Линклар

Шошилинч хабар
27 декабр 2024, Тошкент вақти: 11:22

Arbuz.com охир-оқибат ёпилди


Ушбу сайт шу йилнинг феврал ойида ҳам қисқа муддатга ёпилган ва унинг бир неча фаол форумчиси Тошкентда қисқа муддатга ҳибс қилинган эди.
Ушбу сайт шу йилнинг феврал ойида ҳам қисқа муддатга ёпилган ва унинг бир неча фаол форумчиси Тошкентда қисқа муддатга ҳибс қилинган эди.

Сайт маъмури Насим Мансуров эълон қилган баёнотда қарор сабаби форум аъзоларига нисбатан тазйиқлар билан изоҳланган.


Ўзбекистон ичкарисидаги интернет фойдаланувчилари учун озми-кўпми эркин фикр билдириш имконини бериб келган Arbuz.com интернет
форуми ёпилди.

Куни-кеча ушбу сайтда форум маъмури Насим Мансуров номидан эълон қилинган бу қарор шахсан ўзо томонидан қабул қилингани ҳамда бунга форумнинг айрим фаол иштирокчиларига нисбатан бораётган муттасил тазйиқлар сабаб бўлгани айтилган.

"Ҳа, ўша кун келди. Бизнинг айрим аъзоларимизга алоқадор сўнгги воқеалардан сўнг форум қайсидир маънода ўлди. Шунинг учун мен уни ёпишга қарор қилдим. Менда уни юргизиш учун куч ҳам, маблағ ҳам йўқ. Бизнинг ҳозирги ва аввалги форумчиларимизнинг ҳимоясини кўзлаб, бу доменни ҳеч кимга сотмайман", деб ёзади форум маъмури Насим Мансуров.

Мансуров ўз баёнотида шу йилнинг феврал-март ойларида форумнинг фаол иштирокчилари ҳибсга олингани ва ҳибсда сақланганига оид воқеаларга ишорат берган.

Унга кўра, Ўзбекистон "ҳукумат кучлари" томонидан бўлган босимлар шахсан унга ва у билан биргаликда ишлаган ҳамда ўзини Delf, деб номлаган ҳамкасбимга нисбатан ҳам ўтказилган.

"Чуқур ғурур билан айтишим мумкинки, йиллар давомида мен ва Delfга ҳамда бизнинг оилаларимизга бўлган ҳукумат кучларининг босимларига қарамасдан биз бирор кишининг шахсига оид маълумотни ошкор қилмаганмиз", деб ёзади Насим Мансуров.

Шунингдек, Мансуров Arbuz.com интернет форуми атрофида йиғилган жамоани йўқотмаслик учун бошқа бир лойиҳани йўлга қўйиш фикри ҳам эндиликда амалга ошмаслигини айтган.

"Кўринишидан бу ҳам ҳеч қачон амалга ошмайди. Чунки, на Delf ва на менда янги лойиҳа устида ишлаш учун вақт ва маблағ бор", дея хулоса қилади Насим Мансуров.

Arbuz.com интернет форуми 13 йилдан ортиқроқ фаолият юритди.

У ўзбек, рус ва инглиз тилларида сўзлашувчи зиёли ўзбек ёшлари орасида оммалашган форум эди. Унинг иштирокчилари эса Ўзбекистон ва унга қўшни давлатлардаги ҳамда дуёнинг турли давлатларига сочилиб кетган ўзбеклардан иборат эди.

Ушбу форумда 2011 йилнинг февралига қадар фалият юритган бир неча оммабоп саҳифалар — сиёсат, иқтисод, дин, спорт, мусиқа соҳаларига оид баҳсларда бугунги етакчи ўзбек ёшларининг фикрлари очиқ акс этар эди.

Форум иштирокчилари айрим масалаларда Ўзбекистон ҳукуматини очиқ танқид қилар эдилар.

Форумнинг Тошкентдаги фаол иштирокчиларидан бири шу кунларда ҳам муттасил тазйиқ остида эканини айтар экан, Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда бу тазйиқларга кейинги бир неча йил ичида форумчиларнинг онлайн фаолият билан чекланмай, амалда бирлашган фаол гуруҳга айлана бошлагани сабаб бўлди, деб фикр билдирди.

