Линклар

Шошилинч хабар
21 декабр 2024, Тошкент вақти: 16:34

Ибодатхоналарни таҳқирлаганларга 5 йиллик қамоқ тайинланиши мумкин


Депутатлар ташаббусига Pussy Riot гуруҳининг Исо Масиҳ черковида қилган панк-ибодати сабаб бўлгани айтилмоқда.
Депутатлар ташаббусига Pussy Riot гуруҳининг Исо Масиҳ черковида қилган панк-ибодати сабаб бўлгани айтилмоқда.

Россия Давлат Думаси диний обидалар ва диний ибодат жойларини таҳқирлаганлик учун жиноий жавобгарлик жорий қилишни режалаштирмоқда. Бундай ҳатти-ҳаракатларни содир этган фуқароларга нисбатан қамоқ жазоси ва катта миқдорда жарималар жорий қилиниши мумкин.


Ибодатхона ва ибодат жойларини таҳқирлаганга 5 йил

Россия Давлат Думаси фуқароларнинг диний ҳиссиётларини ҳимоя қилишга қаттиқ киришадиган кўринади.

25 сентябр куни Россия парламенти қуйи палатаси “Россия Федерациясида барча конфессияларга мансуб фуқароларнинг диний ҳиссиётларини ҳимоя қилиш тўғрисида” деб номланган баёнот қабул қилди.

Бу масалада фавқулодда якдиллик билан баёнотга имзо қўйган Думанинг барча фракциялари аъзолари ўз ташаббусларини сўнгги пайтларда Россияда авж олиб бораётган ибодат жойларининг таҳқирланиши ва черковларда содир этилаётган безорилик ҳаракатлари сабаб бўлганини айтмоқдалар.

Pussy Riot панк-гуруҳининг Москванинг Исо Масиҳ черковидаги “ибодати” учун 2 йиллик қамоқ жазосига маҳкум этилиши ортидан бутун Россия бўйлаб христианлик черковларининг таҳқирланаётгани кузатилмоқда.

Россия Либерал демократик партияси етакчиси Думадаги муҳокамалардан кейин журналистлар олдида масала хусусида қилган чиқишида бу ҳолтга чек қўйиш лозимлигидан гапирди.

- Бизда 70 йил давомида атеизм эди, мана сўнгги 20 йил ичида динлар энди-энди оёққа турди. Янги вандаллар эса динга қарши янги юриш бошлаб юборди. Бунга йўл қўймаслик керак,- деди ЛДПР лидери Владимир Жириновский.

Парламент намояндалари қабул қилинажак ҳужжатда Рус православ черкови, Ислом ва бошқа диний конфессияларга нисбатан қилинган вандализм, диний экстремистик ва безорилик ҳатти-ҳаракатларини жиноят қонунчилиги доирасида жазоланиши кўзда тутилиши айтилмоқда.

Лойиҳа ташаббускори, “Единая Россия” фракцияси депутати Сергей Попов қонунда белгиланган жазо шакллари тўғрисида бундай деди.

- Унда муайян ҳаракат ёки жиноят учун тегишли жарималар, аҳлоқни тузатиш ишлари ҳамда белгиланган муддатга қамоқ жазоси тайинлаш қўзда тутилган. Ҳужжат тайёрланмоқда, яқин кунларда у муҳокамага киритилади,- дейди депутат Сергей Попов.

Ҳозирда Россия қонунчилигида диний таҳқирлаш учун 1000 рубл жарима белгиланган. Бу жазо етарли эмаслигини таъкидлаётган Дума депутатлари эндиликда ибодат жойларини оёқ-ости қилганлар 5 йилгача қамоқ жазоси, 400 соат ахлоқни тузатиш ишлари ёки 500 минг рубл жаримага тортилиши зарур, демоқда. Диндорларнинг туйғуларини таҳқирлаганликка эса қонун лойиҳасида 300 минг рубл жарима, 200 соат аҳлоқни тузатиш ишлари ёки 3 йиллик қамоқ жазоси тайинланиши режлаштирилди.

Россия парламентининг бундай ташшабуси сабабларини Озодлик Радиосига Думанинг Жамоатчилик уюшмалари ва диний ташкилотлари масалалари бўйича қўмитаси раҳбари Ярослав Нилов тушунтириб беришга уринди.

