Линклар

Шошилинч хабар
30 ноябр 2024, Тошкент вақти: 10:40

"Мелисалар пахта термоқда"


Ўзбекистонда милиция ходимлари асосан оддий халқ ҳақларини топтовчи сифатида танқид қилинади.
Ўзбекистонда милиция ходимлари асосан оддий халқ ҳақларини топтовчи сифатида танқид қилинади.

"Эркин микрофон"га қўнғироқ қилган суҳбатдошларимиз одатдагидек, ўзларини ташвишга солаётган муаммолардан сўзлашди: Сурхондарё далаларида пахта тераётган милиционерлар, Ўзбекистоннинг туркий халқлардан ажраб қолаётгани, Ўш воқеалари туфайли ўқишни давом эттира олмаётган андижонлик ҳикояси.


Милиция ходимлари ҳам пахтакор


"Эркин микрофон"га Сурхондарёнинг Термиз шаҳридан қўнғироқ қилган Акбар ака бугуннинг долзарб мавзуси - пахта мавсуми ҳақида гапирди. Лекин Акбар ака бу мавзуга оид одатдаги муаммо - ўқувчи ва ўқитувчиларнинг пахтага ҳайдалаётгани эмас, милиция ходимларининг икки йилдан бери пахта теримига жалб қилинаётганидан лол қолганини айтади.

- Сўрайдиган одам йўқми бундай? Ҳаммани пахтага босаяпти. Сурхондарëда мана қаерда ишлайдиган бўлса, милицияни мана Жиззахга пахтага юбораяпти. Сурхондарëдан 4500 милицияни Жиззахга юбораяпти.

Озодлик: Милицияларни ҳам пахтага олиб чиқишаяптими?

- Ҳа. Ўтган йил 4500 кетди. Бу йил ҳам шундай. Мана ҳозир қолганлари через ден бўлаяпти. Олдинлари бир кун ишласа, икки кун дам эди. Ҳозир бечоралар через ден ишлаяпти. Бу нима деган гап?

Озодлик: Сиз милиция ходимлари ҳақида гапираяпсиз-а?

- Ҳа.

Озодлик: Демак, уларга ҳам осон эмас эканда.

- Ҳа. Мана шуларни ҳам пахтага чиқараяпти. Нимага ундай?

Озодлик: Милицияларни ҳар йил пахтага чиқарадими Сурхондарëда?

- Ўтган йил чиқарди 4500 милиционерни.

Озодлик: Ўтган йил 4500 милиционер пахта терганми?

- Ҳа.

Озодлик: Уларга ҳам норма беришадими?

- Биринчи терим учун 40 килоданми шундай.

Озодлик: Нормани бажармаган милиционер қандай жазо кўради?

- Терса керакда. Норма 40 килодан бошидан бошлаб менимча. Мана мактаб болаларини чиқараяпти, ишчиларни чиқараяпти. Нима деган гап бу? Балки шу докторларни ҳам чиқарса керак. Буни ҳеч сўрайдиган одам йўқми¸ дейди сурхондарëлик Акбар ака.


Ўзбекистон фақат орқага кетаяпти

Қашқадарёнинг Шаҳрисабз шаҳридан қўнғироқ қилган Абдулла ака Қурултой эшиттиришида кўтарилган “Туркий тилли халқлар иш кенгаши ташкил қилингани ва унга Ўзбекистон қўшилмагани” ҳақидаги мавзуга ўз муносабатини билдириб, “Ўзбекистон ташқи сиёсий стратегиясида оқсоқлик кузатилаяпти” дейди.

- Муҳаммад Солиҳ айтдику. Ўзбекистон, бизнинг давлат раҳбарларимиз, умуман президентимиз, энди тўғрисини айтиш керак, пишмай туриб? қурт тушган дарахт дедиларку. Мен шундай деб ўйлайманда. Шуларнинг фикрларига қўшиламан демоқчиманда. Энди ҳақиқатни тан олиш керакда. Ўзбекистон, Ўрта Осиë эмас бутун дунë демократия давлатлари билан, умуман қўшни респуибликалар билан, тараққий этган давлатлар билан яхши муносабатда бўлишнинг ўрнига кундан кунга орқага қараб кетаяпти. Бу албатта ëмон.

Озодлик: Демак, Ўзбекистоннинг ташқи сиëсати сизни қониқтирмайди?

- Йўқ. Бир мени эмас, ҳозир тушунадиган ҳеч бир инсонни қониқтирмайди¸ дейди шаҳрисабзлик Абдулла.


