Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2024, Тошкент вақти: 02:44

Қозоғистонда ким миллиардер бўла олади?


Назарбоевнинг иккинчи куëви Тимур Кулибаев мамлакатдаги бутун ëнилғи секторини ўз назоратига олган.
Назарбоевнинг иккинчи куëви Тимур Кулибаев мамлакатдаги бутун ëнилғи секторини ўз назоратига олган.

Иккинчи куëв - Тимур Кулибаевнинг Лондондаги "қозоқ маликаси" Гога Ашкенази билан алоқалари Қозоғистонда кимнинг қандай бойишини кўрсатувчи яна бир далил бўлди.


Қозоғистон жанубидаги чекка Тараз шаҳарчасида ирригатор оиласида туғилган кенжа қиз Гавҳар Беркалиева бугун Гога Ашкенази номи билан Британиядаги зодагонлар табақасининг кунда-шундасига айланган.

31 яшар Гога Оксфорд университети битирувчиси¸ Лондоннинг энг ҳашаматли Ҳолланд Парк маҳалласидаги ҳашаматли вилла соҳибаси¸ бир неча мамлакатдаги улкан бизнес тизимларининг эгаси ҳисобланади; Ҳолливуд юлдузларидан тортиб Британия қироллик оиласи вакиллари билан яқиндан борди-келди қилади.

Оддий қозоқ қизининг эртаклардаги каби тўсатдан маликага айланганию¸ унинг қозоқ миллиардери сифатида улкан молиявий олди-бердиларга эгалик қилаëтгани яқин-яқингача қозоқ жамоатчилигидан кўра кўпроқ Ғарб сариқ матбуотини қизиқтираëтган эди.

Аммо Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев 71 ëшга кирганини байрам қилган 6 июл куни унинг мухолифларига қарашли К+телеканали ҳам Назарбоевга ўзига хос туҳфа ҳозирлади ҳамда "Малика ва қашшоқ" деб номланган ҳужжатли филмни намойиш қилди.

Филмда Қозоғистон давлат матбуотида цензура қилинадиган ном¸ аниқроғи шахс - Гога Ашкеназининг қандай қилиб Қозоғистондаги ëнилғи¸ транспорт¸ олтин ва уран конлари бўйича йирик магнатга айлангани сири фош этилди.

Ҳужжатли филмда айтилишича¸ Гога Ашкенази президент Назарбоевнинг қудратли куëви¸ Форбс журнали бўйича Қозоғистон миллиардерларидан бири саналмиш Тимур Кулибаевнинг расмий никоҳдан ташқаридаги хотини ва Кулибаев кенжа ўғлининг онаси ҳамдир.

Яқинда Россиянинг НТВ телеканалига интервю берган Гога Ашкеназининг ўзи россиялик мухбир билан суҳбатда узоқ йиллар Тимур Кулибаевнинг ўйнаши бўлиб келгани ва Кулибаевнинг 2007 йилда туғилган кенжа ўғли Адамнинг отаси эканини очиқ тан олди.

Британия нашрларининг ëзишича¸ америкалик меҳмонхоналар тармоғи эгаси Стефан Ашкеназига турмушга чиққан Гавҳар Беркалиева Гога Ашкеназига айланган ва унинг америкали бойвачча билан қурган оиласи Тимур Кулибаев билан интим алоқалар боис бузилиб кетган.

Қозоғистонда президентнинг қудратли куëви ва унинг биринчи вориси сифатида кўриладиган Тимур Кулибаев давлат назоратидаги ахборот воситалари орқали ўзини Динара Назарбоеванинг севимли эри ва уч фарзанднинг меҳрибон отаси сифатида тақдим этиб келмоқда.

К+телеканали намойиш этган ҳужжатли филмдан хабар топган қозоғистонликларни¸ мустақил таҳлилчиларга кўра¸ Тимур Кулибаевнинг ишқий саргузаштларидан кўра¸ унинг ўйнашининг кимнинг пули ҳисобига Лондондаги миллиардерлар рўйхатига қўшилгани жунбушга солмоқда.

Зотан¸ Кулибаев ўғлининг онаси Гога Ашкенази Қозоғистон нефт ва газ соҳасидаги хусусий MunaiGaz Engineering Group асосчиси ва бошқарувчиси, асосан Қозоғистонга киритиладиган сармоялар билан шуғулланадиган MMG Global Consulting Group директоридир. Сўнгги интервюларидан бирида Гога ўз олдиган қўйган янги мақсадларидан бири Қозоғистондаги олтин қазиб чиқариш соҳасини забт этиш эканини билдирди.

Унинг орқасида Тимур Кулибаев турганидан сўнг¸ Гога хонимнинг бу мақсадига ҳам эришишига шубҳа йўқ¸ дейишмоқда мустақил қозоқ кузатувчилари ва мухолифатчилари.

Қозоғистон жамиятидаги кайфиятдан яхши хабардор таҳлилчилар¸ Гога Ашкенази билан ишқий алоқаларининг фош этилгани Тимур Кулибаевнинг президентлик иддаосига зиëн еткизмайди¸ деган ишончда.

- Қозоғистонда бу каби масалаларга иккиюзлама қараш мавжуд. Кўпчилик сиëсатчилар¸ бадавлат тадбиркорларнинг оиладан ташқаридаги ишқий саргузашларию¸ уларнинг ўйнаш ва никоҳсиз туғилган болалари борлигини яхши билади. Аммо бундай ахборот мазкур шахслар обрўсига умуман таъсир қилмайди. Бизда ҳали бу каби сирлар туфайли сиëсий фаолиятига зарба етган бирор сиëсатчи йўқ¸ дейди олмаоталик таҳлилчи Айдос Сарим.

Шундай бўлса-да¸ бундай хабарни эшитган қозоғистонликларни¸ Назарбоев оиласидан ташқари унинг куëвлари ўйнашларининг ҳам мамлакат бойликларини ўғирлаëтгани ғазабга солмай қўймаëтир¸ деб қўшимча қилади бу таҳлилчи.

Кузатувчилар¸ биринчи куëви Роҳат Алиевни оқ қилган қудратли қайнота - Нурсултон Назарбоев иккинчи куëв ва эҳтимолий ворис Тимур Кулибаевдан ҳам юз ўгиришгача бориб етадими¸ деган тахминга турлича жавоб бермоқдалар.

Қозоғистондаги Олга мухолифат партияси етакчиси Владимир Козлов¸ Тимур Кулибаевнинг миллиардер ўйнаши ҳақидаги хабар¸ Назарбоев учун янгилик бўлган тақдирда ҳам¸ унинг бу куëвни ҳам оқ қилишига асос бўла олмайди деган фикрда ва ўз кузатишлари бундай қувватлайди:

- Назарбоевнинг ўзида қанча ўйнашлари бўла туриб¸ унга ворисликка ҳозирланаëтган Кулибаевда ҳам бўлса¸ нима қипти? Ҳукмдор қандай бўлса¸ унинг вориси ҳам шунга яраша бўлади-да! Менимча агар Кулибаев ахлоқ жиҳатдан Назарбоевдан тозароқ одам бўлганда¸ айни шу нарса Назарбоев учун бош оғриғи бўлган бўларди. Ҳозирги шароитда¸ ҳамма нарса назарбоевча мантиқ ва нормага тўғри келади¸ дейди қозоқ мухолифатчиси.
XS
SM
MD
LG