бир-иккита йирик ширкати кириб келсин эди, кейин улардан қутулиш йўлини излаб қоласиз. Бунга эса, хитойликларнинг калласи етмаяпти, деди Виктор Ивонин.

Хитойликларни, ўзбекистонлик иқтисодчига қўшилиб “миясида ноқислик бор”, деб айтиш мушкул-ов.

Бу ерда ҳамма гап иқтисодчининг "кейин улардан қутулиш йўлини излаб қоласиз", деган фикрида бўлса керак.

Овозини ёзиб олишимизга ҳам, исмини айтишимизга ҳам рухсат бермаган бошқа бир ўзбекистонлик экспертнинг айтишича, Тошкент Хитойнинг кичик ва ўрта бизнесини ўз бозорига атайлаб киритмаяпти.

- Бундан бир неча йил олдин Ўзбекистон Давлат мулк қўмитаси сотувга қўйган, ҳар бири 200 миллион доллар атрофида турадиган бир неча корхонага Хитой харидор бўлган, Пекин Ғарб давлатлари таклиф қилгандан кўпроқ пул тўламоқчи эди. Лекин Ўзбекистон ҳукумати корхоналарни Хитойга сотмаган, деб эслади эксперт.

Унинг айтишича, Тошкент билан Пекин ўртасида амалга оширилиши кутилган лойиҳалардан иш чиқмай қолишига Хитой қўядиган шартларга Ўзбекистон ҳукуматининг кўнмаётганлиги сабаб бўлмоқда. Хитой Ўзбекистонда иш жойи яратиш учун пул сарфлар экан, ўша жойларда хитойликлар ишлашини шарт қилиб қўяди.
XS
SM
MD
LG