Линклар

Шошилинч хабар
27 декабр 2024, Тошкент вақти: 07:05

"TeliaSonera пора берганини эҳтимолдан соқит қила олмаймиз"


Бйорн Рисе Mannheimer Swartling адвокатлик фирмаси раҳбарларидан бири сифатида суриштирув гуруҳига етакчилик қилди.
Бйорн Рисе Mannheimer Swartling адвокатлик фирмаси раҳбарларидан бири сифатида суриштирув гуруҳига етакчилик қилди.
1 феврал куни Швециядаги Mannheimer Swartling адвокатлик фирмаси TeliaSonera телеком ширкати буюртмасига кўра ўтказган ички текширув натижаларини очиқлади. Суриштирув TeliaSonera Ўзбекистон телекоммуникацион бозорига кириш учун бу мамлакат президенти оиласига, хусусан Гулнора Каримовага юзлаб миллион АҚШ доллари миқдорида пора берганига оид иддаолар пайдо бўлиши ортидан ўтказилди. Mannheimer Swartling катта қисми Швеция ҳукуматига қарашли TeliaSonera Ўзбекистонда пора берганини тасдиқловчи далиллар топилмаганини хулоса қилган бўлса-да, ўтган жума куни эълон қилинган ҳисобот TeliaSonera президенти Ларс Нюбергнинг истеъфо беришига сабаб бўлди.


Ички тергов гуруҳига етакчилик қилган Mannheimer Swartling адвокатлик фирмаси раҳбарларидан бири Бйорн Рисе Озодликка берган интервьюсида TeliaSonera масъуллари 2007 йилда Ўзбекистонда иш бошлаши арафасида Гулнора Каримова билан алоқа ўрнатишга урингани коррупция ҳолати рўй бергани эҳтимолини инкор қилиб бўлмалигини ҳам билдирди.

Жаноб Риседан аввал, ички тергов хулосалари қайси манбалардан олинган кўрсатма ва маълумотларга асослангани ҳақида сўрадик.



Бйорн Рисе:
Биз тахминан 35 кишини интервью қилдик. Улар орасида TeliaSoneraда ходимлари ва собиқ ходимлари, бу ширкатга алоқадор бошқа одамлар ҳам бор. Бундан ташқари жуда кўплаб ёзма материаллар, жумладан 40 мингга яқин имейл ёзишмалари, кенгаш мажлислари ва келишувларга оид ҳужжатларни ўргандик. Шунингдек, Ўзбекистонда лицензия берувчи расмий идора (Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш давлат қўмитаси назарда тутилмоқда-таҳр.) ва Ўзбекистон ҳукуматининг Швеция Ташқи ишлар вазирлигига юборган ноталарни ҳам эътиборга олдик. Ўзбекистон ҳукумати ҳам, лицензия берувчи расмий идора ҳам, ўз билдиришномаларида ҳаммаси қонунга кўра амалга оширилганини билдиришган.

TeliaSonera ижрочилари 2007 йилда ёзган имейллардан бирида Гулнора Каримова одамлари билан алоқа ўрнатилгани ёзилган.
TeliaSonera ижрочилари 2007 йилда ёзган имейллардан бирида Гулнора Каримова одамлари билан алоқа ўрнатилгани ёзилган.
Озодлик: Жаноб Рисе, кўплаб ҳужжатларни ўргандик деяпсиз. Хусусан, имейллар ҳақида гапирадиган бўлсак, TeliaSonera пора берганига оид иддаоларни тергов қилаётган Швеция Бош прокуратураси декабр ойида мамлакат олий аппеляция судига, ширкат ижрочилари 2007 йилда ўзаро ёзган имейлларни тақдим қилганидан хабарингиз бўлса керак, албатта. Бу имейл ёзишмаларида TeliaSonera Ўзбекистонда бизнес бошлашдан аввал Ўзбекистон президентининг қизи Гулнора Каримова билан алоқа ўрнатишга ҳаракат қилганини кўриш мумкин. Бу имейллардан бирида, ҳатто, Гулнора Каримова одамлари билан алоқа ўрнатилгани ҳам аниқ ёзилган. Бу фактлар TeliaSonera шубҳали ишларга аралшганига ишора қилмайдими?

Бйорн Рисе: Тергов давомида бу ҳаракатлар (Ўзбекистондаги Coscom ширкатини сотиб олиш ҳаракатлари назарда тутилмоқда-таҳр.) бошида TeliaSonera ширкатига қарашли Fintur томонидан бошқарилган пайтда асл ният Гулнора Каримова билан, маҳаллий ҳамкор сифатида, келишувга эришиш бўлганини аниқладик. Бу 2007 йил ёз ойларидаги гап. Лекин кейинроқ 2007 йилнинг қиш ойларида якуни келишув Takilant номли ширкат билан тузилди. Бу Гибралтарда рўхатга олинган ширкатдир. Takilant ширкатининг ягона ҳиссадори ва директори Гаянэ Авакяндир.

Озодлик: Тергов давомида Гаянэ Авкян Гулнора Каримованинг хос ёрдамчиси, унга яқин кишилардан бири эканини инобатга олдингизми?

Бйорн Рисе: Ҳа, бунга оид миш-мишлардан хабаримиз бор. Тергов давомида буни тасдиқлай олмадик, лекин бунга оид миш-мишларга дуч келдик.

Озодлик: Лекин бу шунчаки миш-миш эмас. Масалан, Гаянэ Авакяннинг Гулнора Каримова етакчилигидаги ташкилот бўлимларидан бирини бошқариши очиқ манбалардан маълумку?

