Линклар

Шошилинч хабар
18 ноябр 2024, Тошкент вақти: 21:51

Ҳавел юраги


Вацлав Ҳавел сиёсат билан шуғулланган одам ҳам самимий ва виждонли бўла олишини ўз мисолида кўрсатган сиëсатчи эди.

Чехия тимсоли

Прагада 10 йил яшаб, бу шаҳар тимсолларига ҳам кўникдим.

Прага марказидаги муқаддас Вацлавнинг от минган ҳайкали¸ Карл кўприги¸ Кафка музейи...

Бу тимсоллардан бири мен учун Вацлав Ҳавел эди.

Фақат у тош ҳайкал эмас¸ балки тирик ва ëнгинамизда эди.

Радио эски бинода пайти у турли анжуманларга тез-тез келиб турар эди.

Бир марта журъат қилиб у билан қисқа суҳбатлашиб, расмга ҳам тушган эдим.

Кейинроқ Вацлав Ҳавелнинг соғлиги ëмонлашди ва анжуманларга камроқ келадиган бўлди.

Декабрнинг 18-куни Вацлав Ҳавел ўлгани хабарини ҳамкасбим қўнғироқ қилиб айтганида автобусда Праганинг Браник деган жойидаги тепалик устида кетиб бораëтган эдим.

Декабр ойи бўлишига қарамасдан қуëш чарақлаб турар, тепалик остида ястанган шаҳарнинг қизил томларини ярқиратар эди. Шаҳар худди почта откриткаси каби гўзал ва жозибадор. Шаҳарни тамсил қилган барча тимсоллар ўз жойида . Фақат Вацлав Ҳавел йўқ энди.

Аммо бир-биридан фарқли уч мамлакат Коммунистик Чехословакия¸ озод Чехославакия ва мустақил Чехияга президент бўлган Вацлав Ҳавел ўз ўлимидан кейин ҳам бу мамлакат тимсоли бўлиб қоладигандай кўринди менга.

Прага устида порлаган юрак

2003 йил 17 ноябрида Прага Градидаги муқаддас Иржа ибодатхонаси устида 15 метрлик улкан пушти юрак шакли ëндирилди.

Бу юрак рассом Иржа Давидга оид санъат асари эди.

Рассом ғоясига кўра, юрак тасвири Вацлав Ҳавел президентлигининг сўнгги 3 ойида ëниб туриши лозим эди.

Вацлав Ҳавел президентлик курсисини бўшатган куни шаҳар узра порлаган бу улкан юрак сўниши керак эди.

Рассом Иржа Давид: "Бу асарим бизга озодлик ва демократия келтирган етакчига миннатдорлик рамзидир", деган эди.

Шаҳар узра порлаб турган юрак сўнганини кўрганимда ичимда бир маюслик пайдо бўлган эди.

Аммо бу маюслик баробарида "Қани энди менинг мамлакатимда ҳам ўз истаги билан кетадиган президент бўлса" деган орзу ҳам бор эди.

Ҳавел ва Ўзбекистон

1991 йили Ўзбекистон Коммунистик партияси котиби Ислом Каримов Ўзбекистон президенти бўлиш учун ўз номзодини умумхалқ сайловига қўйди (бундан олдин у парламент тарафидан президент қилиб сайланган эди).

Айни сайловда Эрк демократик партиясидан Муҳаммад Солиҳ ҳам қатнашди.

Сайлов олдидан Ўзбекистон телевидениеси шарҳловчиси Турсун Қоратоев билан суҳбатлашган Ислом Каримов ëзувчиларнинг президентлик иддаоси хатарли эканини айтди.

"Мана Ҳавел президент бўлди¸ нима қилади у президент бўлиб, китобини ëзмайдими?" деган эди ТВ орқали Каримов.

Каримов ўзи истамаган ҳолда Муҳаммад Солиҳни Вацлав Ҳавел билан параллел қилди.

"Параллел чизиқлар учрашмайди" деган қоида бор чизма геометрияда.

Ҳаëт ва сиëсатнинг ассимметрияси эса истиснолардан иборат.

2001 йил адоғида Вацлав Ҳавел Муҳаммад Солиҳни ўз кўшкида қабул қилди.

Бундан олдин Солиҳ Ўзбекистон талаби билан Прагада ҳибс қилинган эди. Ўзбек тарафи даъволарини асоссиз деб топган маҳкама Солиҳни оқлади.

Бюрократия хатоси учун узр тилаган Вацлав Ҳавел Муҳаммад Солиҳ бир муддат ўтирган Панкрац турмасида ўзи ҳам ўтирганини айтиб, мутоиба қилган эди.

2011 йил 18 декабр куни Ҳавел оламдан ўтгани ҳақида хабар тарқатган Евронюс канали Вацлав Ҳавелнинг сўнгги нутқларидан иқтибос келтирди:

"Ҳали ер куррасида мустабид тизимлар бор экан¸ биз бу мустабидлардан зулм кўрган диссидентлар ҳимоясига оëққа қалқишга доимо куч топа олишимиз керак."

Бу сўзлар сиëсат билан шуғулланган одам ҳам самимий ва виждонли бўла олишини ўз мисолида кўрсатган сиëсатчининг умр фалсафаси эди.
XS
SM
MD
LG