Линклар

Шошилинч хабар
20 ноябр 2024, Тошкент вақти: 08:32

Хушхабар: Шолипоялар маслаҳатликларга қоладиган бўлди


Олтинкўл туман ҳокимлиги ўз қарорини бекор қилиб шолипояни деҳқонларга қолдирадиган бўлди.
Олтинкўл туман ҳокимлиги ўз қарорини бекор қилиб шолипояни деҳқонларга қолдирадиган бўлди.

27 апрел, жума куни Озодликка Андижон вилоят, Олтинкўл туман Маслаҳат қишлоғидан Садирохун Сўпиев мурожаат қилиб, Қорадарё соҳилидаги шоли экиладиган майдонларни туман ҳокимлигидан қарор чиқартириб олган андижонлик кимса тортиб олаётгани тўғрисида шикоят қилган эди. 30 апрел, душанба куни маълум бўлишича, Маслаҳат қишлоғи аҳли муаммосини туман ҳокими ҳал қилган: дарё соҳилидаги шоли экиладиган майдонлар ўз эгалари ихтиёрида қоладиган бўлди.

Садирохун Сўпиев жума куни Озодликнинг “Эркин микрофон”ига мурожаат қилиб, ўзи яшайдиган қишлоқда уч кундан бери тинчлик йўқлиги, Маслаҳат қишлоғи аҳлидан 200 дан зиёд оиланинг тирикчилиги манбаи – дарё соҳилидаги шолипояларни Андижон шаҳрида яшайдиган шахс Олтинкўл туман ҳокимининг қарорини рўкач қилиб тортиб олмоқчи бўлаётгани тўғрисида айтган эди.

Шолипоялар билан боғлиқ можаро ривожига қизиқиб Маслаҳат қишлоғида яшайдиган Садирохун Сўпиев билан душанба куни яна боғландик.

- Ҳозир ҳокимнинг олдидан чиқиб келаяпман мен. Ҳоким қандайдир одамга балиқ боқиш учун қарор қилиб берган экан. Шу қарорини ўзи одамларнинг ичида “Бу нотўғри бўлибди. Бу қарордан воз кечаман. Ҳақиқатан 4500 аҳоли шолини экинглар. Балиқ боқилмайди" деб ўзи эълон қилди, дейди Садирохун Сўпиев.

Садирохун Сўпиевдан бу гапни эшитгач, Олтинкўл туман ҳокимлигига ҳам қўнғироқ қилдик.

Ҳокимликнинг Умумий бўлими масъул ходими туман ҳокимининг Маслаҳат қишлоғи вакиллари билан душанба куни учрашганини тасдиқлади.

- Мен иш билан чиқиб кетган эдим. Улар ҳоким билан гаплашаëтган эди. Юрист ҳам бирга эди. Ҳаммаси гаплашаëтган эди.

Озодлик: Бугун гаплашилдида шу нарса-а?

- Ҳа. Менимча, бугун ҳал бўлган бўлса керак. Мен чиқиб кетган эдим, деди Олтинкўл туман ҳокимлигининг ўзини таништирмаган масъул ходими.

Туман ҳокими билан Қорадарё соҳилидаги шолипоялар масаласи юзасидан учрашган яна бир маслаҳатлик бундай деди.

- Исмимни таништирмайману саволларни бераверасиз, гаплашавераман.

Озодлик: Ҳоким билан суиз ҳам учрашдингизми?

- Учрашдик. Фуқароларнинг талаби бўйича залда тўпланишиб, юзма юз ҳолатда бўлдик. Биз талаб қилдик. Ҳурматли вазиримиз Шавкат Мирзиëевнинг озиқ-овқат дастури бўйича Қорадарë ўзанида 264та хўжалик шу ердан унумли фойдаланиб, ўзининг оиласига даромад келтираëтгани, эҳтиëжидан ошганини бозорга олиб чиқаëтганини етказган эдикки, биз томонга ўша ишлар ҳал бўлди, деди маслаҳатлик.

Унинг айтишича, шолипоялар ўрнида балиқ боқмоқчи бўлган андижонликка Олтинкўл туман ҳокими дарё соҳилидан бошқа жой кўрсатишни ва у жойда бошқаларнинг манфаати бўлмаса, балиқчилик хўжалиги ташкил қилиш учун керакли рухсат ва ёрдамни беражагини ваъда қилган.

Қорадарёда балиқчилик қилишни режалаштирган андижонлик билан боғлана олмадик.

Олтинкўл туман ҳокимининг душанба кунги қароридан хурсанд бўлган Маслаҳат қишлоғи аҳли шу кунларда ўзларининг эски ерларида бу йилги шолини экишга ҳозирлик кўрмоқда.

Улардан яна бири бундай деди.

- Фарзандларни тушириб юбордим энди шу ерга.

Озодлик: Неча сотих ерга шоли экардингиз?

- 5-10 сотих жойим бор. 25-30 қоп шоли оламан.

Озодлик: Гуруча айлантирса, қанча гуруч бўлади?

- 500-600 кило атрофида бўлади. Эҳтиëжимиздан ошганини бозорга олиб чиқамиз.

Озодлик: Тирикчиликнинг асосий манбаи шолими оилада?

- Энди фарзандлар, келинлар ҳаммаси ишлашади оилада. Ўша еримиз бизнинг оилага қўшимча даромадимиз.

Озодлик: Экишни қачон бошлайсизлар?

- Май ойининг 15-20сидан бошланади. Ҳозир тайëргарлик кўриш керакда энди. Чопиб, сув қўйиб, ўтини чиқариб олиб, қайтадан чопиб, ўзига яраша меҳнати бор. Раҳмат акажон. Ҳокимга, прокурорга, бошқага номимиздан миннатдорчилигимизни билдириб қўямиз, деди Маслаҳат қишлоғида яшайдиган шоликорлардан бири.
XS
SM
MD
LG