Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 02:43

"МТС" ва Бош прокуратура бир-бирини айбламоқда


Ўзбекистон Бош прокуратураси “МТС” компанияси шўъба корхонаси “Ўздунробита”га нисбатан олиб бораётган ноқонуний ҳаракатлари МТС-Ўзбекистон ширкатининг фаолиятига хавф туғдирмоқда. МТС эълон қилган пресс-релизда шундай дейилади. Айни пайтда, Ўзбекистон Бош прокуратураси “Ўздунробита” раҳбариятига нисбатан очилган жиноий иш тафсилотларини очиқлади.

МТС: Ўзбекистон Бош прокуратураси ҳаракатлари ноқонуний ва тушунарсиз

28 июн куни эълон қилинган хабарномада айтилишича, Ўзбекистон прокуратураси тўлалигича Россия ширкатига тегишли “Ўздунробита” менежерларини асоссиз тарзда ҳибсга олган.

МТС матбуот котиби Елена Кохановская Озодлик билан суҳбатда, жумладан бундай деди.

- Текширувлар ноқонуний тарзда олиб борилмоқда: бутун мамлакат бўйлаб офисларимиздан ҳужжатларнинг асл нусхалари, протокол тузилмасдан, мусодара қилинмоқда, одамларимиз кечаси адвокатларсиз ҳибс этилмоқда. Бу ҳол, айниқса, ходимларимизнинг қўлга олинаётгани ва сўроққа тутилаётгани, бизни қаттиқ хавотирга солмоқда. Уларга босим ўтказилаётгани айтилмоқда, биз эса бу вазиятда уларга ёрдам бериш имконимиз йўқ. Тўғриси, қайта текширувлар олиб борилиши сабабларини ҳам тушуна олмаяпмиз, дейди МТС расмийси.

“Ўздунробита” ширкати раҳабари вазифасини вақтинча бажараётган Радик Даутов ва ширкат молиявий директори Темурмалик Алимов ҳибсга олингани Ўзбекистон Бош прокуратураси 28 июн куни эълон қилган пресс-релизда ҳам айтилган.

Бош прокуратура “Ўздунробита” бош директори Беҳзод Аҳмедовни молиявий жиноятларда айблаб қидирув эълон қилган.

Ўзбекистон Бош прокуратураси “МТС” ширкатини Беҳзод Аҳмедовни яшираётганликда айбламоқда.

МТС ширкатининг Москвадаги бош офиси расмийси Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда, Ўзбекистон расмийлари илгари сурган айбловларни “асоссиз”, дея атади.

Айни пайтда, Беҳзод Аҳмедовнинг қаердалигини ширкат вакиллари билмаслигини ҳам қўшимча қилди МТС расмийси.

Ширкат расмийси воқеаларнинг бу тарзда тез ривожланиши Ўзбекистон расмийларининг ёмон ниятларидан даракдир, дея қайд этди.

“Бизга нисбатан қаттиқ босим бўляпти, вазиятнинг бундай тез салбий тус олиб бораётгани шубҳалидир. Ўзбекистон расмийлари мутлақ асоссиз айбловларни қўйяётгани биз учун тушнарсиз. Бундан аввал прокуратура, солиқ инспекцияси ўтказган тафтишларда ҳеч қандай қонунбузарликлар аниқланмаган эди”, деди МТС вакили.

“Ўздунробита” молиявий фаолияти тафтиш қилиниб, ҳеч қандай қонунбузарликлар топилмагани ҳақида Озодликнинг “Ўздунробита” бошқарувидаги манбаси 27 июн куни маълум қилган эди.

“Яқинда бу хусусда текширув ўтказилди, қонунбузарликлар ёки бошқа камчиликлар топилмади. Бу ҳаммаси солиқ идоралари ўтказган текширув билан боғлиқ”, деди суҳбатдошимиз.

Бу манба, МТС муаммолари Беҳзод Аҳмедов шахси билан боғлиқ, дея қўшимча қилган эди.

Лекин прокуратура 28 июн куни эълон қилган айбловларни “Ўздунробита” ширкатининг Ўзбекистондаги вакили изоҳлашдан бош тортди. Озодлик мухбири билан гаплашган манбанинг оҳангидан унга нисбатан босим бўлаётганини илғаш мумкин эди.

