Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 03:45

Тошкентда МТС устидан иккита маҳкама қолдирилди



Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди ва Олий Хўжалик суди "МТС-Ўзбекистон" ширкати устидан айни кунга белгиланган маҳкамаларни яна айни кунга — 30 октябрга қолдирди.


Маҳкамаларнинг қолдирилиши сабаби очиқланмади

Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди МТС компаниясининг Ўзбекистондаги шўъба корхонаси "Ўздунробита" ширкати 4 менежери киритган даъво аризаси бўйича 16 октябр кунига белгиланган аппеляция судини 30 октябрга қолдирди.

Худди шу куни Олий хўжалик суди кассация ҳайъатида «Ўздунробита» мобил алоқа оператори лицензиясини бекор қилиш қарорининг қанчалик қонунийлигини аниқлаши кутилган маҳкама ҳам айни санага — 30 октябрга қолдирилди.

Ҳар икки маҳкама жараёнини кузатган тошкентлик мустақил журналист Сергей Ежков маҳкамаларни қолдириш сабаби ошкор қилинмаганини айтди.

- Бугун куннинг биринчи қисмида Тошкент шаҳар Жиноят ишлари бўйича судининг аппеляция босқичида белгиланган маҳкама 30 октябрга қолдирилгани маълум қилинди. Кечки пайт соат 18:30 ларда эса Олий Хўжалик суди кассация ҳайъати ҳам айни мазмунда қарор қабул қилди. Ҳар икки маҳкаманинг қолдирилгани сабаблари айтилмади, деди ўзбекистонлик мустақил журналист, Uzmetronom интернет нашри муҳаррири Сергей Ежков.


МТСнинг Ўзбекистонга қайтиши ҳақидаги тахминларда жон бор

Мустақил журналист Ежковнинг фикрича, ҳар икки суд мажлисининг айни санага кечиктирилгани МТС ширкатининг яна Ўзбекистон мобил алоқа бозорига қайтиши ҳақидаги тахминларда жон борлигидан далолатдир.

- Аппеляция ва кассация босқичлари даражасида суд қарорининг кечиктирилаётгани инобатга олинса, МТСнинг қайтиши ҳақидаги башоратларда жон бор, дейиш мумкин. Зеро, Ўзбекистондаги бугунги мобил алоқа ускуналари муҳитида МТСдан бошқа ширкат ишлай олмайди, деб ҳисоблайди Сергей Ежков.

Ўзбекистондаги ўз шўъба корхонаси "Ўздунробита"нинг саккиз йиллик фаолияти мобайнида мобил оператори фаолиятини такомиллаштириш учун МТС ширкати 1 миллиард АҚШ долларидан ортиқ маблағ ётқизгани айтилади.

Ширкатнинг Ўзбекистонда 9 миллиондан ортиқ абоненти бор эди.

“Ўздунробита” оператори фаолиятининг тўхтатилиши ортидан мамлакат бўйлаб уяли алоқа сифати сезиларли тарзда ёмонлашгани кузатилмоқда.


МТС овозаларни шарҳламайди

Тошкентдаги икки маҳкама арафасида Озодликка сўзлаган МТС ширкатининг Москвадаги матбуот котиби Валерия Кузменко ширкатнинг Ўзбекистонга қайтиш эҳтимоли ҳақидаги тахминларни изоҳлашдан бош тортди.

- Бу борада мен ҳеч нима айта олмайман. Чунки биз овозаларни шарҳламаймиз, дея қисқагина жавоб берган Кузменко Тошкентдаги маҳкамалар ҳақида ҳам ҳеч бир маълумот бермади.


"МТС-Ўзбекистон"га оид Россиядаги тергов тафсилотлари сир қолмоқда

Бунга қадар Россия Федерацияси ИИВ Тергов департаменти фавқулодда ҳолатларда қўлланиладиган Россия Жиноят Кодексининг 178-моддаси 2-қисми (“Рақобатга йўл қўймаслик, чеклаш ёки уни бартараф қилиш”) асосида "МТС-Ўзбекистон" ширкатининг Ўзбекистондан сиқиб чиқарилгани юзасидан жиноий иш қўзғатган эди.

ИИВ матбуот маркази тергов манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида бу иш тафсилотлари ҳозирча сир сақланишини айтган.

Шу тариқа Тошкентда ҳам, Москвада ҳам тергов-суриштирув ва маҳкама жараёнларига оид тафсилотлар сирлигича қолмоқда.


UcelI ва Uzmobile компаниялари Россия терговчилари нишонида

"Коммерсантъ" газетаси Россия Ички ишлар вазирлигидаги манбаларига таянган ҳолда Ўзбекистон мобил алоқа бозорида рақобат муҳитини бузган эҳтимолий ширкатлар номини тилга олган.

"Коммерсантъ"нинг ўз манбаларига таяниб ёзишича, дастлабки тахминларда МТСнинг Ўзбекистондаги рақобатчилари кўрилган UcelI ва Uzmobile компаниялари назарда тутилмоқда.

“МТСнинг Ўзбекистондаги рақобатчилари ўз маъмурий ресурсларидан фойдаланган ҳолда 9 миллиондан ортиқ абонентга эга бўлган МТС шўъбасини бозордан сиқиб чиқарган ва нафақат йирик телекоммуникацион ширкат, балки умаман Россия манфаатларига путур етказган", дея баён қилган эди "Коммерсантъ" нашри.


МТСнинг Ўзбекистон ҳукумати билан музокаралари натижасиз қолмоқда

МТС расмийлари Ўзбекистондаги шўъба корхонаси тақдири бўйича Ўзбекистон ҳукумати билан музокаралари натижа бермагани ва МТСнинг Ўзбекистондаги мулки мусодара қилинганини маълум қилган.

Ўзбекистонда "Ўздунробита" устидан текширувлар шу йилнинг июн ойида бошланган ҳамда Ўзбекистон Алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги 17 июл куни “Ўздунробита” мобил оператори фаолиятини вақтинча тўхтатган.

31 июл куни Хўжалик ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди “МТС-Ўзбекистон” бренди остида ишлаган “Ўздунробита”ни лицензияларидан маҳрум қилиш ҳақида қарор чиқарган.

27 август куни эса "Ўздунробита" мулозимларига қарши текширувлар асосида тўпланган фактлар маҳкамага оширилган ва 17 сентябр кунги маҳкамада ҳайъат “Ўздунробита” компаниясининг тўрт ходимини уч йилдан шартли равишда озодликдан маҳрум қилган эди.
XS
SM
MD
LG