Линклар

Шошилинч хабар
18 ноябр 2024, Тошкент вақти: 02:39

Президент қурилиш соҳасида тартиб ўрнатмоқчи


Тошкентда сўнгги йилларда қурилган йирик иншоотлардан бири бўлган Форумлар Саройини собиқ "Зеромакс" ширкати немис пудратчиларини ёллаб қурдиргани айтилади.
Тошкентда сўнгги йилларда қурилган йирик иншоотлардан бири бўлган Форумлар Саройини собиқ "Зеромакс" ширкати немис пудратчиларини ёллаб қурдиргани айтилади.

2011 йилнинг 27 декабр куни Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов "Ижтимоий ва фуқаровий аҳамиятга эга объектларни лойиҳалаштириш ва қуришда тегишли тартиб ўрнатиш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарорга имзо чекди.


Қарордан кўзланган мақсад, расмий изоҳга кўра, Ўзбекистон шаҳар ва аҳоли пунктларини комплекс тарзда ривожлантиришга тааллуқли лойиҳавий қарорлар сифатини ошириш ва сармоялаш жараëни иштирокчиларининг Ўзбекистон Республикаси Шаҳарсозлик кодексидаги талабларга риоя қилиш масъулиятини оширишдан иборат.

Ҳужжатда таъкидланишича, бундан буëн Ўзбекистоннинг каттаю кичик шаҳарларида бўладиган ҳар қандай янги қурилиш бош планга қатъий риоя қилган ҳолда амалга оширилади; молиявий манбасидан қатъий назар, қурилиши тугаган массивлар, кўп қаватли турар-жой микрорайонлари, посëлка ва район марказларида бош планда кўзда тутилмаган алоҳида савдо, умумий овқатланиш ва хизмат муассасаларини қуриш қатъиян тақиқланади.

Президент фармони билан бундан буëн ҳисоб сметаси қиммати 2 миллиард сўмдан ошадиган қурилиш ва таъмирлаш лойиҳалари ҳукумат даражасида тасдиқланиши шарт қилиб белгиланган.
Бундай объектлар рўйхатини кўриб чиқиш ва тасдиқлаш бўйича махсус ҳукумат комиссияси таъсис этилди ва унга Бош вазир ўринбосари Ботир Зокиров раҳбар этиб тайинланди.

“Қурилиш ва уларни лойиҳалаштириш жараëнида лозим бўлган тартиб ўрнатишга оид махсус қарор қабул қилиш орқали Ўзбекистон президенти бу соҳадаги тартибсизлик жиддий кучайиб кетганини тан олди. Бу назоратсизлик эса, биринчи галда, қурилиш ва таъмирлаш объектларини лойиҳалаштириш - ҳисоб сметаларида кўринади”, дейди йиллар давомида Ўзбекистон қурилиш соҳасидаги вазиятни ичдан кузатган мустақил қтисодчи Миркомил Тошкандий.

- Биздаги сметаларнинг ҳаммаси шиширилган, сохта сметалар бўлади. Бундан мақсад, давлат ҳисобидан имкон қадар кўпроқ маблағни чиқариб олишдир. Ана шуни жиловлаш учун ҳукумат шундай фармон қўллашга мажбур бўлди. Оддий мисол, расмий баëнотларга кўра, 2006-2007 йиллар ичида худди шу қурилиш соҳаси, аниқроғи мактаб ва коллежлар қуриш ва уларни таъмирлаш соҳасида 280 миллиард сўмлик талон-тарож бўлган. Бу объектларнинг ҳаммаси давлат бюджетидан қурилган ва зиëн ҳам давлат ғазнасига етган.Кейинги йилларда бу рақамнинг сўзсиз ўсиб борганини тушуниш қийин эмас, бусиз илож ҳам йўқ, дейди Озодликка Ўзбекистон президенти қарорини шарҳлаб берган мустақил иқтисодчи.

Озодлик манбаларининг маълум қилишича, 2010-2011 йил давомида шахсан президент Каримов топшириғи билан пойтахтда амалга оширилган бир қатор йирик қурилиш объектларининг ҳисоб сметалари қайта тафтиш қилинган ва бу жараëнга алоқадор кўплаб шахс Миллий хавфсизлик хизмати томонидан сўроқ қилинган.

Тошкент шаҳар ҳокимиятининг, Ўзбекистон хазинасига бир неча юз миллион долларга тушган янги биносидаги сохтакорликлар ва давлат маблағини ўзлаштириш юзасидан сўроққа чақиртирилиб, жазога тортилганлар орасида бу қурилиш ташаббусчиси, Тошкент шаҳрининг собиқ ҳокими, “Ўзбекистон қаҳрамони” Козим Тўлагановнинг ҳам борлиги ҳам айтилган эди.

Президент қарорига кўра, ҳисоб сметаси 2 миллиард сўмдан(расмий курсда 1 миллион 124 минг АҚШ доллари – таҳр.) ошадиган ҳар қандай қурилиш ва таъмирлаш лойиҳасининг марказий ҳукумат тасдиғидан ўтишининг шарт этиб белгиланиши қурилиш соҳасида тегишли тартиб ўрнатишга хизмат қилади.