Озодлик мухбири 29 июн куни “Ўздунробита”нинг вилоятлардаги бўлимлари раҳбарлари билан боғланишга ҳаракат қилди. Лекин уларнинг барчасидан олиган жавоб “бошлиқ ҳозир таътилда” мазмунида бўлди.

Бош прокуратура: "Ўздунробита" миллиардлаб маблағни яширган

Айни пайтда, Ўзбекистон Бош прокуратураси расмий сайтида берилган маълумотда айтилишича, “Ўздунробита” ширкатида солиқларни яшириб қолиш юзасидан кенг қамровли схемалар ишлаб чиқилган.

“Дастлабки текширув натижасида “Ўздунробита” ширкати 150 миллиард 779 миллион сўмдан кўпроқ солиқларни тўламагани, савдо юритиш қоидалари 832 миллион сўм миқдорида бузилгани ва 15,5 миллион доллар миқдоридаги хорижий валюта яшириб қолингани аниқланди”, дейилади Бош прокуратура баёнотида.

Бош прокуратура, шунингдек, “Ўздунробита” раҳбарияти солиқларни яшириб қолиш, жиноий йўллар билан топилган пулларни ювиш мақсадида оффшор ҳудудда жойлашган ҳисоб рақамига сохта шартнома асосида 15 миллион доллар миқдорида пул ўтказганини айтади. Сохта шартномада бу пулга конденсат блоклари сотиб олиниши қайд этилган. Бироқ терговчилар мазкур блокларнинг бозор нархи 87 минг доллардан ошмаслигини аниқлаган.

МТС ширкати хабарномасида айтилишича, Ўзбекистон солиқ расмийлари 2012 йил февралида ўтказган тафтишдан кейин 2007-2010 йиллар учун 2,4 миллиард сўм (1,27 миллион АҚШ доллари) миқдорида қўшимча солиқ тўлаш тўғрисида қарор чиқарган ва “Ўздунробита” ихтиёрий тарзда бу суммани тўлиқ тўлаган.

МТС расмийси Елена Кохановская Ўзбекистон расмийларининг бу асоссиз айбловлари ва менежерларнинг ҳибсга олиниши ширкатнинг мамлакатдаги фаолиятини тўхтатиб қўйиш хавфини туғдиради, дейди.

- Куни-кеча имзо қўйиш ваколатига эга яна икки ходимимизнинг ҳибсга олиниши компаниямизнинг Ўзбекистондаги фаолиятини тўхтатиб қўйишига олиб келиши мумкин. 9 миллион одамга кўрсатилаётган хизмат фаолияти тўхтаб қолиши хавфи остида. Биз Ўзбекистон раҳбарияти аралашувисиз бу вазиятни бартараф этиб бўлмаслигини тушуняпмиз ва текширувни олиб бораётган ҳуқуқ мухофазаси органлари фаолияти қонунийлиги ва беғаразлигини назорат остига олишни сўраймиз, дейди МТС компаниясининг жамоатчилик алоқалари бўйича директори Елена Кохановская Озодлик билан суҳбатда.

Айни пайтда, “Уздунробита” ширкати расмийси Ойбек Жумаев Озодлик билан суҳбатда абонентларга хизмат кўрсатиш ҳозирча узилгани йўқ, дея маълум қилди.

- Штат режимида ишлашни давом этаяпмиз. Бераоладиган маълумотим шу. Қолган тафсилотлар билан Москвадаги раҳбариятимизга мурожаат қилинг, деди “Уздунробита”нинг Ўзбекистондаги расмийси Ойбек Жумаев.

Беҳзод Аҳмедовни "МТС" раҳбарияти яшираётгани иддао қилинди

Ўзбекистон расмийлари “Ўздунробита” раҳбари Беҳзод Аҳмедовга сиртдан айблов эълон қилган. Уни Интерпол орқали халқаро қидирувга берган.

Озодлик радиоси 14 июн куни Россиянинг "МТС" ширкатига қарашли “Ўздунробита” раҳбари Беҳзод Аҳмедов Ўзбекистондан қочиб кетгани ҳақидаги хабарни ёйинлаган эди. Ўзбекистон Бош прокуратураси Беҳзод Аҳмедовга нисбатан халқаро қидирув эълон қилинганини билдирган.

