Линклар

Шошилинч хабар
30 ноябр 2024, Тошкент вақти: 07:29

Инсоф қолмабди


Ўзбекистоннинг кўплаб район-қишлоқларида ичимлик суви топиш катта муаммолигича қолмоқда.
Ўзбекистоннинг кўплаб район-қишлоқларида ичимлик суви топиш катта муаммолигича қолмоқда.

Ўзбекистон президенти БМТ минбаридан ўзбекистонликларнинг 85 фоизи ичимлик суви билан таъминланганини айтиб турган бир пайтда ичимлик сувини ҳам, томорқасини суғоргани ҳам сувни сотиб олаётган сурхондарёли аёл "Эркин микрофон"нинг бугунги қаҳрамонларидан бири.


Инсофини еган инсофсизлар


Сурхондарёнинг Музробод тумани Файзобод маҳалласидан қўнғироқ қилган бир аёл қишлоқ муаммоларини тилга олади.

- Сурхондарë вилояти, Музробод тумани, Файзобод маҳалласиданман. Мана ичимлик сувимиз 800 метр ердан келади. Сувни сотиб олиб ичамиз. Каналдаги сувни ҳам огородга фойдаланайлик десак жуда танқисда. Каналдаги сувни ҳам 5000 сўмдан сотиб олиб огородни сувлаймиз. Шуларни айтай деб қўнғироқ қилган эдим.

Озодлик: Демак, сизлар ичимлик сувини ҳам сотиб оласизлар, каналдаги оқар сувни ҳам сотиб оласизлар.

- Ҳа. Каналнинг сувини ҳам бир соатга беради. Сувласангиз сувлаб қолдингиз, сувламасангиз тамом. У ҳам огородимизга етмай қолади.

Озодлик: 5000 сўмга қанча сув беришади?

- 5000 сўмга бир-икки соатга беради. У ҳам етиб келса келади, етиб келмаса у ҳам йўқ. Шароитимиз қийин. Яна налогчиларимиз бор. Налогчилар ўтирган уйимизга ҳам 40-50 минг олади. Ерга тўлаймиз. Ерга тўламаймиз, демаймиз. Ўтирган уйимизга ҳам олади. Шароит қийин. Фермерда ишлаган билан бир тийин пул бермаса. Икки тонна буғдой беради. Хўжайинларимиз ишлайди. Икки тонна буғдойни налогга тўлайликми, ер солиғига берайликми, бола-чақамизга едирайликми. Ҳайрон бўлиб қолдик. Ҳеч бир замон замон бўлмади. Мана энди пахта тераяпти одамлар. Пахтачиларнинг пулидан 10-20 минг уриб қолаяпти. 100 килодан 10 фоиз қайтараяпти. Бундан ташқари ҳам пахтасининг пулидан 10-20 минг уриб қолаяпти. Инсофдан эмасда энди. Халқни ҳам ўйлаш керак. Шу халқ ҳам бола-чақамни боқаман деб пахта оралаб юрибди.

Озодлик: Ўша 10 мингни нимага олиб қолишаëтганини айтишдими?

- Пенсия фонд деяпти экан, яна нимадир балолар деяëтган экан. Майли ушлайверсин. Ушлагандан ташқари ҳам уриб қолаяпти. Бировникидан 27 минг уриб қолибди. Инсофини еган инсофсизларда, дейди музрободлик суҳбатдошимиз.


Президентнинг гапларига қўшиламан

дейди Сурхондарёлик яна бир суҳбатдошимиз. 20 ёшли Абдулла исмли йигит Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг БМТ минбаридан туриб сўзлаган нутқини қўллар экан, ёш авлоднинг бир вакили сифатида ўз фикрларини ҳам баён қилади.

- 20 сентябр куни Ислом Каримов БМТ минбарида сўзлаган нутқида тўртта масалани олиб чиқдида. Биринчиси Афғонистон, иккинчиси Қирғизистон, учинчиси экология ва ундан кейин Ўзбекистоннинг бугунги иқтисоди. Бу масалаларни олиб чиқиб тўғри иш қилди. Масалан, Афғонситон масаласига қарайдиган бўлсак, Афғонистонда бўлаëтган воқеалар фақат ўзига эмас, ëнидаги қўшни давлатларга ҳам таъсир кўрсатаяпти.