Ўзбекистон Давлат архитектура ва қурилиш қўмитасининг исми келтирилишини истамаган мутахассисига кўра, ҳозирга қадар бундай тартиб давлат ҳисобидан молиялаштирилган қурилиш ва таъмирлаш лойиҳаларида амалда бўлиб келган, янги фармон бу қоидани энди хусусий сармоядорлар амалга оширадиган режалар учун ҳам тааллуқли бўлади. Шаҳарсозлик бўйича мутасадди, Озодлик мухбирининг президент фармонини тақозо қилган омиллар борасида шарҳ бериш сўровини рад қилди.

Ўзбекистонлик мустақил иқтисодчи Миркомил Тошкандий, президентнинг янги фармони, хусусан унда кўзда тутилгани каби ҳисоб сметаси қиммаати 2 миллиард сўмдан ошадиган лойиҳаларни фақат махсус ҳукумат комиссияси тасдиғи билангина амалга ошириш шарти, қурилиш соҳасида авж олган коррупцияни жиловлаш эмас, балки уни аксинча кучайтиришга хизмат қилишини айтади.

- Бу қарор қурилиш соҳасидаги талон-тарожнинг олдини олиш мақсадида қабул қилинган бўлиши мумкин, аммо бу билан жараëнни тўхтатиб бўлмайди. Чунки биздаги тендерга кириш учун, аввал тегишли расмийларга маълум бир суммани тўлаш керак. Бу бир. Иккинчиси, буюртмачи ва пудратчи ўртасидаги келишувда буюртмачига, албатта “откат” чиқарилиши керак, дейди мустақил иқтисодчи.

Президент қарори “откат” тизимини йўқ қила олмайди. Ҳозирги инфляция вазиятида икки миллиард сўмлик қурилиш ëки таъмирлаш объекти унча катта эмас. Бундай лойиҳани ҳукумат тасдиғидан ўтказиш учун энди яна қўшимча кимларгадир откат чиқарилиши керак бўлади, деб давом этади мустақил иқтисдчи.

- Назорат қанча кучайса, аниқроғи назоратчи қанча кўпайса, откат миқдори ҳам ошиб бораверади. Бу қарор билан сметалар тартибга тушмайди. Икки миллиардлик сметани энди откатларни қўшиб, беш миллиардга чиқаришга мажбур бўлади. Бусиз иложи йўқ, дейди Миркомил Тошкандий.

Бунинг оқибатида яна давлат ғазнасидан олинадиган маблағлар юки яна солиқ тўловчи халққа тушади, боз устига, хусусий қурилиш объектларидан фойдаланиш, ëки турар-жой биноларини сотиб олишга мажбур ўзбекистонликлар янада кўпроқ ҳақ тўлашга мажбур бўлади, деб қўшимча қилади мустақил таҳлилчи.

Айни пайтда, президент имзолаган қарорнинг кўп қаватли турар-жой микрорайонлари, посëлка ва район марказларида бош планда кўзда тутилмаган алоҳида савдо, умумий овқатланиш ва хизмат муассасаларини қуришни қатъиян тақиқлашга оид қисми айрим тошкентликлар томонидан олқишланмоқда.

- Бизга уйимизнинг олдига кўп нарса қурилмагани яхши, албатта. Тошкентда ҳозир магазин устига магазин қурилиб ëтибди. Боғча, мактаб, болалар учун ўйингоҳ, боғ қуриш деган гап йўқ. Битта бизнинг домда 5-6 аптека, ўндан ошиқ дўкон бор. Яқинда бир бойвачча келиб, домимиз ëнида катта новвойхона қурадиган бўлди. Аммо биз бу қурилишдан арз қилиб, ҳокимиятга чиққач, ҳозирча тинчиб кетди. Бу қарор билан бундай қурилишлар умуман тўхтаса, зўр иш бўлади, дейди Тошкентдаги кўп қаватли уйлардан бири фаоли Назира опа.

Айрим норасмий манбаларга кўра, қурилиш соҳасида тартиб ўрнатиш ғояси ташаббусчиларидан бири, ўтган ой Ўзбекистон Бош вазирининг ўринбосари этиб тайинланган Ботир Зокировдир. Тошкентдаги “Трест-12" қурилиш компаниясининг бошқарув кенгаши раиси бўлган Ботир Зокиров Вазирлар Маҳкамасининг коммунал хизмат, транспорт, капитал қурилиш ва саноат қурилиш масалалари бўйича мажмуаси раҳбари ҳамда Архитектура ва Қурилиш Давлат қўмитасига раҳбар этиб тайинланди ва президентнинг қурилиш соҳасига оид сўнгги қарори ижроси ҳам айнан Зокировга топширилди.

Ўзбекистонда кейинги йилларда амалга оширилган қатор йирик қурилиш ва таъмирлаш лойиҳалари пудратчиси бўлган “Трест-12” ширкатининг собиқ раҳбари эндиликда бутун мамлакат доирасидаги қурилишларни ўз назоратига олиш лозимлигига президентни ишонтира олган кўринади.

Ботир Зокировнинг эса Ўзбекистонда катта нуфузга эга Бош вазирнинг биринчи ўринбосари Рустам Азимовга яқин шахс экани тахмин қилинади.
XS
SM
MD
LG