20 июн куни эса Ўзбекистон ҳукуматидаги яқин манбаларга эга айрим агентликлар "МТС"нинг Москвадаги бош ширкати вице-президенти Андрей Дубовсков Беҳзод Аҳмедовни топишда ёрдам беришни сўраб Ўзбекистон Бош прокуратурасига ариза йўллагани ҳақида хабар тарқатган эди.

"Ушбу фурсатдан фойдаланиб, бу иш юзасидан текширув олиб бораётган Ўзбекистон прокуратура органларидан ширкатдаги одатий вазиятни қайта тиклаш ва Аҳмедов Беҳзод Баҳодировичнинг қаерда эканлигини аниқлаш ишида ҳамкорлик қилишини сўраймиз", дейилган "МТС" президенти мурожаатида.

Ўзбекистон Бош прокуратураси 28 июн куни ёйинланган баёнотида "МТС"нинг Москвадаги раҳбариятидан ҳақиқатан ҳам 13 июн куни мана шундай мактуб олинганини тасдиқлади. Бироқ Бош прокуратура 25 июн куни "МТС"нинг Москвадаги раҳбарларидан бири Андрей Дубовсковдан яна бир мактуб олингани ва бу мактубда “Ўздунробита ширкатидаги ноқонуний молиявий амалиётлар олиб борилгани тўғрисидаги гаплар ўз тасдиғини топмагани” маълум қилинганини ҳам билдирган.

Ўзбекистон Бош прокуратураси “Андрей Дубовсков мазкур мактуби билан Беҳзод Аҳмедовни ҳимоя қилишга ва унинг жиноятларини хаспўшлашга ҳаракакт қилаётир”, деб ҳисоблайди.

“Мавжуд маълумотларга кўра, Аҳмедов терговдан яшириниб, Ереван шаҳрига қочган. Бу ерда у “МТС” вице-президенти Распопов билан учрашган ва улар яширин тарзда Москвага учиб келганлар. Бу эса ширкат раҳбарларининг “Ўздунробита” бош директорининг терговда қатнашмаслигидан манфаатдор эканига гувоҳлик беради” дейилади Ўзбекистон Бош прокуратурасининг 28 июн куни ёйинланган расмий баёнотида.

МТСнинг Москвадаги бош офиси вакили, бу иддаоларни “асоссиз”, дея атади. “Беҳзод Аҳмедовнинг қаердалиги бизга қоронғу”, деди Озодлик билан микрофонсиз гаплашган МТС расмийси.

“Ўздунробита” ширкати 1991 йилда фаолият бошлаган. 1990 йиллар охирларида ширкат Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримова назоратига ўтган. 2004 йилда эса Каримова “Ўздунробитани” Россиянинг МТС компаниясига 212 миллион АҚШ долларига сотган.

МТС ўз хабарномасида “Ўздунробита” алоқаси Ўзбекистоннинг 94 фоиз ҳудудини қамраб олиши ва 9 миллиондан зиёд абонентга эга экани эслатилади.

Беҳзод Аҳмедовни таниган ва МТС-Ўзбекистон атрофидаги воқеаларни кузатиб бораётган манбалардан бирининг тахминига кўра, “Ўздунробита” муаммолари ортида ширкатни яна ўз назоратига олмоқчи бўлган Гулнора Каримова турибди.

“Телекоммуникацион ширкатларнинг бозор нархи белгиланганда мижозлари сони ўртача 1000 доллар ҳисобланади. Бугун “Ўздунробита”нинг 9 миллион абоненти борлиги ширкатнинг бугунги қиймати қарийб 9 миллиард доллар эканини англатади. Ўзбекистондаги нархлар уч баробар камроқ бўлиши эҳтимолини инобатга олсангиз ҳам, “Ўздунробита”нинг бугунги қиймати камида 3 миллиарддир. Бир неча йил аввал ширкатни 200 миллион долларга пуллаган Гулнора катта хатога йўл қўйганини англаган ва ўйин қоидасини бузиб бўлса ҳам, кўп миллиардлик компанияни яна ўз назоратига олмоқчи кўринади”, деган эди 27 июн куни Озодликка бу манба.

МТС ширкати Москвадаги бош офиси расмийси Озодлик мухбирининг “юзага келган муаммолар “Ўздунробита” аввалги эгаларининг уни қайтариб олиш ниятлари билан боғлиқ эмасми”, деган саволига “но коммент”, яъни “изоҳ йўқ”, деб жавоб берди.
XS
SM
MD
LG