Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 17:41

Ёшларни зарарли ахборотдан қўрувчи қонун тайёрланмоқда


Бундан буён ўзбек ёшларини интернет тармоқларидаги "зарарли ахборот"дан чеклаш қонун асосида олиб борилади.
Бундан буён ўзбек ёшларини интернет тармоқларидаги "зарарли ахборот"дан чеклаш қонун асосида олиб борилади.

"Миллий Тикланиш" партияси Ўзбекистонда вояга етмаган болаларни интернетдан оқиб кираётган "зарарли ахборот"дан тўсиш йўлларини қидирмоқда.


"Миллий тикланиш": Ёшларни интернетдан ҳимоя қилайлик!

"Миллий тикланиш" партияси Марказий кенгашидан олинган маълумотга кўра, гап интернет орқали дунёга ёйилаётган маълумотлар устида бормоқда.

Ўзбекистон телевидениесида берилган репортажда партия фаоллари асосий эътиборни ахборот сайтлари, электрон почта, онлайн ТВ, кино, видео материаллари орқали мамлакатдаги интернет фойдаланувчилари онгига кириб бораётган "ёт ахборотлар"га қаратгани айтилди.

Расмий хабарларга кўра, "зарарли ахборот", деганда вояга етмаганларнинг аҳлоқига салбий таъсир қилиши айтилган порнографик сайтлардан ташқари, уларнинг "маънавий, руҳий ва жисмоний ривожланишига салбий таъсир кўрсатувчи ахборот"лар ҳам назарда тутилмоқда.

Ўзбекистонга оид расмий маълумотларни чоп этиб борувчи Olam.uz сайтининг ёзишича, бундай маълумотлар сирасида партия фаоллари "тинчликка путур етказувчи, низо ва зиддиятлар келтириб чиқарувчи" деб кўрилган сиёсий, диний ва чет давлатлар мафкурасига оид ахборотлар ҳамда бундай ахборотларни ўзида жам этган интернет сайтларини назарда тутмоқда.

Жумладан, "Миллий тикланиш" партиясидан Олий Мажлис Қонунчилик палатасига сайланган депутат Илҳом Абдуллаев бундай ахборот оқимидан ёшларни ҳимоя қилишга қаратилган махсус қонунлар бўлиши кераклигини урғулади.

У Ўзбекистон телевидениесига берган интервюсида депутатларнинг бир гуруҳи бу борадаги қонун лойиҳасининг дастлабки кўринишини тайёрлаб бўлганини ҳам айтиб ўтди.

- Бир гуруҳ депутатлар томонидан тайёрланган қонун лойиҳаси мавжуд барча халқаро меёрлар ва ҳуқуқий тажрибани ўз ичига олган. Шунингдек, бизнинг мамлакатимизда мавжуд ахборот маконидаги воқеликни ҳам ўз ичига олган. Масалан, бизда яхшигина ривожланган "Ziyonet" таълим тармоғи, электрон таълим тармоқлари бор, - деди Ўзбекистондаги "Пойтахт" телевидениесига берган интервюсида партия фаоли.


Ўзбекистонда муқобил ижтимоий тармоқлар кўпаймоқда

Ziyonet.uz ахборот-таълим тармоғи эса Ўзбекистонда ташкил этилган энг катта порталлардан биридир.

У ерда таълим ва тарбияга оид ёшлар ҳамда ота-оналар, бундан ташқари, таълим соҳаси ходимларига асқотиши мумкин бўлган зарур ахборотлар жамланган.

Бундан ташқари, айни шу порталда Ўзбекистон ичкарисидан туриб, таълим вазирликлари ва алоҳида олий ўқув юртлари томонидан ишга туширилган ҳамда мамлакат раҳбарияти томонидан йўл берилган ижтимоий тармоқларга ҳам линклар қўйилган.

