Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 11:01

Уйини ўғри урган прокурор жавобгарликка тортилди


Уйидан йирик маблағ ҳамда тилла тақинчоқлар ўғирланган прокурорнинг ўзи энди жавобгарликка тортилмоқда. Ўзбекистон Бош прокуратураси тергов бошқармаси бошлиғининг собиқ ўринбосари Абдурасул Юнусов уйидан ўғирланган 240 минг АҚШ доллари миқдоридаги пулни қаердан келганини изоҳлаб бериши керак.


Ўзбекистон Бош прокуратураси тергов бошқармаси бошлиғининг собиқ ўринбосари Абдурасул Юнусов ўтган ҳафта ҳибсга олингани ҳақида Ҳаракат ахборот нашри прокуратуранинг исми айтилмаган вакилларидан бирига асосланиб хабар қилди.

Лекин, Ўзбекистон Бош прокуратураси расмийлари бу ҳақда Озодлик радиосига изоҳ беришдан бош тортди.

Айтилишича, Юнусов порахўрлик ва мансаб ваколатини суиистеъмол қилганликда айбланмоқда.

Ўзбекистонлик журналист Абдураҳмон Ташановга кўра, собиқ прокурорнинг ҳибсга олингани аниқ, лекин унга айнан қанақа айб қўйилаётгани мавҳум.

- Иш аслида нима бўляпти, нима учун қўзғатилди, қайси эпизодлар бўйича иш кўриляпти, номълум. Лекин уни қамоққа олингани тўғрисида фактлар бор,- дейди Ташанов.

Қамалишидан олдин шу йилнинг май ойида Абдурасул Юнусовнинг уйидан 240 минг АҚШ доллари ҳамда 25 миллион сўмлик тилла тақинчоқлар ўғирланган, кейинчалик жиноятчилар ушланиб, суд томонидан 13-14 йил қамоқ жазосига ҳукм қилинган эди.

Лекин Юнусовнинг ўзи ҳам уйидан ўмарилган катта миқдордаги пул юзасидан ишонарли изоҳ беролмагани сабабли Тошкент вилояти прокуратурасига ишга юборилган ва унинг устидан хизмат текшируви бораётгани билдирилган эди.

Эндиликда собиқ прокурор уйидан ўғирланган 240 минг АҚШ доллари ва тилла тақинчоқлар манбасини аниқ изоҳлаб беришига тўғри келади.

- Пул манбааси ўрганилади. Пул манбааси ўрганилгани тақдирда ҳам солиқ тўлашдан бўйин товлаш, жиноий даромадни легаллаштириш, шунақа фактлар бўйича ҳам ишлар кетиши мумкин,- дейди журналист Абдураҳмон Ташанов.

Прокурор Абдурасул Юнусов хонадонидаги ўғирликка оид баъзи тафсилотларни аввалроқ Uzmetronom.com сайти ҳам берди.

Ундаги хабарга кўра, Абдурсул Юнусовнинг рафиқаси ўғирлик тўғрисида милицияга берган аризасида дастлаб уйдаги сейфдан 13 минг АҚШ доллари ўғирланганини ёзган.

Бироқ кейинчалик беш нафар йигит ўғирликда гумонланиб ҳибсга олингач, Юнусова хоним ўғирлик миқдори 200 минг 100 АҚШ доллари эканини айтган.

Сўнгра ўғирлик ҳақидаги кўрсатма яна ўзгартирилиб, прокурорнинг уйидаги сейфдан 240 минг 100 АҚШ доллари ва жами 24 миллион 950 минг сўмга тенг тилла буюмлар ўғирлангани кўрсатилган.

Абдурасул Юнусов сейфидан ўғирланган пулларнинг 13 минг АҚШ доллари ўз оиласига, 140 минг доллари прокурорнинг акасига, қолган 87 минг 100 доллари эса Ўртачирчиқ туманида ёқилғи қуйиш шохобчасига эга укасига тегишли бўлганини иддао қилган.

- Қариндоши ёки ўзи тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланганидан эди давлат амалдорида шунақанги пул бўлиши мумкин эди ва уни қонуний дейишга асос бўлар эди. Лекин, прокурор топилган пулга етарли изоҳ топиб бера олмайганлиги учун унга нисбатан жиноят иши қўзғотилган,- дейди Ташанов.

Маҳаллий банкларга ишонч йўқлиги сабаб кўпчилик пулдорлар маблағларини АҚШ долларида уйларида сақлашади, шу жумладан бой амалдорлар ҳам. Прокуратура эса Ўзбекистонда бошқа куч ишлатар тизимлар қатори аввал бошдан коррупциялашган тизим ҳисобланади.
XS
SM
MD
LG