Линклар

Шошилинч хабар
21 декабр 2024, Тошкент вақти: 17:20

Ўзбек аёлининг жамиятдаги ўрни қандай бўлиши керак?


Баҳс майдонида меҳнат муҳожирлигидаги ўзбек аёли ва хориждаги ўзбекистонлик икки эркак "Ўзбек аёлининг бугунги жамият ҳаётида фаол иштирок этиши керакми ёки уйда ўтириб рўзғор тебратгани маъқулми" мавзусида баҳслашади.

Мустақиллик байрами арафасида Озодликнинг Эркин микрофонига қўнғироқ қилган самарқандлик Нодиршоҳ ўзбек эрлари номидан ўзбек аёлларидан кечирим сўраган эди:

“Муҳожир, мусофирликдаги азобда юрган йигит-қизларимизга ўз ҳамдардлигимни билдирмоқчиман. Уларга Худодан сабр-тоқат, ишларига барака, айниқса, аëлларимизга. Биз Ўзбекистон халқининг эркаклари жуда ҳам айбдормиз ўзбек аëллари олдида. Айниқса, муҳожирликда, мусофирликда юрганларнинг олдида барча ўзбек эркаклари номидан мен ўз узримизни, кечиримимизни сўраб қўймоқчиман. Кечирсинлар”, деб айтган эди самарқандлик Нодиршоҳ.

Нодиршоҳ тазарруси Баҳс майдонида "Бугунги ўзбек жамиятида аёлнинг ўрни қандай?" деган мавзуни кўтаришимизга туртки бўлди.

Ўзбек аёлининг фаоллиги йилдан йилга ошиб бормоқда, аксар ўзбекистонликлар зиммасига тушган иқтисодий қийинчилик шароитида тирикчилик сабаб ўзбек аёли турмушнинг барча соҳаларда меҳнат қилаётганини кўриш мумкин.

Ўн минглаб ўзбек аёли ёлғиз боши ёки эри билан меҳнат муҳожирлигига чиқиб кетмоқда.

Ўзбекистон деҳқон бозорларида “қоп кўтарган” савдогарларнинг кўпчилиги аёл эканини кўрасиз, далада кетмон чопаётганлар ҳам асосан аёллар бўлиб қолди.

Тошкентдаги бозорларнинг бир нечтасида Ўзбекистон вилоятларидан келган аёллар мардикор бозорларини тўлдирган.

Лекин, шу билан бирга тадбиркор, сиёсатчи ёки жамоатчилик фаоллари орасида ҳам аёлларнинг кўпайгани кузатилмоқда.

Хўш, ўзбек аёли бугун жамият ҳаётида шундай фаол иштирок этиши керакми ёки уйда ўтириб рўзғор тебратгани маъқулми?

Ана шу мавзуда Россиядаги меҳнат муҳожири 37 ёшли Матлубахон, "Туркистон ТВ мустақил медиа портали муҳаррири 40ёшли Камолиддин Йўлдош ва Саудия Арбистонининг Мадина шаҳрида истиқомат қиладиган 23 ёшли Абдуллоҳ баҳслашади.

Камолиддин Йўлдош: Ўзбекистонда аёл ва эркак тенг ҳуқуқли ва ҳар қандай соҳада меҳнат қилишга тенг имкониятлари бўлиши керак. Лекин, бугунги воқеъликда ўзбек аёлларининг қилмаган иши қолмади, деб айтилган гап бу жуда ўринли. Бироқ улар ўз ҳуқуқи бўйича эмас, балки бу ишларга мажбурий қўл уришларига тўғри келяпти.

Матлубахон: Аввало, мен аёлман. Менинг вазифам болалар тарбияси билан шуғулланиш. Қолган ишларни хўжайиним қилади. Аёл киши уйда ўтириши керак, деб ҳисоблайман.

Абдуллоҳ: Аёлларнинг қилмаган иши қолмаётганига, уларнинг кўчага чиқиб кетишига биз эркаклар сабабчи бўляпмиз. Мана бу акамиз Конституция деяпти, лекин Оллоҳ ҳукмини албатта юқори қўямиз. Аёллар уйда ўтириши керак. Эркак уни таъминлаши керак.

Камолиддин Йўлдош: Йўқ, биз бу масалага фақат оилавий масала деб қарамаслигимиз керак. Эркак киши аёл кишини барча эҳтиёжларини таъминлаб бериши керак, акс ҳолда айбдор эркак бўлади, деган ёндашув менимча анча тор ёндашув.Оилани ва турмуш даражасини таъминлаб бериш жамиятнинг, аниқроқ қилиб айтганда, давлатнинг вазифасидир. Агар бунга Ўзбекистон воқеълигидан қарайдиган бўлсак, давлат оила масаласидаги ўз зиммасидаги вазифаларни бажармаяпти...

Баҳснинг тўлиқ шаклини қуйида тингланг:

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:19:47 0:00
Бевосита линк
XS
SM
MD
LG