Иккинчи масала, бу Қирғизистон масаласи. Қирғизистонда мана июн воқеалари бўлди. Апрелда воқеалар бўлди. Бу ҳукуматнинг заифлигидан келиб чиққан деб ўйлайман. Уни ҳам тезроқ ҳал қилиш керак. Шу Марказий Осиë давлатларига катта хавф туғдиради. Мана миллатчилик жуда авж олиб кетди ҳозирги кунда Қирғизистонда. Одамлар орасида эмас ҳукумат раҳбарлари орасида ҳам миллатчилик авж олган.

Учинчи масала, экология масаласи. Роғун ГЭСи ҳақида бўлди. Тўғри Роғун ГЭСи қурилишига Ўзбекистон қарши. Бир томондан бу тўғри. Агар Роғун ГЭСи қурилса, Амударë суви камайиб кетади. Орол денгизига етиб бора олмайди. Орол денгизининг ўрнига Орол қуми вужудга келиши мумкинда. Марказий Осиëга жуда катта хавф туғдиради. Бундан ташқари, Роғун ГЭСи қурилаëтган жой тектоник ҳудуд ҳисобланади. Худо кўрсатмасин агар бирор катта фалокат бўлса, Тожикистон ва Ўзбекистоннинг кўп жойлари сув остида қолиб кетади.

Тўртинчи масала, Ўзбекистонм иқтисодиëти. Ўзбекистон мустақилликка эришганига 20 йил бўлаяпти. Ижобий томонларга ҳам эришди, лекин ҳали камчиликлар жуда ҳам кўп. Агар Ўзбекистонда коррупция, порахўрлик тугамаса, Ўзбекистон иқтисоди ривожланиши жуда ҳам қийин. Ҳамма соҳаларда маҳаллийчилик, порахўрлик, таниш-билишчилик кучайиб кетган, дейди сурхондарëлик Абдулла.


Қозоқ чегарачиларининг танобини тортиб қўядиган борми

Москвада меҳнат қилаётган асли Фарғонанинг Риштон туманидан бўлган Абдуғаффор ака ўзбек мардикорлари поезд орқали Қозоғистон ҳудудидан ўтаётган пайтда қозоқ чегарачилари уларни уриб, пул талаб қилаётганидан шикоят қилади.

- Биз доим бориб келсак, қозоқлар чиқиб қийнайверади. У ëқдан келсак ҳам пул сўрайверади, бу ëқдан кетсак ҳам пул сўрайверади. Бирор бир текширадиган одам қўйишнинг ëки Қозоғистон территориясида тўхтамасликнинг иложи йўқми? Тошкент-Москва тез юрар поезд қилиб, фақат Тошкент ва Москвада тўхтайдиган қилса бўлмайдими?

Озодлик: Қийнаганда нима қилишади?

- Ëтган бўлсангиз, “Давай паспорт”, дейди. Ҳамманинг паспортини йиғиштириб, “Давай 100 сўмдан йиғ”, дейди. “Бермайман”, десангиз, “Паспортсиз экан деб тушириб юбораман”, дейди. “Пулим йўқ”, десангиз, чиқариб уради. Нима хоҳласа шуни қиладида. Жуда қийнаб юбораяпти.

Озодлик: Пул олаëтган пайтда “Нимага оласан?”, деб сўрамайсизларми?

- Унақа десангиз, “Менинг территориямдан ўтаяпсан”, дейди. Сўрасангиз ҳам улар барибир бир гапини топади. Иложсиз пул олаяпти. Биз ҳар қанақасига қилиб кўрдик. Проводник “Мен ҳеч нарса қила олмайман”, дейди. Бошқаси фақат “пул бер”, дейди.

Озодлик: Қанча олади?

- Агар чиқариб ураëтганда топиб олса, борини олади. Ҳеч йўқ бўлса, 100 сўмдан, жуда бўлмаса 50 сўмдан йиғади.

Озодлик: 50 сўм бу ўзбек сўмигами?

- Йўғе. Рубл. Сўмни нима қилади улар? Шу пулингиз қанча бўлса олиб қўядида.

Озодлик: Қайтаëтганда кўп пул билан қайтсангизлар, хавфли эканда.

