Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 11:18

Малоҳат Эшонқулова ҳам очликни тўхтатди


ЎзТВ собиқ журналисти Малоҳат Эшонқулова.
ЎзТВ собиқ журналисти Малоҳат Эшонқулова.

15 июл куни очлик акциясининг иккинчи иштирокчиси Малоҳат Эшонқулова ҳам 19 кунлик очликни тўхтатишга мажбур бўлди.


27 июндан бери Ўзбекистон телевидениесидаги қонунбузарликларга қарши норозилик сифатида очлик тутиб келган Малоҳат Эшонқулова соғлиги ва оилавий сабаби боис бу акцияни тўхтатишга қарор қилганини айтди:

- Ҳозир умумий ҳолсизлик. Эрталаб қон туфладим. Шундан қўрқиб кетдим. Мен ўйладим ошқозонимданмикин, деб. Ўзим ҳам билмай қолдим. Кейин жуда ҳам ҳолсизман, бошимни кўтара олмайман. Эрталаб менга олманинг, лимоннинг сувларини беришди. Шуни ичиб ўтирибман,- деди журналист малоҳат Эшонқулова.

Журналистга кўра¸ очликни тўхтатишига соғлиги ёмонлашгани бир сабаб бўлса, иккинчиси қайнонасининг комага тушиб, айни пайтда касалхонадан оғир аҳволда уйга олиб келинганидир.

Президент қабулига кириш мақсадида очлик эълон қилган Малоҳат Эшонқулова тез орада жамоатчиликка янги баёнот тарқатишларини билдирди:

- Очликни тўхтатганимиз ҳақида ўз баёнотимиз билан чиқиш ниятимиз бор. Озроқ кучга тўлсам, барча ҳамкасбларимизга, ҳуқуқ фаолларига, ҳалқаро ташкилотларга тарқатиш ниятимиз бор, деди 19 кун очлик акциясини давом эттирган журналист Малоҳат Эшонқулова.

Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг "Ёшлар" телеканалида ишлаб келган журналистлар Саодат Омонова ва Малоҳат Эшонқуловалар телевидениедаги қонунбузарликларга чек қўйилишини талаб қилиб, ўтган йили 6 декабр куни илк бор Тошкентнинг марказий майдонида пикет ўтказганидан кейин 9 декабр куни ишдан ҳайдалган эди.

27 июн куни Ўзбекистон президенти девони олдида очлик акциясини ўтказа бошлагач, милиция ходимлари томонидан олиб кетилиб, уч миллион сўм жаримага тортилганларидан кейин Малоҳат Эшонқулова ва Саодат Омонова норозилик сифатида очлик акциясини бошлаган эди.

Очлик акциясининг яна бир иштирокчиси журналист Саодат Омонова 12 июл куни қон босими ошиб кетгани боис, касалхонага олиб борилганидан сўнг тўхтатган эди. Саодат Омонова 16 кун очлик акциясини давом эттирган эди.
XS
SM
MD
LG