Линклар

Шошилинч хабар
30 ноябр 2024, Тошкент вақти: 07:30

Қишга тайёргарлик: ўтин, таппи ва қора чироқ...


Ўзбекистон қишлоқлари аҳолиси қишда газ ва электрнинг давлат томонидан етказиб берилишидан кўра, тезак териш ишончлироқ, деб билади.
Ўзбекистон қишлоқлари аҳолиси қишда газ ва электрнинг давлат томонидан етказиб берилишидан кўра, тезак териш ишончлироқ, деб билади.

Жорий йил Марказий Осиёда қиш узоқ, совуқ ва қорли бўлади, дея башорат қилмоқда қозоғистонлик синоптиклар.

Қозоғистоннинг “Караван” газетасида “Об ҳаво офатлари ва Марказий Осиё - сценарий ва прогнозлар” сарлавҳаси остида эълон қилинган мақолада жорий йил қишининг сўнгги йиллардаги энг қаҳратон қишлардан бири бўлиши кутилаётгани ёзилади.

Ўзбекистонда бу йилги қиш учун қандай прогнозлар берилаётганини билиш мақсадида Республика гидрометрология маркази билан телефон орқали боғландик.

Ўзинин таништирмаган ўзбекистонлик гидрометеорологдан буларни эшитдик:

- Қиш қанақа бўлади? Энди бизлар фақат бир ойлик об-ҳаво маълумотини ëзамиз. Бизларда сезонний прогноз ëзилмайди.

Озодлик: Унда қиш қандай бўлиши ҳақида бошқа қайси ташкилотдан маълумот олиш мумкин?

- Москвада сезонний прогноз бор. Лекин улар Россия учун қилишади. Бизларда ҳеч ким бунақа прогноз бермайди.

Озодлик:
Демак, қиш қандай бўлишини, қанақа келишини ҳеч ким билмайдими?

- Уничи, мана тўғрисини айтсам, фақат Худо билади. Мени тўғри тушунинг... Биласизми, аниқ об-ҳаво маълумоти тўрт-беш кунга берилади. Бир ойлик об-ҳаво маълумоти, қишга, тем более сезонний дейди, уни ҳеч ким сизга тўғри айтиб бера олмайди. Биласизми, статистический гидродинамика прогнозини беради. Унинг тўғри чиқишини ҳеч ким сизга айтиб бера олмайди. Қиш қанақа бўлишини айтиб берадиган тўғри усул дунëда ҳали йўқ. Унақа ташкилот ҳали йўқ, дейди Ўзбекистон гидрометеорология маркази ходими.

Ўзбек синоптиклари бу йилги қиш қандай келишини Худога таваккал қилиб, кутишаётган бир пайтда мамлакатнинг шимолий ҳудудларига аллақачон қишнинг совуқ шамоллари оралаб қолди.

Сурхондарёнинг Бойсун туманида ҳаво-ҳарорати кескин пасайиб кетгани боис тоғли туман аҳолиси қишга тайёргарликни бошлаб ҳам юборган.

Тайёргарлик деганда ким ўтин йиғиш билан, кимдир таппи қилиш билан овора. Чўнтагида бир-икки сўм пули борлар кўмир харид қилаяпти.

Бойсунлик Интизор опанинг айтишича, аҳоли ўз ҳолича қишга тайёргарлик кўраяпти.

- Бойсунда совуқ эрта тушади. Ҳозир совуқ тушиб қолди. На газ бор, на свет бор. Газ йўқ. Газ деб, ҳар йил пул йиғади, лекин газдан дарак йўқ. Йўлларимиз бир аҳволда. Қишда қийналамиз. Мана бизда уже қор ëғиш арафасида турибмиз. Одамлар нима қилсин. Ўз ҳолича қишга тайёрланаяпти, дейди бойсунлик Интизор опа.

Бойсундаги аҳвол қишлоқ ҳудудларида яшовчи ҳар бир ўзбек учун таниш манзара.

Сурхондарёнинг Қизириқ тумани Охунбобоев маҳалласида яшовчи Лола Мирраҳимовага кўра, қишлоқ аҳли етти йилдан буён электр энергияси ва табиий газ танқислиги муаммосидан қийналиб яшаяпти.

Айни кунларда қизириқликларнинг қиш ташвишида боши қотган дейди онахон.

- Мана 7 йил бўлди - свет йўқ, газимиз йўқ. Президентга ëзганман. Етти йилдан бери президентга, Олий Мажлисга, ҳокимиятга ëзамиз. Свет қечқурун соат олтида беради, еттида ўчиради. Кейин соат 8 дан 11 гача ëнади. Кундуз куни светимиз йўқ. Мана, Афғонистонга свет бераяпти, ўзимизга йўқ. Мана, қиш келаяпти. Кўмир йўқ. Бир тоннаси 200 минг сўм туради. Мана, ғўзапояни энди ўраяпти. Ғўзапоянинг бир тележкаси 150 минг сўм. Шароит жуда оғир-да. Ҳукумат қарамайди. Қишлоқда халқ қандай яшаяпти, нима бор, нима йўқ, нима етмайди, нима етади – умуман биттаси ҳам келиб сўрамайди,- дейди қизириқлик Лола опа.

Жиззахда ҳам шу кунларда табиий газ босими аллақачон пасайиб кетган. Жиззахнинг Ғаллаорол туманида яшовчи Набижон Жўрабоев қишда ҳам аҳвол ўнгланмаслигидан хавотирда.

- Ғаллаорол туманида бечора халқ пахта планини бажарди, пилла планини бажарди, ғалла планини бажарди, лекин район бўйича газ масаласи жуда ҳам оғир. Ҳар ойда 3-4-5 кунлаб район бўйича ўчиришади,- дейди Набижон Жўрабоев.

Мамлакат аҳолиси қиш ташвишида таппию ўтинни ғамлаётган бир пайтда, мутасадди ташкилотлар яъни жойлардаги газтаъминот ва электр тармоқлари идоралари билан боғландик.

Навоий ва Бухоро вилоятларини газ билан таъминлайдиган “Ғарбгазтаъминот” унитар корхонасидан қуйидаги жавобни олдик.

- Худо хоҳласа, ҳаммаси яхши бўлади. Тайëргарликни бизлар тугатдик, Худо хоҳласа. Насиб этса, бу йил қишда ҳеч қандай муаммо бўлмайди.

Озодлик: Демак, Бухоро ва Навоийнинг чекка қишлоқларида газ муаммоси бу йил қишда кузатилмайди дейиш мумкинми?

- Шундай...

Озодлик: Шундай деяпсизу, лекин қанақадир ишончли чиқмаяпти. Газ таъминоти чекка қишлоқларда яхши бўлади, деб неча фоиз кафолат бера оласиз?

- Июн ойида президентнинг 1553-сонли қарори чиққан эди. Ўша қарор бўйича ҳамма ишларни ташкил қилганмиз. Насиб бўлса қишда ҳаммаси нормалний бўлади,- деди “Ғарбгазтаъминот” унитар корхонасининг некбин ходими.

Қорақолпоғистон, Хоразм, Фарғона каби бошқа бир қанча вилоятлардаги газтаъминот идораларидан ҳамда электр тармоқлари идораларидан ҳам айни мазмундаги жавобни олдик.

Бу каби ваъдалар ҳар йил такрорланади. Аммо оддий ўзбекнинг куни яна ўша ўчоқу, қора чироққа қолаверади.
XS
SM
MD
LG