Линклар

Шошилинч хабар
30 ноябр 2024, Тошкент вақти: 08:31

Азимжон Асқаров операцияга муҳтож


Июн воқеаларига қадар Азимжон Асқаров асосан милиция бедодлигини ҳужжатлаштириш билан шуғулланаëтган эди.
Июн воқеаларига қадар Азимжон Асқаров асосан милиция бедодлигини ҳужжатлаштириш билан шуғулланаëтган эди.

Умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган жалолободлик ҳуқуқ ҳимоячиси Азимжон Асқаров зудлик билан тиббий муолажага муҳтож. Ҳуқуқ фаолларига кўра, Азимжон Асқаров икки ҳафтадан буён умуман овқат емаган, айни пайтда ҳатто ҳожатга ҳам чиқа олмаяпти.

Айни пайтда Азимжон Асқаровнинг соғлиги ниҳоятда оғир бўлиб, зудлик билан операция қилиниши шарт.

Бу ҳақда Озодликка қирғизистонлик ҳуқуқ фаоли Абдумалик Шарипов маълум қилди.

Абдумалик Шарипов: 5-10 кун бурун ҳам уришибди¸ деб эшитган эдик. Биз суриштирганимизда “Судга кириб чиқаëтган пайтда милиция томонидан урилган. Уларни алоҳида ургани йўқ” деган хулосага келган эдик. Лекин ҳозир билишимизга қараганда қаттиқ калтакланган экан. Энди биз ҳозир қаерда калтакланган, кимлар калтаклаганини билмаймиз. Нимага деганда кўчада машинага чиқиш-тушиш пайтида калтакланган бўлса, бу даражада бўлмаслиги керак. Шунинг учун ўйлаяпмизки, ичкарида калтакланган бўлиши мумкин. Ҳозирда Азимжон аканинг аҳволи ниҳоятда оғир. 26 октябр куни бўлиб ўтган суд жараëнидан бери Азимжон ака овқат истеъмол қила олмаëтган экан. Сув билан тирикчилик қилаяпти.

Озодлик: Демак, Азимжон ака икки ҳафтадан бери ҳеч нарса емаган.

Абдумалик Шарипов: Ҳа. Ҳатто милицияларнинг ўзлари тез ëрдам чақиргани унинг аҳволининг оғирлигини кўрсатиб турибди. Жуда озиб кетган. Ҳозир пешоб қила олмайдиган даражага етиб қолибди. Шунинг учун хирург керак экан унга. Милиция ходимлари тез ëрдам чақиришга мажбур бўлишган. Тез ëрдам шу ерда "Албатта хирург келиб кўриши керак ва госпитализация қилиш шарт" деб ўз тавсиясини берган. Лекин шу пайтгача ҳеч нима қилинмаган. Фақат бугун эшитиб қолдик.

Озодлик: Демак, ҳалигача Азимжон акага тиббий ëрдам кўрсатилмаган.

Абдумалик Шарипов: Йўқ, кўрсатилмаган. Бизда ҳибсхоналарга тез-тез тез ëрдам чақириб туришади. Тез ëрдам келиб туриб ўзининг тавсиясини беради. Лекин маҳбусларни ҳеч ким олиб чиқмайди. Подвалда, ИВСда ëтган одамда даволанишга имконият йўқ. Бугун суд жараëни давом этаяпти. Адвокат тавсия келтирган. Шу орқали билдик. Шу кунгача номаълум эди бу ҳолат. Ҳозир биз қандай қилиб ëрдам беришни билмаяпмиз. Бишкекдаги ҳамкасблар пикетга чиқамиз дейишаяпти. Зудлик билан чора кўрилмаса бўлмайди. Биз халқаро Қизил хоч жамиятига ҳам мурожаат қилдик. Тўрт кундан бери мурожаат қилаяпмиз. Уларнинг ҳам хабари бор. Азимжон аканинг олдига халқаро ташкилотлар кира олиш ҳуқуқига эга. Шулардан кириб ëрдам берсин¸ деб илтимос қилдик. Бу ерда кимнидир айблаб жазога тортиш эмас. Бу қадам Азимжон акани даволаш, унинг ҳаëтини сақлаб қолиш учун қилинаëтган қадам. Прокуратурага мурожаат қилайлик десак прокуратура ҳам бизни айблаяпти. “Бўрттириб кўрсатаяпсан чет эл ташкилотларига. Қирғизистоннинг обрўйини тушириш учун қилаяпсан” деяпти бизга. Энди бош қотиб турибди. Нима қилишга ҳайронмиз. Бу ерда республика раҳбарияти орқалигина бир нарса қилиш мумкин. Зудлик билан чора кўрилмаса, аҳвол ëмон бўлади¸ дейди қирғизистонлик ҳуқуқ фаоли Абдумалик Шарипов.

Азимжон Асқаров ва яна етти ўзбек жорий йилнинг 29 сентябр ва 4 ноябр кунлари аёвсиз калтакланган эдилар.

Азимжон Асқаров Ўш қирғини чоғида Бозорқўрғон туманидан ўтувчи Ўш-Бишкек йўлини тўсиб қўйиш, милиция ходимларини ўлдириш ва тартибсизликларни уюштириш каби ҳатти-ҳаракатларда айбланиб қамоққа олинган эди.

15 сентябр куни Новкен туман суди судланувчилар Азимжон Асқаров ва яна икки кишини бир умрга, қолган тўрт кишини 20 йилга ва яна бир судланувчини 9 йилга озодликдан маҳрум қилди.

25 октябр куни Жалолободда Азимжон Асқаров ва унинг шериклари шикоят аризаси бўйича аппелляция жараёни бошланди.
XS
SM
MD
LG