Линклар

Шошилинч хабар
30 ноябр 2024, Тошкент вақти: 05:33

Жаслиқ ходимлари маҳбуслар яқинларидан кечирим сўради


Ўзбекистон қамоқхоналарида систематик тус олгани айтилаëтган қийноқлар далили - маҳбуснинг қонли кўйлаги.
Ўзбекистон қамоқхоналарида систематик тус олгани айтилаëтган қийноқлар далили - маҳбуснинг қонли кўйлаги.

Ўзбекистон “борса келмас”и – Жаслиқ қамоқхонасидаги маҳбуслар оилаларига мўлжалланган меҳмонхонада 18 кундан буён ўтирган 30 га яқин аёл ўз яқинларининг тириклигига шубҳа қилишмоқда. Айни пайтда¸ ўз қўполлиги учун узр сўраган қамоқхона маъмурлари¸ аëлларнинг эрлари ва болалари билан учрашишини пайсалга солишда давом этмоқда.

Ўз жигарлари билан учрашиш ниятида бўлган 30 га яқин аёлнинг Жаслиқ қамоқхонасидаги маҳбусларнинг яқинларига мўлжалланган меҳмонхонада ўтирганига 18 кун тўлди.

Ушбу аёллар 21 ноябр куни Озодлик билан боғланиб¸ Жаслиқдаги яқинлари қийноқларга тутилиб, жисмонан мажруҳга айлантирилгани боис қариндошларига кўрсатилмаётгани ҳақида гапирган эдилар.

Орадан икки кун ўтиб Озодлик Жаслиқ яқинида турган аёллар билан яна боғланди.

Тошкентлик Малика Холмуҳаммедовага кўра, Озодликдаги чиқишдан кейин Жаслиқ қамоқхонаси ходимлари аëллар билан учрашиб аввал қилган қўполликлари учун кечирим сўрашган.

- Эфирга берганингиздан кейин бизларга ҳам телефон қилишди. “Мана шунақа маълумот айтган экансизлар. Эшитдик” деб мана шу ердаги милиция ходимлари, РОВД ходимлари келиб ўша қилган қўпол муомаларидан кечирим сўраб, “Узр, бизлар сизларга оғир гаплар гапириб қўйдик. Узр, энди кутинглар. Сизларни олиб киришга ҳаракат қиламиз” деб хуллас радиога берилгани тўғрисида ҳам анча-мунча гаплар гапиришди. Ўша куни кечки пайт милиция ходимлари келиб, опалардан кечирим сўраб “Опа, энди узр. Сизга қаттиқ гапириб қўйдик. Узр, бизларни ҳам тушунинг. Хафа бўлманг. Ҳаммангларни олиб кирамиз. Ўтириб туринглар” деб кечирим сўрашди. Кейин радиони эшитган одамлар келиб “булар радиога беришаяпти”, энди шунақа гаплар бўлаяпти, дейди Малика Холмуҳаммедова.

Озодлик билан суҳбатда¸ сўнгги икки кун янгиликларини хабар қилган аëлларга кўра¸ 22 ноябр куни қашқадарёлик Мавлуда Юсупова Жаслиқда олти йилдан буён ўтирган эри Фахриддин Омонтурдиев билан учрашишга муваффақ бўлган.

Фахриддин Омонтурдиев 10 йил аввал Жиноят кодексининг 159-моддаси бўйича айбланиб, 20 йилга озодликдан маҳрум қилинган эди.

Эри билан учрашиб чиққан Мавлуда Юсупованинг Озодликка билдиришича, қамоқхонада сиёсий ва диний мотивлар билан ўтирган маҳбусларнинг аҳволи ниҳоятда оғир. Унга кўра, маҳбусларнинг аксари қийноқлардан ўлар ҳолга келгани учун улар яқинларига кўрсатилмаяпти. Унинг эри танасидан қийноқ излари йўқолгани боисгина уларга учрашишга рухсат берилган.

- Эрим билан бугун учрашиб чиқдим. Анча нарсани бошидан ўтказибди. Ичкарида болаларнинг аҳволи оғир. Шу ойнинг 18-куни дубинка билан ҳамма отрядни уриб чиқишибди. Ëппасига ҳаммасини дубинка билан уриб ташлаган. Шунга жароҳат олишган. Изоляторга ташлаган. Карантинда ушлаб ўтиришибди. Шунинг учун “Кўкарган жойларинг яхши бўлса, кейин учрашувга чиқарамиз” деб ваъда бериб туришибди экан. Болаларни номусига тегишаркан, зубной паста билан шунақа қилишиб, орқадан шунақа қилишаркан. Қўлларидан осиб қўйиб уч-тўрт кунлаб яланғоч қилиб, оëқлари ерга тегмасдан ўзларини билмай қолиб, қўлларидан темир билан осиб қўйгандан кейин юрак тўхтаб қоларкан.

Озодлик: Бу гапларни сиз ичкарида хўжайинингиздан эшитиб чиқдингизми?

- Ҳа, шунақа. Ë ҳаëт ë ўлим бўлиб турибдида. Мана шунақа дейишди менга, дейди Мавлуда Юсупова.

Мавлуда Юсупова тилга олган 18 ноябр кунги қийноқ тафсилотларига Малика Холмуҳамедова ойдинликлар киритади.