Форумнинг ўзаро учрашиб турадиган фаол иштирокчилари сўнгги бор Қирғизистондаги қонли воқеалар ортидан Arbuz.com интернет форумида хайрия йиғиш компаниясини ўтказган эди.

Норасмий манбалардан олинган маълумотларга кўра, фаол форумчилар бу доменни АҚШдан бошқарган маъмурият билан биргаликда қарийб 10 минг долларга яқин, баъзи манбаларга кўра эса бундан ҳам ортиқ миқдорда ёрдам йиғиб, Ўшга етказиб берган.

Шунингдек, Қирғизистондаги этник можаролардан сўнг форум иштирокчилари ташаббуси билан флэш-моб акциялари уюштирилган ҳамда бу фаолият ўз вақтида форумнинг ўзида фотосуратлари билан чоп этиб борилган эди.

Тошкентдаги фаол форумчилардан бири ўша кезда Озодликка берган интервьюсида феврал ойида ҳибсга олинган ўзбекистонлик фаол форумчилардан кўпроқ уларнинг онлайндан ташқари фаолияти ҳақида сўралгани ҳақида сўзлаган эди.

Суҳбатдошимиз фикрича, оддий блоггерларнинг интернет тармоғидан четга чиқиб, реал ҳаётда уюша бошлагани ва гуманитар ёрдам акциялари билан халқ орасига кира бошлагани Ўзбекистон ҳукуматини чўчитган асосий жиҳат бўлиши мумкин.

Ана шу воқеалардан сўнг ҳам форум маъмури Насим Мансуров бу воқеаларга бироз ойдинлик киритувчи ҳамда фаол форумчиларга нисбатан тазйиқлар бораётганини тасдиқловчи мазмундаги баёнотни тарқатган эди.

Форумнинг ўзи эса қисқа муддатга ёпилганидан сўнг яна иш бошлаган, бироқ ундан ҳукумат кучлари тазйиқига сабаб сифатида кўрилган махсус саҳифалар — “Ўзбекистон: Муаммо ва ечимлар”, “Дин” ва “Қирғизистондаги фожеали воқеалар” номли бўлимларни олиб ташланган эди.

Ўша кездаёқ баёноти эътироз билан қарши олинган Насим Мансуров бу галги форумни бутунлай ёпиш қарори ҳам эътирозга сабаб бўлишини очиқ тан олди.

"Биламан, бу хабар кўпчиликнинг хавфсаласини пир қилиши мумкин. Бу ерда 10 мингдан ортиқ фойдаланувчи қолдирган 1 миллиондан ортиқ шарҳ бор. Аммо, иштирокчиларимиздан уларнинг шарҳи ва ўзига тегишли маълумотларни ўчириш ҳақида ҳар куни сўровлар келавергани боис бу ишни тугатиш зарурати туғилди. Шунинг учун умид қиламанки, қолганлар ҳам мени тўғри тушунади", дея сўнгги бор Arbuz.com интернет форуми иштирокчиларига юзланди форум маъмури Насим Мансуров.

Озодликнинг форум маъмури билан боғланиш уринишлари ҳанузгача самарасиз қолмоқда.

Arbuz.com сайтининг ўзида ҳам Насим Мансуров шахсига оид маълумот берилмаган эди.

Аммо, шахсий веб саҳифасида унинг Ўзбекистон президенти томонидан таъсис этилган "Умид" жамғармаси орқали АҚШда таҳсил олгани ва ҳозирда оиласи билан Америкада яшаши ҳамда профессионал даражадаги фотосуратчилик билан шуғулланиши айтилади.

Қуйида Arbuz.com форумининг фаол иштирокчиларидан бири Қурбон Абдуҳолиқов билан форумнинг 13 йиллик фаолияти ва унинг ёпилиш сабаблари ҳақида қурилган суҳбатни тўлиқ тинглашингиз мумкин.


XS
SM
MD
LG