Линклар

Шошилинч хабар
30 ноябр 2024, Тошкент вақти: 10:51

Ўзбекистон яна ваъдаси устидан чиқмади


Болалар меҳнатига қарши конфенцияни уч йил аввал қабул қилган Ўзбекистон ҳукумати яна болаларни пахта даласига ҳайдади.
Болалар меҳнатига қарши конфенцияни уч йил аввал қабул қилган Ўзбекистон ҳукумати яна болаларни пахта даласига ҳайдади.

7 сентябрдан бошлаб Сирдарё мактабларнинг юқори синф ўқувчилари пахта теримига жўнатилди. Ўзбекистондаги аксар коллежларнинг талабалари эса аллақачон пахта далаларида тер тўкмоқда. Расмий Тошкентнинг болалар мажбурий меҳнатига қарши қабул халқаро ҳужжатларни эсидан чиқарган кўринади.


Сирдарёнинг айрим туманларида 7 сентябрдан бошлаб ўрта мактабларнинг юқори синф ўқувчилари пахта теримига жалб қилинди.

Бу ҳақда “Эзгулик” жамиятининг Сирдарё бўлими раҳбари Исроил Ризаев Озодликка маълум қилди.

- Бугун мактаблар ëпилибди. 7-8-9 синф ўқувчилари маҳаллий жойларда тераяпти экан. Ҳозир иккита-учта районга телефон қилсам¸ баъзи бир районларда ҳали мактаб ўқувчилари ҳашарга чиқмабди. Эртага Ҳайитдан кейин 10 дан бошлаб дейишаяпти. Лекин бизнинг районларда Сирдарë тумани¸ Мирзаобод туманларида бугундан бошлаб мактаблар ëпилиб пахта бошланди. Эрталаб болалар биринчи соатга боришган эди. Мактаб формада қайтиб келишдида пахтага чиқиб кетишди. Ўзларининг ëнидаги хўжаликларга. Ҳозирча ëтоққа олиб кетгани йўқ ўқувчиларни. Ҳозирча ўзларига яқин жойларга бориб турибди. Рўза Ҳайитидан кейин оммавий тарзда уларни ëтоқларига олиб бориш мўлжалланаяпти экан. Вилоят ҳокимлигидаги йиғилишда шундай кўрсатма берилган деб айтишди, дейди Исроил Ризаев.

7 сентябр куни Сирдарёдаги Ширин энергитика коллежи талабалари ҳам пахта теримига тушди. Бу ҳақда коллеж ходимаси Озодликка билдирди.

- Бугун коллежимиз пахтага чиқди. Бугун чиқиб кетишди. Далага кетган ҳозир ҳамма. Пахта бошланди, деди коллеж ходимаси.

Сурхондарёдаги Шеробод тиббиёт коллежи талабалари ҳам 7 сентябрдан далага отланаётганини айтади коллеж ходими.

- Бугун чиқаяпмиз насиб бўлса. Бугун тайëргарликда турибмиз. Автобуслар келиши керак. Айни пайтда болалар кўрпа-ëстиғини тайëрлаб келиб ўтирибди. Ҳали техника келгани йўқда. Транспорт келиши керак. 28 та автобусни кутиб ўтирибмиз ҳозир. Улар ҳозир Денов тиббиëт коллежи ва бошқа райондаги коллежларни олиб келадида Шерободга. Ҳаммага пахта деб айтилган. Жойлар тайëр бўлиб турибди. Энди бориб тушамиз. Бугун ҳоким бува йиғилиш қилади деяпти, дейди коллеж ходими.

Қорақалпоғистоннинг Хўжайли қишлоқ хўжалик коллежи ходимига кўра, ушбу коллеж талабалари 3 сентябрдан бошлаб пахта далаларига жўнатиб юборилган.

- Ҳаммаси пахтада. Пахтага кетган ўқувчилар¸ ўқитувчилар.

Озодлик: Қачондан бошлаб чиқишди?

- 3 сентябрдан бошлаб, деди коллеж ходими.

Бухоро вилоятининг Жондор саноат коллежи ходими ҳам коллежнинг 850 нафар талабаси пахта теримига шай туришганини билдирди.

- Бизнинг коллежнинг ўқувчилари пахтага чиқиш учун тайëр. Ўқитувчиларимиз ҳам тайëр. Ëтадиган жойларимизни бориб кўрганмиз. Жойимизнинг ҳаммасининг шароитлари қилинган. Команда бўлса¸ ўша пайтда чиқамизда. Бизда ҳозирча аниқ бир кунни айтишамяпти қачонлигини.

Озодлик: Сизлардан нечта ўқувчи чиқади?

- Биздан 850 та чиқади.

Озодлик: Қайси туманларга борасизлар?

- Бизлар ўзимизнинг Жондор тумани Гулистон¸ Оқшиқ қишлоқ фуқаролари йиғини¸ кейин Далму қишлоқ фуқаролар йиғини иккита ҳудудга тушамиз.