- Кетишда умуман пул билан кетиб бўлмайди. Кетишда майли бир гап бўлару, келишда ҳам қийнайди. Пулсиз ўзи зўрға келасиз. Келишда ҳам қўймайди улар. У ëққа ҳам шунақа, бу ëққа ҳам шунақа. Сиз уларга гапира олмайсиз ҳам. Ўзининг ери. Ортиқча гапирсангиз, олиб чиқиб уради. Законни биласан экан деб проводникнинг хонасига олиб кириб уради. Ишқилиб иложингиз йўқда. “Бу шунақа қилаяпти” дейишга илож йўқ.

Озодлик: Ҳақ-ҳуқуқингизни талаб қилсангиз, сизни урадими?

- Ҳа. Ҳеч иложи бўлмаяпти. Шунга бир гуруҳ милицияданми ëки солдатларданми қўйиб Ўзбекистон аҳолисини тинчгина Тошкентдан Москвага олиб келишнинг иложи йўқмикан, дейди Москвада меҳнат қилаётган асли Фарғонанинг Риштон туманидан бўлган Абдуғаффор ака.


Европадан демократиядан бошқа ҳамма нарсани қабул қилдик

Қашқадарёнинг Қамаши туманида яшовчи Қиличбек ака “ўзбек жамияти эркин фикрлаш йўқлигидан қийналмоқда”, дейди.

- Мен ҳайронман. Эркин фикр бўлмаса, жамият қоронғилашиб қолади. Эркин фикр бўлсагина жамиятни бошқариш осон бўлади. Қишлоқда яшаб мен биламан. Наҳотки шуни тепадагилар тушунмаса? Шунга ҳайрон бўламанда мен. Эркин фикр бўлмаса, жамият қоронғилашади, жамият қоронғилашса, бутун дунëдаги дарду ғурбатлар қўним топиб, уя қуриб олади. Шунуинг учун жамиятга эркин фикрни бериш керак. Наҳотку шуни тушуниш қийин бўлса? Тоғларда қўйни боқиб ўйлаб ўтираманда. Қўлимданку бошқа иш келмайди.

Озодлик: Сиз чўпонмисиз?

- Чўпон эмасман. Ўзимнинг қўйларим бор. Ўзимнинг қўйларимни боқиб юраманда. Жамиятга ҳеч қандай фойдаси йўқку. Масалан Европадан демократиядан бошқа ҳамма нарсани қабул қилади. Мана ҳозир банк системасини карта режимига ўтказган. Карточка бўлса ҳам Европадагидай нақд пулни хоҳлаган вақтингизда ололсангиз экан. Йўқ, 15 фоиз бериб ол, 20 фоиз бериб ол. Мана иқтисод томонлари ҳам. Акциядорлик жамияти мана. Акциядорлик дегани шерикчилик дегани. Ота-бобомиз қадимдан “Шериклик ошни ит емайди” деган. Мусулмон халқи шерикчиликни ëмон кўради. Шахсий қилиш керак. Бутун дунëни ютмаган шахсий мулк Ўзбекистонни ютиб кетармиди¸ дейди қамашилик Қиличбек ака.


Пулинг бўлмаса¸ ишга жойлаша олмайсан

Қашқадарёдан қўнғироқ қилган 25 ёшли Рустамбек уч йилдан буён порахўрлик ортидан ишга жойлаша олмаётганини айтади.

- Мен ишга кирмоқчи бўлиб коллежга борган эдим. Коллеждагилар сурбетларча пул талаб қилишди. Пул олиб келганлар саводсиз бўлса ҳам, савияси паст бўлса ҳам кираяпти. Пул бермаганлар олий маълумотли бўлса ҳам кира олмаяпти. Атрофимиздаги учта коллежда ҳам мана шу аҳвол.

Озодлик: Сизнинг маълумотингиз қандай?

- Қарши муҳандислик иқтисодиëт университетини тугатганман. Иқтисод хўжалиги муҳандисиман.

Озодлик: Иш сўраб борсангиз, сиздан очиқчасига пул талаб қилишдими?

- Худди шундай. Ҳамма пул билан ишга киради. Пули йўқларга ҳам “ойлигингдан берасан” деб кейин уч-тўрт ойлигини олиб қолади. Мен яқинда ишга кириш учун навбатдаги коллежга бордим. Менга буйруқ чиққан эмс. “Менга кейин пул берасан. Олдин пахтага бориб келгин” дейди. Ҳали буйруқ чиққани йўқ мени пахтага жўнатмоқчи¸ дейди Рустамбек.

**********************************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз¸ бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 773 267 230 рақамига йўлланг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас.!
XS
SM
MD
LG