Бйорн Рисе: Ҳа, бунга оид хабарларни кўрганмиз. Бундан ташқари Ўзбекистондаги бу ишлар марказида турган яна бир муҳим шахс Беҳзод Аҳмедов эканидан ҳам хабаримиз бор. Унинг ҳам бу шахсларга (Гулнора Каримова ва Гаянэ Авакян назарда тутилмоқда-таҳр.) алоқаси бўлган. У TeliaSonera Ўзбекистонда киришган келишувларда асосий ўрин тутган шахсдир.

Озодлик: Айнан ана шу фактлар, яъни Гаянэ Авакяннинг Гулнора Каримовага яқин эканини маълум ишонч билан айтиш мумкинлиги, ҳамда Беҳзод Аҳмедовнинг нафақат Гулнора Каримовага яқинлиги, балки унинг рақиб ширкат бўлган МТС бош ижрочи директори бўла туриб, Ўзбекистон расмийлари ёки бошқа учинчи томон номидан музокара қилганининг ўзи шубҳали эмасми?

Бйорн Рисе: Тўғри айтасиз, айнан шу ҳолат мазкур ишнинг ҳисоботимизда қайд этилган алоҳида эътиборга молик жиҳатлардан биридир. Лекин афсуски, жаноб Беҳзод Аҳмедов билан боғланишнинг имкони бўлмади. Албатта, у киши мазкур тергов учун ўта муҳим шахс эканини айтиб ўтиршнинг ҳожати бўлмаса керак.

Озодлик: Жаноб Рисе, Швед жамоатчилик телевидениеси декабрда эфирга берган “TeliaSonera ва диктаторнинг қизи” номли ҳужжатли филмда, TeliaSonera ширкати масъуллари экани айтилган икки шахснинг интервьюлари бор. Улар филм давомида TeliaSonera Ўзбекистонда 3G лицензиялари ва алоқа тўлқинлари эавзига Гулнора Каримова назорат қиладиган Takilnat ширкатига корхонанинг 26 фоиз улушини бергани, ҳамда лицензияларни сотган ширкат ўшанда икки ҳафта аввал ташкил қилинганига оид иддаоларни илгари усришган. Бу иддаоларни ҳам текширдингизми?

Бйорн Рисе: Албатта, бу иддаоларни инобатга олганмиз. Менимча, сиз Teleson номли ширкатни назарда тутяпсиз. Бу корхона Takilantнинг шўъбаси бўлган. Бу корхона TeliaSonera сотиб олган лицензияларнинг аксарига эгалик қилган. Бунга оид турли манбалардан олинган ҳужжатларни ўргандик, албатта. Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, бу ерда гап коррупциялашган мамлакатда бир нарса сотиб олиш ва коррупция йўли билан бир нарса сотиб олиш ўртасидаги фарқ ҳақида кетмоқда. Жиноят ҳақида гап кетганда эса, объектив вазиятдан ташқари, субъектив вазиятни ҳам кўрсата олиш муҳим аҳамиятга эгадир. Ҳисоботимизда кўрган бўлсангиз, биз тергов давомида тўплай олганимиз барча фактларни баён қилганмиз. Яна бир нарсани назарда тутишимиз керак, биз ўтказган тергов хусусий характерга эгадир ва бизда прокурорлар ёки полиция ихтиёридаги воситалар йўқ. Улар, масалан, банк ўтказмалари ва шунга ўхшаш муҳим маълумотларни топиш имконига эга. Хусусий терговда эса, сиз фақатгина одамлардан сўраб-суриштириб олган маълумотларга таянишингиз мумкин холос. 150 саҳифалик ҳисоботимизда биз тўплай олган маълумотлар хулосасини бердик. Бу маълумотлар эса пора берш ёки пул ювиш жиноятлари содир этилганини тасдиқлай олишимиз учун маълумотлар етарли эмаслигини хулоса қилишдан бошқа чорамиз йўқ эди. Шу билан бирга, ширкат вакиллари бу ишни қай тарзда амалга оширганини кескин танқид қилдик, чунки агар сиз ким билан ҳамкорлик қилаётганингизни аниқ билмай туриб, коррупцияга аралашиб қолмаслигингизга кафолат бера олмайсиз.

Озодлик: Жаноб Рисе, бу ишни тергов қилаётган Швеция прокуратурасининг Коррупцияга қарши кураш бўлими раҳбари Гуннар Стетлер, Озодликка берган интервьюсида “Бу ишда Жиноят содир этилганига ишора қилувчи жиддий гумонлар бор”, дея таъкидлади. Бу баёнотни асосли, деб ҳисоблайсизми.

Бйорн Рисе: Менимча, биз ўз ихтиёримиздаги маълумотларга асосланиб, жиноят содир этилганини тасдиқлай олмаслигимизни билдирдик. Лекин шу билан биргаликда, ихтиёримиздаги маълумотларга таяниб, буни инкор қила олмаслигимизни ҳам, эҳтиёткорлик билан бўлса-да, айтиб келмоқдаман. Бу ҳам жуда муҳимдир, чунки пора бериш ёки пул ювиш ҳолати содир этилганини тасдиқлай олмасак-да, жиноят содир этилганига оид матбуот ва Швеция прокуратураси илгари сураётган гумонларни ҳам тўла инкор қила олмаймиз. Менимча, шунинг ўзи жиддий позициядир. Бундан ташқари Швеция прокуратураси олиб бораётган терговдан ташқари, бошқа давлатларда ҳам терговлар давом этаётганини ёдда тутишимиз керак.
XS
SM
MD
LG