Озодлик: Пахта қачонгача давом этиши ҳам маълумми?

- Узоғи билан 25 кун ëки бир ой, деди коллеж ходими.

Биз қўнғироқ қилган Намангандаги Норин қишлоқ ҳўжалик коллежи, Сурхондарёдаги агросаноат касб-ҳунар коллежи, Жиззах енгил саноат коллежи, Фарғонадаги Бешариқ қишлоқ ҳўжалик коллежи, Қорақалпоғистондаги Беруний қурилиш коллежларининг барчасида пахта мавсумига тайёргарлик авжида. Улар ҳам пахтага чиқиш ҳақидаги буйруқни кутиб, шай турганликларини айтишди.

2008 йилда АҚШ ва Европадаги йирик ширкатлар Ўзбекистонда болалар меҳнати эвазига етиштирилган пахтага бойкот эълон қилгач Ўзбекистон ҳукумати БМТнинг болалар мажбурий меҳнатига қарши конвенциясини қабул қилган эди.

Аммо бу ҳужжат 2009 йилда ҳам ўзбек болаларининг пахта далаларида мажбурий меҳнатга жалб қилинишига тўсиқ бўла олмади.

Юқоридаги суҳбатлардан маълум бўлишича, бу йил ҳам айни ҳолат такрорланади.

Ўзбек болаларининг ҳуқуқлари учун курашиб келаётган Берлиндаги Ўзбекистон-Германия форуми раҳбари Умида Ниёзова Ўзбекистон ҳукуматини халқаро ҳамжамиятни алдаб келаётганликда айблайди.

- Фақат халқаро ташкилотларнинг танқиди билан Ўзбекистонда мажбурий меҳнатни йўқ қила олмаймиз. Мажбурий меҳнатга оид Ўзбекистон ҳукумати ҳар доимги стратегиясини қўллаб келади. Яъни халқаро майдонда инсон ҳуқуқлари бузилишини умуман инкор қилиб тан олмаслик¸ Ўзбекистон ичига халқаро ташкилотларни киритмаслик ва танқид қилаëтган маҳаллий активистларни ëлғончиларга чиқаришади. Шу кунларда Берлиндаги Озод университетида болалар меҳнатига оид кўргазма кетаяпти. Унинг очилишига Ўзбекистон элчихонасидан иккита ходим келиб¸ университет маъмуриятига Ўзбекистонда ҳеч қанақа мажбурий меҳнат йўқ деб қоғозда ëзилган қонунларни олиб келишди. Гўëки бу ҳолат совет даврида бўлган¸ ҳозир эса мавжуд эмас. Ўзбекистонда, айниқса қишлоқ хўжалик соҳасида қонунлар эмас Бош вазир Шавкат Мирзиёев ва ҳокимларнинг гапи кўпроқ ишлайди. Бу аксиомадек бир нарса. Лекин мени ўйлантирган бир нарса мана бу мулозимлар ўйлашмайдики¸ гап бизнинг болаларимиз ҳақида кетаяпти. Ўзбекистондаги болалар ҳақида. Шу болалар ҳақида мулозимлар кўпроқ ўйлаши керак халқаро ташкилотлар эмас. Ўзбекситондаги ота-оналар ўйлаши керак. Қачонки ота-оналар ўзларининг болаларининг соғлигини¸ келажагини ўйласа¸ шунда вазият ўзгариши мумкин, дейди Умида Ниёзова.

Жорий йилда Ўзбекистонда об-ҳаво қулай келгани учун пахта ҳосили аввалги йилларга нисбатан мўлроқ бўлишини башорат қилаётган ўзбек фермерлари болалар меҳнатисиз ҳосилни йиғиб олишнинг имкони йўқлигини тан оладилар.

Бухоролик фермер Мурод ака пахта етиштиришда мажбурий меҳнатдан воз кечиш учун Ўзбекистон ҳукумати пахта саноати соҳасида ислоҳотларни амалга ошириши лозим деб ҳисоблайди.

- Менимча¸ ерни йириклаштирмаслик керак. Ҳозир йириклаштириш давом этаяпти. Ҳозир фермерлар бутун мол-мулкини харж қилиб, афтодаҳол бўлиб қолган. Иккинчи чора пахта харид нархини ошириш керак. Ана шу иккита чорани кўргандан кейин у манфаат кўради. Фермер ер майдонининг даромадини олгандан кейин пахта терадиган техника билан йиғиштириб олади ўзи,- дейди Мурод ака.

“Wal-Mart”, “H&M”, “Marks & Spencer”, “TESCO”, “Gap”, “Target” каби дунёнинг йирик чакана савдо ширкатлари болалар меҳнати эвазига Ўзбекистонда етиштирилган пахтадан тайёрланган махсулотларга бойкот эълон қилган.
XS
SM
MD
LG