Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 09:36

Обид қори суиқасдига алоқадорлар суди пайшанба куни бошланади


Обидхон қори Назаров Швеция касалхонасида кома ҳолатида қолмоқда.
Обидхон қори Назаров Швеция касалхонасида кома ҳолатида қолмоқда.

Обидхон қори Назаровга қилинган суиқасдга алоқадорликда айбланаётган икки ўзбекистонликка айблов эълон қилган Швеция прокурори Озодликка бу жиноятни бевосита амалга оширган шахсга оид жиддий маълумот тўпланганини билдирди. Бу ишга алоқадорликда айбланаётганлар устидан суд мажлиси 12 июл куни бошланади.

Швеция прокурори Кристер Питерсен Остуршенд шаҳар судида 6 июл куни маҳаллий вақт билан соат 11:00 да бошланган эшитувларда асли ўзбекистонлик Баҳодир Пўлатов ва Нодира Аминовага нисбатан расман айбловларни эълон қилди.

Эшитувлардан сўнг Озодлик мухбири билан суҳбатда прокурор Питерсен икки гумонланувчига имом Обидхон қори Назаровга қилинган суиқасдга ёрдамлашганлик айблови қўйилганини маълум қилди.

- Бугун Швеция қонунларига кўра, суд тергови олдидан ўтказилган дастлабки суриштирув материалларини судга тақдим қилдим. Бу материаллар асосида айбловларни ҳам эълон қилдим. Ўзбекистон фуқаролари Баҳодир Пўлатов ва Нодира Аминовага суиқасдга уринишда ёрдамлашганлик айбловини қўйдим. Бу иш бўйича суд мажлиси келаси ҳафта пайшанба куни (12 июл) бошланади, деди Швеция прокурори.

Швеция полицияси 30 ёшлар атрофидаги Баҳодир Пўлатов ва Нодира Аминовани 15 май куни Сконе шаҳарчасида қўлга олган эди.

Суиқасд ижрочиси ҳамон қидирувда, дейди прокурор Питерсен.

- Ҳозирда бир шахс очиқда қолмоқда, уни ҳибсга олиш ордерини берганман, лекин у ҳозирда Швецияда эмас. Бу шахс, тахминларимизга кўра, Швециядаги имомни отган. Ҳозирча бошланадиган судда унга ёрдам берганларга қўйилган айбловларни исботлашга ҳаракат қиламан, дейди Кристер Питерсен.

Унинг айтишича, асосий гумонланувчининг шахси аниқланган, лекин тергов манфаатларидан буни очиқлаш мақсадга мувофиқ бўлмайди.

- Бизда унинг исми, суратлари ҳам бор. Лекин бошқа тафсилотларни очиқлай олмайман. Чунки агар буни радионгиз орқали очиқлайдиган бўлсак, бу шахс терговдан қутилиш чораларини кўриши мумкин. Лекин бир нарсани айтишим мумкин, унинг кимлиги ва уни қаердан қидириш кераклигига доир етарли маълумотларимиз бор. Унинг фуқаролиги масаласига келсак, биз кўрган ҳужжатлар қанчалик қонуний бўлгани аниқ эмас, лекин бу ҳужжатларга кўра, у 1978 йилда туғилган Ўзбекистон фуқаросидир. Ҳар қалай унинг қўлида Ўзбекистон паспорти бўлган, дейди яна прокурор.

Швеция матбуоти полиция Обидхон қорини отган шахс ижарага олган автотранспорт рақамларини аниқлагач, унинг Стокҳольм ва Остершунд шаҳарларида турган меҳмонхоналари ва ёқилғи қуйган шохобчалари ҳам топилганини хабар қилган эди. Ёқилғи қуйиш шохобчалари ва дўконлардаги видео кузатув камераларига тушиб қолган тасвирлардан унинг фотороботи тайёрлангани айтилмоқда.

Судга топширилган айблов хулосаларига кўра, Обидхон қорига суиқасдда иштирок этганликда айбланаётган Баҳодир Пўлатов ва Нодира Аминова 2010 йилда Швецияга келган ва қўлга олунгунга қадар Малмо шаҳрида яшаган. Аминова Швеция визасини олишда Малмо шаҳридаги ўқув юртларидан бирида ўқиш мақсадини кўрсатган. Нодиранинг эри Пўлатов эса унга ҳамроҳлик қилган, лекин ҳеч қаерда ишламаган.

Агар улар айбдор, деб топилса, 10 йилга қамоққа ҳукм қилиниши мумкин, дейди прокурор.

- Агар имом суиқасд натижасида ҳалок бўлганида, уларга бериладиган максимум жазо умрбод қамоқ бўлар эди. Лекин улар суиқасдга уринганликда айбланмоқда ва бу айблов ўз тасдиғини топса, суд¸ албатта¸ уларга юмшоқроқ жазо бериши мумкин. Лекин мен суддан, йўқ деганда, 10 йиллик қамоқ жазоси берилишини сўрайман, дейди Кристер Питерсен.

Швеция матбуоти мамлакатдаги ўзбекистонлик муҳожирлар билан суҳбатларга таяниб, Обидхон қори Назаровга қилинган суиқасд ортида Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати турибди, деган иддаоларни илгари сурмоқда. Швециядаги ўзбекистонликлар Баҳодир Пўлатов ва Нодира Аминова ҳам МХХ жосуси бўлган, дея таъкидлашда давом этмоқда.

Швеция прокурори бу иддаоларни на тасдиқлай олиши, на инкор эта олишини айтади.

- Бир нарсани айтишим мумкин. Тушунишимча, Ўзбекистондан чиқиб кетаётган ҳар бир фуқаро хавфсизлик хизмати суҳбатидан ўтар экан. Гумонланувчиларнинг Ўзбекистондаги бирор ташкилотга ишлаётгани ёки бирор идора жосуси эканини тасдиқловчи далилларим йўқ, дейди Швеция прокурори Кристер Питерсен.

54 ёшли Обидхон қори Назаров 22 феврал куни Стромшунд қишлоғидаги уйи олдида номаълум шахс томонидан ўққа тутилган ва бошидан жароҳатланган эди. У ҳамон Швециянинг Умио шаҳридаги клиникада кома ҳолатида қолмоқда.

Обидхон қори Назаров Ўзбекистон махсус хизматлари таъқиби остида 1998 йилнинг баҳорида ўз уйини тарк этган.

2000 йилда қўшни Қозоғистонга ўтиб, у ерда 2006 йил баҳорига қадар яширин ҳаёт кечирган.

2006 йилнинг мартида БМТнинг қочқинлар иши бўйича олий комиссарлиги томонидан қочқин, деб тан олинган Обидхон қори Назаров Швециядан сиёсий бошпана олган.
XS
SM
MD
LG