Москва шаҳар Замоскворецкий туман суди самбо бўйича жаҳон чемпиони Расул Мирзаев иши бўйича чиқарган қарори миллатчиларнинг қатъий норозилигига сабаб бўлди. 19 ёшли талабани уриб, ўлдириб қўйган доғистонлик 26 ёшли курашчига икки йиллик қамоқ жазоси тайинланди ва у бир йилдан ортиқ ҳибсга ўтиргани ҳисобга олиниб, суд залидан озод этилди.
“Айбдор, лекин озод этилсин!”
Қора Йўлбарс номи билан жаҳон рингларида ном қозонган курашчи Расул Мирзаев иши юзасидан суд чиқарган қарор Россия жамоатчилиги, айниқса, миллатчи гуруҳларнинг кескин норозилигига сабаб бўлди.Судя Андрей Федин Расулнинг айбини тўлиқ бўйнига олгани, полицияга ўзи келгани, вояга етмаган фарзанди борлиги ва жабрланган йигитнинг яқинларидан кечирим сўрагани каби вазиятларни инобатга олиб, уни озод қилиш керак деган қарорга келди.
- Суд Мирзаев Расул Рабадановични Россия Федерацияси Жиноят Кодексининг 109-моддаси, 1-қисми бўйича айбдор деб топди ва 2 йиллик қамоқ жазосига маҳкум этди. Унга Доғистон Республикаси Қизлар тумани ҳудудини икки йил давомида тарк этиш, оммавий тадбирларда иштирок этиш, кўнгилочар муассасаларга бориш таъқиқланади,- деди ҳукмни ўқиган суд ҳаками.
Мирзаевнинг тергов изоляторида аллақачон бир йилдан ортиқроқ вақт сақланаётгани ва қонун бўйича тергов изоляторидаги бир кун жазо тайинлашда икки кунга тенглаштирилишини ҳисобга олиб, курашчи суд залидан озод этилди.
Шунингдек, суд ҳукмига иш юзасидан тайинланган 5 та экспертиза натижалари бўйича Мирзаев Иван Агафоновнинг ўлимида бевосита айбдор эмаслиги, айбланувчида жабрланувчини ўлдириш нияти бўлмагани ва Агафонов боши билан бордюрга урилгани сабабли жиддий жароҳатлангани тўғрисидаги хулосалари таъсир этди.
Олдинроқ, Россия жамоатчилигида мунозараларни келтириб чиқарган бу ҳодиса учун жамоатчилик босими остида Расул Мирзаевга 15 йиллик қамоқ жазоси тайинланиши кутилаётган эди.
Расул Мирзаевнинг суд залида озод этилаётганини эшитган жабрдийда Иван Агафоновнинг отаси ўзини тия олмасдан:
- Шармандалик! Рус одамларини жазосиз ўлдириш мумкин экан-да! Мирзаев, ўлдиравер, кўпчилик қолди! Сафсатабозлик!- дея суд залидан чиқиб кетди.
Унинг ортидан Агафонов тарафидаги суд иштирокчилари “Қотил қамоқда ўтириш керак!”, деб судни тарк этди.
Айтиш жойизки, нисбатан юмшоқ жазони қўллаш зарурлигини айбловчи прокурор Андрей Сергеев ва Мирзаевнинг адвокати Алексей Гребенскийлар ҳам қўллаб чиқди.
Айрим кузатувчилар “Мирзаев иши”да бундай енгил жазонинг қўлланилишини “юқоридан” сиёсий босим бўлгани билан изоҳлашмоқда. Агафоновлар оиласи адвокати Оксана Михалкина Озодлик Радиосига суд қарори юзасидан шикоят қилишини билдирди.
- Унга жазо деярли қўлланмади, чунки унга қўйилган жазони у аллақачон ўтаб чиқди. Яъни у эркин, биз билан сизга ўхшаган озод шахс. Суд қарори устидан арз қиламиз, албатта,- деди адвокат Михалкина.
Миллатчилар норозилик намойишларига тайёргарлик кўрмоқда
Бир нечта яккакураш тури бўйича ҳозир ҳам чемпионлик унвонини сақлаб келаётган “Қора Йўлбарнинг” озод этилиши нафақат судда, балки суд залига сиғмаган миллатчиларнинг катта гуруҳи норозилигини ҳам келтириб чиқарди ва натижада судни ҳимоялашга чақирилган ОМОН гуруҳлари 10 кишини ҳибсга олди. Озод этилган Мирзаев махсус автомобилда қўриқчилар ҳимояси остида суд биносидан олиб чиқиб кетилди.Мирзаевнинг адвокати суд қароридан тўлиқ мамнун экани, жамоатчиликка Иван Агафоновнинг ҳам жанг санъати устаси бўлгани ва айни пайтда талон-тарож моддаси юзасидан жиноий иш асосида жавобгарлик остида бўлганини эслатиб қўйди.
Интернетдаги ижтимоий тармоқларда Москвада “Иккинчи Манежная майдонини” уюштириш таҳдидлари пайдо бўла бошлади. Бироқ, 27 ноябр куни Интернетда янграган қизғин чақириқларга қарамасдан, Қизил Майдон ёнидаги Манежная ва Инқилоб майдонида 11 та автобус ва юк машиналарида бу ерга сафарбар қилинган полициячилар ва бир гуруҳ журналистлардан ташқари ҳеч ким кўринмади.
Айни пайтда, судя Андрей Федин чиқарган қарор адолатлилигига ишониши ва Мирзаевнинг озод этилиши атрофида вазиятнинг кескинлашиб боришидан қўрқмаётгани ҳамда ўзи учун “махсус ҳимоя сўраш” нияти йўқлигини билдирди. Гап шундаки, Москвада миллатчиларнинг ғазабини келтириб чиқарган ҳукмларни чиқарган бир нечта судя ва уларга номақбул бўлган шахслар ҳимояси билан шуғулланган адвокатлар ўлдириб кетилгани маълум.
Ултра миллатчи фаоллар эса ижтимоий тармоқларда Россиянинг йирик шаҳарларида норозилик намойишларини уюштиришга тайёргарлик кўраётгани айтилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 2011 йилнинг 13 августида аралаш яккакураш усуллари бўйича жаҳон чемпиони Расул Мирзаев Москвадаги “Гараж” тунгги клуб ёнида унга қўполлик қилган Иван Агафонов юзига битта зарба туширган. Ерга тушаётганида энсаси билан урилган 19 ёшли талаба Иван Агафонов 4 кундан кейин Москва шифохоналаридан бирида жон берган.