- Ҳақиқатан 18 да шунақа ҳолат қилибдики, ҳаммани дубинка билан уриб, орқа тешикларига дубинкалар тиқишиб, болаларни жуда ҳолдан тойдириб, қийнаб, ҳаттоки туришга қуввати етмайдиган даражада қилишган. Кетма-кет 2-3-4-5-отрядларнинг зулм остида бўлаëтганлигини эшитдик. Ҳаммани уриб ҳатто оиласининг олдига чиқа олмайдиган ҳолат қилиб қўйган, дейди Малика Холмуҳаммедова.

Аёллар ўз яқинлари билан учрашмагунча уйга қайтмасликка қатъий қарор қилишган.

- “Болам ўликми, тирикми?” десам, “Ўғлинг тирик, аммо ичкарига киргизмаймиз. Кет дегандан кейин¸ кетишасан” деб роса мен билан тўполон қилди. Мана шу ерда ўтираман. Мен кетмайман. Мана шу ерда ўтиравераман. Ўлдирса, шу ерда ўлдириб юборишади. Мени ўлдириб юборишади. Ичкарида боламни ҳам ўлдириб юборади. Ҳаммани ўлдириб юборади булар, дейди андижонлик Муҳаррам Ваҳҳобова.

Малика Холмуҳамедовага кўра, аëлларнинг кўпчилиги ўз яқинларининг тирик эканига шубҳа қилишмоқда.

- Бизлар мустаҳкам ҳолатда шу ерда ўтирибмиз. “Демак, сизлар болаларни уриб дабдала қилиб ташлагансизлар ëки ўлдиргансизлар” деган сўзда турибмиз. Ҳозир “Мен қайтмайман. Демак, хўжайинимга бир нарса қилгансизлар. Шунинг учун мен қайтмайман” деб ўтирибман. Ичкаридагиларнинг аҳволи жуда оғир бўлганлиги учун ўтирибмиз. Мана кириб чиққанлар айтаяпти: “Кетишмасин. Таслим бўлишмасин. Иложи борича бу ердаги маълумотни ташқарига олиб чиқинглар. Аҳволимиз жуда аянчли ҳолатда. Буларнинг мақсади бизларни йўқ қилишлик” деб айттиришаяпти.

Мана менинг хўжайним Холмуҳаммедов Улуғбек, охирги келганимда ҳам “Мендан рози бўлгин мабодо агар кетингдан темир қутига солиб жўнатишмаса” деган гапни айтганларидан кейин келиб шу ерда кутиб ўтирибман. Шунинг учун ҳозир буларга “демак, сизлар ўлдиргансизлар” деб айтаяпман. Чунки мен хўжайинимнинг гапларидан, у ердаги бўлаëтган ҳолатлардан келиб чиқиб шунақа деб турибман мустаҳкам ҳолатда. Болаларнинг ўзлари ҳам “Кетишмасин ҳеч қаëққа. Агар бу ердан кетиб таслим бўладиган бўлишса, бизларга ёмон бўлади, бу ердагиларнинг мақсади бизларни йўқ қилиб юбориш. Ëмон қилишаяпти” деб кириб чиққанлардан айттиришаяпти, дейди Малика Холмуҳаммедова.

Жаслиқ қамоқхонасидаги вазиятни кузатиб келаётган Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромовнинг Озодликка билдиришича, жорий йилда биргина Жаслиқ қамоқхонасидан қийноқлар боис камида ўн маҳбуснинг ўлиги чиққан.

- Бир йилда балки 10та, 10дан ҳам кўп маҳбус қийноқдан кейин оламдан кўз юмади. Буларнинг ҳаммаларининг исм-фамилиялари сир тутилади. Фақат Жаслиқдаги рақам бу, 10дан кўп шунақа воқеалар бўлади¸ демоқчиман. Аниқ рақамини мен айтиб бера олмайман. Шу йилдаги агар айтилса, 10дан ортиқ одамнинг исм-фамилиялари келтирилган. Улар барчаси қийноқлардан ўлдирилган. Қийнаш методларининг 30-40 хиллари бор. Электрошок билан қийнаш янгича усул. Яна резинкадан қилинган дубинкаси бор. Шу билан ҳар хил жойига уриш. Яна бир неча усуллари бор. Ўзининг ходимларига гап тегмаслик мақсадида қамоқда криминал моддалар билан ўтирган маҳбусларга буларни урдиради. Шунинг натижасида ўлади. Методлари жуда кўп ишқилиб. Масалан¸ иссиққа чиқариб қўйиб офтобда ушлаш, қишда яланғоч чиқариб қўйишлар. Мана шунақа қийнаш ҳоллари бизларгача етиб келган, дейди Суръат Икромов.

Жаслиқ қамоқхонаси ва республика Жазони ижро этиш бош бошқармасидан бу борада бирор-бир маълумот олишнинг имкони бўлмади.

Озодлик радиоси Жаслиқ қамоқхонасидаги маҳбусларнинг яқинларига мўлжалланган меҳмонхонада ўтирган 30 га яқин аёл вазияти ва улар яқинлари тақдирини кузатишда давом этади.
XS
SM
MD
LG