Линклар

Шошилинч хабар
28 декабр 2024, Тошкент вақти: 00:12

Бишкекда йўқолган ўзбекистонлик қочқин бедарак қолмоқда


Шуҳрат Мусин Бишкекда бошпана изловчи шахс сифатида рўйхатга олинган эди.
Шуҳрат Мусин Бишкекда бошпана изловчи шахс сифатида рўйхатга олинган эди.
Бишкекда 18 февралдан бери бедарак қолаётган ўзбекистонлик қочин Шуҳрат Мусиннинг хотини Барно Гайбердиева турмуш ўртоғини Ўзбекистон махсус хизматлари ўғирлаганига оид тахминларга ишонмаслигини айтмоқда.


Озодлик радиоси 23 феврал куни Бишкекда яшаётган ўзбекистонлик қочқин Шуҳрат Мусиннинг йўқолгани ҳақида хабар берган эди.

Шуҳрат Мусин билан 18 феврал куни сўнгги марта унинг рафиқаси Барно Гайбердиева телефон орқали суҳбатлашган. Шундан сўнг алоқа узилган.

Барно Гайбердиева 19 феврал куни эрининг йўқолгани ҳақида Бишкек шаҳар Свердловск туман милициясига ариза ёзганини айтмоқда.

Шуҳрат Мусиннинг адвокати Тимур Султоновнинг айтишича, ҳозирча ўзбекистонлик қочқинни қидириш ишлари натижасиз якунланмоқда.

“Бишкек шаҳар Свердловск туман милицияси билан тиғиз ҳамкорликда ишлаяпмиз. Ҳар икки-уч соатда терговчилар ва оперлар билан алоқада бўлаяпмиз”, деди Тимур Султонов.

Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги ва Миллий хавфсизлик қўмитаси эса ҳозирча Шуҳрат Мусин борасида бирон бир маълумот беришдан тийилмоқда.

Ўзбекистонлик ҳуқуқ фаоли, айни пайтда Бишкекда бошпана изловчи шахс мақомида яшаётган Фарҳодхон Мухторовнинг фикрича, Шуҳрат Мусин Ўзбекистон махсус хизматлари томонидан ўғирлаб кетилган бўлиши мумкин.

- Ўзбекистон СНБси томонидан ўғирлаб кетилган, деган тахмин ҳам бор. Чунки Шуҳратнинг изи Қирғизистонда на милиция, на прокуратура ва на СНБдан топилдм, деди Фарҳодхон Мухторов.

Бироқ Барно Гайбердиева эрининг Ўзбекистон махсус хизматлари томонидан ўғирланганига ишонмайди.

- У кишини ҳар доим Қирғизистон СНБсидаги одамлар назорат қилиб турар эди. Масалан, 2011 йилнинг декабрида ҳам СНБчилар тушликдан то 19.10 ларгача ушлаб туришган. 30 минг сўм пул бериб чиққанмиз. СНБчилар пул талаб қилишган эди-да. Мен эримни Қирғизистонда, деб ўйлайман. Уни яна СНБда сақлаб турган бўлишлари мумкин. Аммо, адвокатлар СНБга боришса, “бизда бундай одам йўқ”, дейишибди, деди Барно Гайбердиева.

29 ёшли Шуҳрат Мусин Ўзбекистоннинг Андижон вилоятида яшаган. Ҳуқуқ ҳимоячиларининг айтишларича, у 2005 йилда Андижон воқеаларида иштирок этгани учун таъқиб қилинган ва 2007 йилда Қирғизистонга келиб, бошпана сўраган. Унинг аризаси 2009 йилда кўриб чиқилган ва Шуҳрат Мусинга бошпана изловчи шахс мақоми берилган.

Ўзбекистон томони Шуҳрат Мусинни Ўзбекистон исломий ҳаракати аъзоси сифатида айблаб, халқаро қидирувга берган. 2010 йилда Шуҳрат Мусин Ўзбекистон сўрови билан қўлга олинган ва 5 ой Қирғизистон Миллий хавфсизлик қўмитаси ҳибсхонасида сақланган.

2011 йил февралида БМТнинг Қочқинлар ишлари бўйича Олий комиссарлиги Бишкекдаги ваколатхонаси ҳамда қатор ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотлари аралашуви билан Шуҳрат Мусин қўйиб юборилган.

Шуҳрат Мусиннинг ота-онаси ҳам қочқин мақомига эга ва улар ҳозир ғарб давлатларидан бирида яшамоқда.
XS
SM
MD
LG