- Ўтган 2012 йил давомида қатор куфроний, ҳақоратли вазиятлар ва ҳодисалар рўй берди. Барчага Pussy Riot билан боғлиқ вазият, турли шаҳарларимизда иконалар таҳқирланди, ибодатхона ва синагогаларда турли ҳақоратли ёзувлар ёзилди. Шунингдек, Доғистонда ва Татаристонда содир этилган теракт натижасида мусулмонлар лидерлари нобуд бўлди ва жароҳат олди. Краснодарда ёғочли черков ёқилди, Москвада протестантлар черкови бузиб ташланди...Мамлакатимиз тинчлиги хавф остида, биз бунга ўз вақтида жавоб қайтаришимиз зарур, дейди Думанинг диний масалалар бўйича қўмитаси раҳбари Ярослав Нилов.

“Бу қонун қуролга айланмаслиги керак”

Бироқ, айрим кузатувчилар бу қонун лойиҳаси аниқ, тиниқ ва конкрет бўлишини талаб қилмоқда. Акс ҳолда, ҳатто жамоатчилик жойида тасодифан ташланган луқма учун қамоққа тушиб қолиш ҳеч гап эмас.

Ҳақиқатан, Pussy Riot гуруҳи чиқиши Россияни икки қарамақарши тарафга ажратиб ташлади. Кимдир россияликларни динизлик ва ахлоқсизликка кўмилиб бораётганида айбласа, бошқалар қасрларни қуриб, халқнинг ҳақиқий дард-уқубатларидан узоқлашиб бораётган черков намояндалари, хусусан черков йўлбошчиси патриарх Кириллни айбламоқда.

Pussy Riot қамалганидан кейин Россиянинг ўнлаб шаҳарларида оммавий равишда ибодат хочлар кесилиши, ибодатхона ва иконалар таҳқирланиши кузатилди.

Россия Фанлар Академиясининг Фалсафа институти директори Андрей Смирнов Озодлик билан суҳбатда бу қонун ҳукуматнинг “номақбул” шахсларга қарши курашда ишлатиладиган қурол бўлиши мумкинлигини тахмин қилади:

- Муқаддас нарсаларни кимники бўлишидан қатъий назар таҳқирлаш мумкин эмас. Бу вандаллик, жиноятчилик ва албатта жазога лойиқ. Бироқ, бу қонунлар хуш кўрилмайдиган шахсларга қарши қуролга айлантирилмаслиги керак. Бу қонун мумкин яхшидир, лекин кўп нарса уни қай йўлда ишлатишга боғлиқ. Масалан, мен Pussy Riot қилиқларини оқламайман, лекин уларга қўйилган жазо ҳукуматнинг кучсизлиги, ўйламасдан ишлаши ва асабийлиги белгисидир, дейди Фалсафа институти директори Андрей Смирнов.

“Россия Федерация барча конфессиялари фуқароларининг диний туйғуларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасига Озодлик мухлислари ҳам ўз муносабатларини билдирди.

Краснодардан меҳнат қилиб юрган 36 ёшли Илҳомжон Ваҳобов диний туйғуларини ҳимоя қилиш учун одамларнинг аҳлоқий маданиятини ошириш зарур, деган фикрда.

- Аслида, ислом дини пайдо бўлганидан бери таҳқир остида бўлиб келган. Менимча, бир томондан бу қонунларнинг шахсан Ислом дини учун манфаати бўлмаса керак. Одамлар қачон яхшиликка келади, қачонки ахлоқини тузатадиган йўлга кирса. Мана Пайғамбаримиз (с.а.в.) карикатура қилишлик, Қуръонни таҳқирлаш, ёқишлари – бунинг ҳаммаси аслида динимизга зарар ҳам келтира олмайди. Лекин айтилган қонун Исломни ҳимоя қила олмаса ҳам, албатта керак деб ўйлайман, эҳтимол кимнингдир манфаатини ҳимоя қилса, дея ўз фикрини билдирди Илҳомжон.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:14 0:00
Бевосита линк
XS
SM
MD
LG