Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 10:46

Страсбург суди Россиядаги қочқинлардан хавотирда


Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа Суди экстрадиция қилинмасин деган қарор чиқарган шахсларнинг Россиядан ноқонуний тарзда бериб юборилаётгани ёки ўғирлаб кетилаётганидан хавотир билдирмоқда. Страсбург суди, айниқса Марказий Осиё мамлакатлари, жумладан Ўзбекистон сўрови билан Россияда қидирувга берилган шахсларнинг ўғирлаб кетилаётганини тафтиш қилишни талаб қилмоқда.

25 январ куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа Суди Россиянинг Страсбург Судидаги расмий вакили Георгий Матюшкинга экстрадицияси сўралаётган хориж фуқароларининг Россияда ғойиб бўлаётганига оид вазият хусусида хат йўллади.

Европа суди раиси сэр Николас Братци мазкур хатда сўнгги ойларда суд қарорига зид равишда Тожикистон ва Ўзбекистонга бериб юборилган Муроджон Абдулҳақов, Сухроб Қозиев, Савриддин Джураев и Рустам Зохидовлар масаласи юзасидан ташвиш билдирилганини маълум қилди.

Москвадаги “Фуқаровий кўмак” ташкилотининг Марказий осиёлик қочқинларга кўмак дастури раҳбари Елена Рябинина Озодлик билан суҳбатда Страсбург Суди бу шахсларнинг Россиядан экстрадиция қилинмаслиги тўғрисида қарор чиқарганини эластади. Улар “номаълум кимсалар томонидан ўғирлаб кетилган”, дейди Елена Рябинина.

- Страсбург ғазабда! Чунки бир йил олдин Искандаровнинг Ўзбекистонга ноқонуний олиб кетилишида Россиянинг жавобгарлиги исботланганига қарамасдан, Европа Конвенциясини имзолаган давлатлар Суднинг қарорларини бажаришлари шарт эканига қарамасдан, Европа Судидаги расмий вакил ярим йил олдин мамлакатда инсон ҳақлари таъминланиши масаласида ижобий ҳисобот берганига қарамасдан, ярим йил давомида бирданига уч киши Тожикистонга ва яна бир киши Ўзбекистонга яширинча бериб юборилгани аниқланди. Камида икки қочқиннинг бериб юборилиши масаласида бизда аниқ далил-исботлар мавжуд. Қолаверса, бугунги вазиятда бирор кишининг Россия чегарасини тегишли органлар ижозатисиз кесиб ўтиши ақлга сиғмайди,- дея таажубланади ҳуқуқ фаоли Елена Рябинина.

Рябинина Россия ҳудудида қочқинлик мақоми билан юрган ёки қочқинлик мақомини сўраган шахсларнинг ўзбек ва тожик махсус хизматларига бериб юборилиши ортида Россия ҳуқуқ-тартибот идораларининг қўли борлигига шубҳа қилмайди.

У 2011 йилнинг 21 декабрида Санкт-Петербургда Ўзбекистон фуқароси Рустам Зоҳидовнинг куппа-кундузи ўғирлаб кетилганини мисол қилиб келтирди. Россия суди Рустам Зоҳидовни Ўзбекистонга экстрадиция қилмаслик тўғрисида қарор чиқарган.

Зоҳидов адвокатининг сўзларига кўра, Рустамнинг уйига икки нафар ўзини полиция ва Миграция хизмати ходимлари деб таништирган шахс келиб, уни “ҳужжат текшируви” баҳонасида олиб кетган.

“Куни билан Рустамни қидирган адвокати унинг Пулково аэропортида ўтирганини аниқлаган”, дея давом этади Елена Рябинина.

- Биз прокуратурага қўнғироқ қилиб учишга тайёрланаётган самолётда ўз хоҳишига қарши олиб кетилаётган одам ўтиргани, уни қандайдир ҳужжатларни имзолашга мажбурлашаётгани, самолёт учиб кетса йирик халқаро жанжал бошланишини гапиришимизга қарамасдан, прокуратурадагилар вақтни чўзишга киришди ва ниҳоят самолёт учиб кетди. Эртаси куниёқ адвокат Зоҳидов Самарқанд шаҳар Марказий ИИБсига олиб келинганини аниқлади,- дейди Елена Рябинина.

Ҳуқуқ ҳимоячисининг сўзларига қараганда, яна бир ўзбекистонлик - Муроджон Абдулҳаковни Ўзбекистон ҳуқуқ тартибот идоралари диний мотивларда айблаб экстрадициясини сўраган. Рад жавоби олинганидан кейин у икки нафар Тожикистон фуқароси - Сухроб Қозиев ва исми айтилмаётган яна бир шахс билан 2011 йилнинг 23 августида Москва марказида ўғирлаб кетилган. Шу куниёқ уларнинг уччаласи Тожикистонга олиб чиқилган.

Ҳуқуқ ҳимоячиларининг айтишича, 3 ой Душанбе тергов изоляторида сақланган Муроджон Абдулҳақов Ўзбекистонга бериб юборилган.

Икки ой ўтар-ўтмас, ўтган йилнинг 31 октябрида Мичурин проспектида тожикистонлик Савриддин Жўраев олиб кетилган. Ички ишлар бошқармаси, Бош прокуратура, Миграция хизмати, чегара хизматлари, Европа Судидаги расмий ваколатхоналар бу ҳақда хабар топган бўлсада, қочқин Жўраев 2 ноябр куни кечаси Домодедово аэропортидан Тожикистонга учириб юборилган.

Страсбург Суди раиси сэр Николас Братци бу вазиятдан “ташвишда экани ва бундай ҳодисалар такрорланмаслигига барча имкониятларни жалб қилиш зарурлигига” Россия расмийларининг эътиборини қаратди ва вужудга келган вазият юзасидан изоҳ талаб қилди.

Шунга қарамасдан, ҳуқуқ фаоллари яқин орада бундай воқеалар такрорланмаслигига шубҳа билдиради.

Озодлик аввалроқ Андижон вилоят жиноят ишлари бўйича суди Ўзбекистон махсус хизматлари томонидан Москвадан ўғирлаб кетилгани айтилган Санжарбек Сотиволдиев, Маъмуржон Юсупов ва Аҳмаджон Бекпўлатовлар иши бўйича шу йилнинг 26 январида ҳукм чиқарганини маълум қилган эди.
XS
SM
MD
LG