Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 05:05

Яна бир журналист Ўзбекистонга қўйилмади


Багила Бухорбоева журналист сифатида Ўзбекистондаги ҳодисаларни ҳам ёритиб келган.
Багила Бухорбоева журналист сифатида Ўзбекистондаги ҳодисаларни ҳам ёритиб келган.

5 сентябр куни Лондондан Тошкентга шахсий сафар билан учиб келган асли ўзбекистонлик журналист Багила Бухорбоева пойтахт аэропортидан киритилмади.

Бухорбоева таътилда онасини кўриш учун Тошкентга боргани, лекин Тошкент аэропорти паспорт назорати хизматчилари ҳеч бир изоҳсиз уни чегарадан ўтказишмаганини айтмоқда.

Журналист деярли бир сутка Тошкент аэропортида ушлаб турилгач, Қозоғистонга билет олиб учиб кетишга мажбур бўлган. Бу ҳақда журналистнинг яқинлари Озодликка маълум қилди.

Марказий Осиё масалаларини ёритувчи журналист Багила Бухорбоева Ўзбекистонда туғилиб ўсган. У 2008 йилда бошларида Қозоғистон фуқаролигини олган. Қозоқ фуқаролари Ўзбекистонга сафар қилишлари учун виза олишлари шарт эмас.

Журналист сўнгги бор Ўзбекистонга ўтган йилнинг ёзида борган ва ўшанда мамлакатга киришда муаммо бўлмаганини айтмоқда.

Журналистнинг шахси сир қолишини истаган қариндошига кўра, Тошкент аэропортидаги чегара хизмати ходимлари Бухорбоевага “Сизга мумкин эмас, сизни ўтказа олмаймиз” дейишган.

40 яшар Багила Бухорбоева 2008 йилгача Associated Press мухбири сифатида Олмаота шаҳрида фаолият юритган ва Ўзбекистондаги ҳодисаларни ҳам ёритиб келган.

2006 йилда у Пол Хлебников Фондининг Журналистикадаги мардлиги учун мукофотини олган эди. Ҳозирда у Лондонда BBC Monitoring гуруҳида ишлайди.

Багила Бухорбоева Uznews.net мустақил Интернет нашри бош мухаррири, ўзбекистонлик таниқли журналист Галима Бухорбоеванинг туғишган опасидир.

Тошкент аэропортидан журналистларнинг ортга қайтариб юборилиши биринчи марта кузатилаётгани йўқ.

Шу йилнинг март ойида Би-Би-Си Жаҳон хизмати мухбири, таниқли журналист Наталя Антелава ҳам Тошкент халқаро аэропорти чегара хизмати ходимлари томонидан ҳеч бир изоҳсиз ортга қайтарилган эди.

Антелава Ўзбекистонга шахсий сафар билан Олмаота шаҳридан учиб боргани, аммо чегара кўригидан ўтаётган пайтда, унга нисбатан чеклов жорий қилингани ва шу боис мамлакат ичига кириши мутлақо мумкин эмаслигини билган.

Шундан сўнг журналист 20 соат давомида Тошкент халқаро аэропортининг транзит йўловчилар учун мўлжалланган терминалида ўтиришга ва кейин Олмаота шаҳрига учиб кетишга мажбур бўлган.


- Ҳукумат журналистлар ёки Ўзбекистон ҳақида ташқи дунёга гапириб бериши мумкин бўлган одамларнинг мамлакатга киришига тақиқ қўяётган экан, демак, улардан яширадиган нарсаси бор,- деган эди ўшанда Наталя Антелава.

Апрел ойи бошларида эса москвалик фототасвирчи, Россияда чиқадиган “Новая газета” мухбири Виктория Ивлева Тошкент аэропортидан ҳеч қандай сабаб кўрсатилмасдан ортга қайтарилган эди.

Мустақиллик йилларида Ўзбекистон матбуот эркинлигининг аҳволи энг ёмон бўлган давлатлар қаторида бўлиб келмоқда.

Freedom House – Озодлик уйи ташкилотининг “Матбуот эркинлиги” бўйича сўнгги ҳисоботида Ўзбекистон 197 малакат орасида 195 ўринни эгаллади.
XS
SM
MD
LG