Линклар

Шошилинч хабар
30 ноябр 2024, Тошкент вақти: 12:28

Эркин микрофон - Нафақалар ҳам тўла пластикка ўтди


SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 776 368 434 рақамига йўлланг.
SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 776 368 434 рақамига йўлланг.

Ўзбекистонликларни "маданият"ли қилиш уринишлари ўлароқ жорий қилинаётган ва духтиру ўқитувчиларннг бошоғриғига айланган пластик карточкалар энди қарияларни ҳам таъқиб қилиб келди. "Эркин микрофон"га қўнғироқ қилган песионерлар ҳам духтиру ўқитувчилар каби, айланган пластик карточкалар "афзалликларини" тушуна олганича йўқ.


Пулимиз пластикка ўтди, биздан ҳатто сўрашмади ҳам


Озодликка қўнғироқ қилган жиззахлик нафақахўрнинг айтишича, туман пенсионерларининг пенсия пуллари ёппасига пластик карточкага ўтказиб юборилган. “Биздан ҳатто бир оғиз сўрашмади ҳам”, дея ўкинади пули пластик карточкага ўтказилганига норози отахон.

- Туман ҳокими ариза ëки паспорт серияларини олмасдан селсовет раиси билан келишган ҳолда пенсионерларнинг пулларини пластик карточкага ўтказиб юборган.

Озодлик: Сизлардан сўрашмадими?

- Рухсат сўрагани ҳам йўқ¸ ариза олгани ҳам йўқ. Ўзидан ўзи ўтказиб юборган. Бир оғиз сўраш ҳам бўлгани йўқ. Ҳамман пенсионерларнинг пулини ўтказиб юборди. Жиззах туманида ҳаммасиники шундай қилиб юборган.

Озодлик: Қайси ойдан ўтказилди?

- Июл ва август ойлари. Мен қаршиманда. Масалан унга магазиндан ҳеч нарса олиб бўлмайдида. Гўшт бермайди¸ картошка-пиëз бермайди. Улгуржи бозорларда савдо қилиб бўлмайди. Тошкентларда ҳам савдо қилмайди. Муаммода¸ катта муаммо. Ҳар бир пенсионернинг чўнтагига убиткада бу¸- дейди жиззахлик отахон.


Ҳаққимни талаб қилиб, ҳақсизликка учраяпман

Фарғона вилоятининг Бешариқ туманида яшовчи фермер Шарофиддин Азаматов “Эркин микрофон”нинг аввалги сонларидан бирида 2008 йилда деҳқон хўжаликларини йириклаштириш қарори ортидан унинг ери бошқа фермерга қўшиб берилгани¸ бунинг эвазига туман ҳокими фермерга аввалги еридан 5 гектар майдонни сабзавот етиштириш учун ажратиб берганини айтган эди. Шунингдек, Шарофиддин Азаматов эндиликда унга қарашли бўлган ерни ўзига бириктириб олган фермер бу беш гектар ернинг ярмини ҳам тортиб олгани ҳақида гапирганди. 23 август куни Озодликка яна қўнғироқ қилган Шарофиддинга кўра, бу борада шикоят қилгани учун айни пайтда унга нисбатан босимлар кўпайган.

- Президентга¸ бош вазирга хат ëзган эдим. Ҳеч қайсиси ҳал қилмаяпти¸ чора кўрилмаяпти. Дадам президентга ва Бош прокурорга хат ëзгани учун туман прокурори “юқори органларга хат ëзгани учун дадангнинг устидан жиноий иш қўзғайман”, деяпти. Ҳозир жиноий иш қўзғаш арафасида турибди. Анави куни ҳам хўжалик суди бўлган эди. Хўжалик судига “Бу юқори турувчи органларга хат ëзгани учун устидан жиноий иш қўзғаш керак”, деб ëзиб бериб юборди. Фермернинг тарафини олаяптида улар. Хўжалик судида ҳам ферменинг тарафини олаяпти. Улар “Хоҳлаган жойингга ëзгин. Ихтиëр бизда” деяпти. Икки ярим гектар ерим умуман йўқ. Ҳоким ерни мана шу фермерга деб одам жўнатиб ажратиб берди. Декабр ойида ўлчаб берди. 22 декабр куни пиëз экдик. 10 март куни фермер келиб “Прокурор бузасан деб айтди”, деб 40 сотих пиëзни бузиб юборди. Ҳозир мен сарсон бўлиб юрибман. У ëққа бу ëққа хат ëзаяпман натижаси бўлмаяпти¸ дейди Шарофиддин Азаматов.


Қўлингиздан келмаса, бўшатинг ўринни

Қашқадарёдан қўнғироқ қилган суҳбатдошимиз мамлакатдаги тақчиллигида мутасадди ташкилотлар мулозимларини айблайди. “Улар ишни эплай олмаётгани учун бу борада муаммолар мавжуд”, деган фикрда қашқадарёлик суҳбатдош.

- Мен мутасаддиларга мурожаат қилмоқчиман. Бензин тақчиллигининг келиб чиқиши нимадан экан бу? Республикада 1800 сўм энг арзон бензин. Қўлда 6000 сўмга чиқиб кетди. Шуни билмоқчи эдик. Агар қўлидан келмаса бу вазирликлар¸ ишни йиғиштириб¸ йиллаб стол-стулларни эгаллаб ëтмасдан қўлидан келадиган фуқароларга¸ ëшларга берсин. Президентимиз “Ëшларга беринглар. Ишнинг кўзини биладиган йигитлар қилсин”, деяпти. Қўлидан келмаса¸ берсин. Бошқалар қилади. Стабилно (барқарор) қиламиз¸ республикани кўтарамиз. Қиламиз ўзимиз. Мен шуни айтмоқчиман бош вазирга. Мурожаатим шу менинг¸ дейди қашқадарëлик суҳбатдош.


Теракларимга ваъда қилинган Нексия қани?

Жиззах вилоятининг Арнасой туманида яшовчи Иқбол Ғуломжоновнинг айтишича, бир ярим йил аввал туман ҳокимининг илтимосига кўра, 72 минг дона терак кўчатлари етиштириб, туман фермерларига тарқатган. Буни эвазига туман ҳокими унга битта янги Нексия машинасини ваъда қилган, лекин бу ҳозирча ваъдалигича қолиб кетмоқда.

- Бир ярим йил олдин 40 сотих жойда терак етиштириб топширган эдик. Кўчат етиштириб биз тарқатган эдик. Кўчатни кичкина новдачалик вақтида экиб¸ уни одам бўйича юқори қилиб¸ баландроқ қилиб кўчат сифатида тарқатганмиз ободонлаштириш йили муносабати билан. 72 минг дона тарқатганмиз. Биз етиштирган теракни Арнасой туамни ҳокими сўраб келди. Ўшани биз бердик. Ҳеч қандай қоғозсиз бердик. Мажлисда битта янги Нексияни ваъда қилгани учун бердик. Мана бир ярим йил давомида пул ҳам йўқ¸ Нексия ҳам йўқ. Бир ярим йилдан бери ҳар ҳафта боравериб чарчадик. Мурожаат қилмаган жойимиз қолмади. Вилоят ҳокимига¸ миллий хавфсизликка¸ инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасига мурожаат қилдик. Натижа бўлгани йўқ. Ҳар ҳафта борамиз¸- дейди Иқбол Ғуломжонов.

******************************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз¸ бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 776 368 434 рақамига йўлланг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас.!
XS
SM
MD
LG