Эндиликда "Миллий тикланиш" партияси фаоллари ёшларни Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов етакчилигидаги ҳукумат илгари сурган ғоядан чалғитувчи ахборотлардан асраб, уларни Ziyonet.uz каби порталлар диорасида ушлаб қолиш йўлларини қидирмоқда.


И.Абдуллаев: Ёшларни зарарли ахборотдан қўриш халқаро амалиётдир!

Айнан шу мақсадга қаратилгани айтилган "Вояга етмаганларнинг ахборот хавфсизлиги тўғрисида"ги янги қонун лойиҳаси мазмуни ҳозирча жамоатчиликка ошкор қилингани йўқ.

Лекин, партия фаоли Илҳом Абдуллаевга кўра, бу ҳужжат халқаро қонуний меёрларга зид эмас.

- Биринчидан, бу лойиҳа халқаро амалиётга мос. Биламизки, дунёнинг деярли барча демократик давлатлари қонунчилигида шунақа ҳужжатлар бор. Европа Иттифоқи ва бошқа ғарб давлатлари директивалари бевосита шу йўналишга қаратилган, - дейди партия фаоли.

Вояга етмаганларни "зарарли ахборот"дан қўришга қаратилган қонун лойиҳасида айнан қандай чоралар кўзда тутилганини сўраб, Озодлик мухбири "Миллий тикланиш" партияси раҳбарияти, матбуот хизмати ва партиянинг Олий Мажлисдаги фракцияси масъулларига ҳам боғланди.

Партиянинг шу ташаббусига бош бўлган фракцияси раҳбари Камолиддин Хотамов ва бошқа раҳбарлар ҳам бу масалада Озодликка интервю беришдан бош тортди.

Ҳатто, ўзини фракция раҳбари ўринбосари, деб таништирган ва исмини айтмаган партия фаоли Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда "Миллий тикланиш" депутатлари ишлаб чиққан қонун лойиҳасидаги "зарарли ахборот" термини остида назарда тутилган мазмунни ҳам айта олмаслигини очиқ тан олди.


Ўзбекистон интернетда миллий чегара ўрнатмоқда

Маълумки, Ўзбекистонда нафақат вояга етмаган, балки катта ёшдаги интернет фойдаланувчиларининг Facebook каби дунёдаги йирик ижтимоий тармоқлар, Ozodlik, Fergana.ru каби ижтимоий-сиёсий мазмундаги хабарларни ташувчи ахборот сайтларига киришини чеклаш амалиётлари тез-тез кузатилади.

2011 йилда содир бўлган, дунёни ларзага солган "араб баҳори" ва шунга ўхшаган бошқа йирик халқаро воқеалар эса Ўзбекистон ичкарисида деярли ёритилмай келмоқда.

Натижада, ўзбекистонлик интернет фойдаланувчилари, айниқса, ёшлар бу борада ахборот олиш ва ўзаро фикр алмашишнинг бошқача муқобил йўлларини қидирмоқда.

Бироқ, ана шундай виртуал масканлардан бири бўлган ва Ўзбекистон ичкариси, ташқарисидаги ижтимоий-сиёсий воқелик, диний мавзуларда қизғин, ошкора баҳслар борадиган Arbuz.com ўзбек интернет форуми ҳам 2011 йилга келиб ёпилди.

Форум раҳбари иштирокчиларга йўллаган очиқ мактубида бунга Ўзбекистон махсус хизматлари босими сабаб бўлганини очиқ айтди.

Норасмий маълумотларга кўра, Ўзбекистон ичкарисидан туриб ушбу интернет форумда фаол иштирок этган фойдаланувчилардан бири бир неча йилга озодликдан маҳрум этилди.

Эндиликда янги қонун қабул қилинса, ўзбекистонлик ёшларни интернет оламида Ўзбекистонда илгари сурилган мафкурага ёт, деб ҳисобланган ахборот оқимидан чеклашга оид чораларнинг янада кескинлашишини тахмин қилиш мумкин.
XS
SM
MD
LG