Бойлик - фитнадир

Бухоро шаҳрида яшовчи Иброҳим ака “Бир саволга беш жавоб” рукнида кўтарилган “Камбағаллар художўйроқми?”, деган мавзуга ўз муносабатини билдиради.

- Мен ўзимнинг шахсий кузатишларимдан, қолаверса, Оллоҳ берган озми кўпми илмдан фойдаланиб, менинг билдирмоқчи бўлган фикрим шу эдики, художўйлар бойларга қараганда камбағалларнинг орасида кўпроқ бўлади. Бойларнинг орасида ҳам бўлади. Агар солиштириладиган бўлса, художўйлар камбағаллар орасида кўпроқ бўлади. Нимага деганда камбағал эҳтиëжи кўп бўлгани учун ва одамларнинг орасида кўп бўлганлиги, оддий одамлар билан кўп муомалада бўлганлиги, ҳаëтнинг аччиқ-чучугини яққолроқ сезиб тургани учун улар Оллоҳга кўпроқ суянади ва уларнинг орасида имонлиларни Оллоҳ кўпроқ ëйиб қўйган бўлади. Бойлик дунëнинг бир фитнаси. Бунга алданган киши кўп ҳолда Оллоҳни танимайди ва улар "ўзимнинг меҳнатим билан эришдим" дейдию, улар Худони кўп эсламайди. Демак, бойликка эришиш учун меҳнат қилиш керак экан деган бир оддий қийшиқ фалсафага эга бўлган одамлар бўлади. Уларнинг орасида имонлилари камроқ бўлади. Камбағалларнинг орасида художўйлар кўп бўлади. Бу менинг кузатишларим ва озми кўпми Оллоҳ берган илмимдан келиб чиқиб нима қилганим бу. Бойларнинг орасида художўйларнинг кўп бўлмаслиги бойлик уларнинг келажакда бошига тушадиган бир балога восита бўладиган бир нарса бўлади. Бойлик Оллоҳнинг макри, синови. Уларга юборилган макр, синов. Ҳатто Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи васаламма ҳам кунига 100 мартагача “Эй Оллоҳ, мени макр, синовингдан омонда сақлагин” деб дуо қилган эканлар. Макр, синов энди бойлик ва фавқулодда омаднинг юришиб қолишлиги¸ дейди бухоролик Иброҳим ака.


Ўшга боришга қўрқаман

Андижон вилоятида яшовчи Азамат Қирғизистоннинг Ўш шаҳридаги “Қирғиз- ўзбек” университетининг иккинчи босқич талабаси. Бироқ айни пайтда Азамат Ўшга боришга қўрқаётганини ва ўқишини Ўзбекистонда давом эттириш ниятида эканини айтади.

- Мен Ўшда ўқирдим. Ўзим Андижонданман.

Озодлик: Қайси институтда ўқирдингиз?

- Қирғиз-ўзбек университетида.

Озодлик: Нечанчи курс эдингиз?

- Учинчи.

Озодлик: Энди у ëқда ўқимоқчимасмисиз?

- Энди у ëққа боргани вообше қўрқинчлида. У ëққа уйдагилар ҳам жўнатмаяпти.

Озодлик: Ўқишлар аллақачон бошланди-а?

- Ҳа, бошланди. Урушдан олдин ҳам ўтаëтганда таможняда қийин эди. Ҳозир энди қўяверасиз.

Озодлик: Ўзбекистондан курсдошларингиз кўпмиди?

- Ҳа.

Озодлик: Сизларнинг курсда Ўзбекистондан нечта эди?

- Олтитача бор.

Озодлик: Улардан хабарингиз борми? Улар нима қилишмоқчи? Ўқишни давом қилдираяптими?

- Билмайман. Улар билан ҳали гаплашганим йўқ. “Қанақа қилса бўлади?” деб сизлардан сўрамоқчи эдим. “Андижон университетига перевод қилса бўладими?” деб сўрамоқчи эдим.

Озодлик: Ўзингиз мурожаат қилиб кўрмадингизми?

- Бўлмайди деяпти. Кейин мен “У ëқни битиргандан кейин Ўзбекистонда ишлаб бўлмайди” деб эшитиб қолдим. Шунга сизларга мурожаат қилаяпман ростми ëлғонми деб¸ дейди "Қирғиз-ўзбек" университетининг талабаси андижонлик Азамат.

*******************************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз¸ бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 773 267 230 рақамига йўлланг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас.!
XS
SM
MD
LG