Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 07:23

Гулноранинг раддияси отаси хасталигига оид шов-шувни кучайтирди


Президент Ислом Каримов 19 март куни Наврўз тантаналарида рақсга тушгани давлат телевиденисида кўрсатилди.
Президент Ислом Каримов 19 март куни Наврўз тантаналарида рақсга тушгани давлат телевиденисида кўрсатилди.

Гулнора Каримова отаси, Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов юрак хуружини бошдан кечирганига оид хабарларни инкор қилди. Бу масалага ойдинлик киритиши кутилган 28 март кунги Олий Мажлис Сенати ялпи йиғилишида иштирок этиш эса мутлақо президентнинг ихтиёрида экани айтилди.


Президент қизи 25 март куни Twitter саҳифасида: “Қайси президент? ПРЕЗИДЕНТИМИЗ Наврўз байрамида 20 дақиқа тўхтамасдан рақсга тушганини кўрганлар бундай хабарни тақатиши учун аҳмоқ бўлиши керак”, деган ёзувни қолдирди.


Ўтган ҳафта мухолифатдаги Ўзбекистон Халқ ҳаракати президент Ислом Каримов юрак хуружига дуч келганини хабар қилган эди.

Хабарда президент 19 март куни миокард инфарктни бошдан кечиргани ва оғир аҳволда шифокор назорати остида қолаётгани айтилган эди.

Кейинчалик бу хабарга таянган бошқа ахборот воситалари, жумладан Rosbalt, RIA-Novosti, Fergananews каби нашрлар ҳам бу мавзуга тўхталди.

Бу нашларда хабарнинг асоссизлигига кўпроқ урғу берилди ва хусусан, RIA-Novosti агентлиги бу хабарни Ўзбекистон президенти маъмурияти инкор қилганини ёзди.

25 март кунига келиб Twitter орқали бу борада берилган саволларга Гулнора Каримованинг раддия бериши билан Ўзбекистон президентининг соғлиги оғирлашгани ҳақидаги хабарнинг бозори янада қизиб кетди.

Каримовнинг Наврўздаги ўйини
Илтимос кутинг
Киритиш (Embed)

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:45 0:00
(19 март куни - Наврўз байрами муносабати билан Тошкентда ўтказилган тантанали маросимда иштирок этган президент Каримов рақсга тушгани давлат телевидениси орқали намойиш этилди.)

26 март куни Гулнора Каримованинг раддиясига раддия берган Ўзбекистон Халқ ҳаракати расмий сайтида Ислом Каримовнинг "оғир аҳволда, шифокор назорати остида қолаётгани" ҳақидаги навбатдаги хабар эълон қилинди.

Бу гал мухолифат ҳаракати "бир-биридан мустақил уч манбага таянаётганини" ёзди.

ЎХҲнинг сўнгги хабаридан иқтибос:

“Гарчи Каримовнинг яқинлари (Гулнора Каримова) бу хабарни рад қилаётган бўлса-да, Ислом Каримов жиддий юрак хуружи билан врачларнинг тўхтовсиз назоратида тўшакка михланиб ётибди”, деб ёзди 26 март куни ЎҲҲ ўз расмий сайтида.

Озодлик мухбирининг бу манбалари нақадар ишончли экани ҳақидаги саволларига жавобан ҳаракат раиси Муҳаммад Солиҳ: “100 фоиз ишончли”, деб жавоб берди.

- Мен бунга юз фоиз аминман. Бир-биридан мустақил уч манбадан бугун (26 март куни - Таҳр.) яна ўргандик. Президент Каримов Наврўз байрамидан кейин инфарктни бошдан кечирган ва ҳозирга келиб яхшилашган, наркоздан кейинги аҳволи яхшилашган.

Озодлик: Бу хабар ёлғон бўлиб чиқса-чи?

- Ёлғон бўлиб чиқиши эмас, Каримов тузалиб кетиши мумкин. Бу дегани, Каримов инфаркт бўлмади, дегани эмас. Унинг касал бўлганига мен аминман ва бизнинг манбаларимиз соғлом, деди Муҳаммад Солиҳ.

Муҳаммад Солиҳ матбуотда бу хабарлар ростлигига туғилаётган шубҳаларни тўхтовсиз рад қилар экан: "Гулнора Каримованинг раддияси бу хабар ростлигининг яна бир тасдиғидир", деб қўшимча қилди.

Аҳолиси сони 30 миллиондан ошиб бораётган ва Марказий Осиёнинг ўта муҳим стратегик нуқтаси бўлган, бундан ташқари минтақада сиёсий тарангликни ушлаб тургани айтилган Ўзбекистон ҳукумати раҳбарининг соғлиги йиллар давомида матбуот диққат марказида қолмоқда.

Бунга қадар ҳам Ислом Каримовнинг соғлиги оғирлашгани ҳақида хабарлар пайдо бўлган ва бу хабарларга президент матбуот хизматидан бирор расмий муносабат билдирилмаган.

Ўзаро зид келаётган ва расмий тасдиғини топиш мумкин бўлмаётган бу галги хабарларга эса 28-29 март кунлари Ўзбекистон Сенатида бўлажак ялпи мажлиснинг ойдинлик киритиши кутилаётган эди.

Зеро, Сенатнинг аввалдан тайин қилган йиғилишларида Ўзбекистон президенти мунтазам равишда иштирок этиб келади.

Шу муносабат билан микрофон тутган Озодлик мухбирига жавобан Ўзбекистон Сенатининг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ қўмитаси раиси Светлана Ортиқова Сенатнинг одатий тартибда ишлаётганини айтди.

Ортиқовага кўра, Сенат йиғилишларида иштирок этиш Ўзбекистон қонунчилигига биноан, президентнинг ихтиёридадир.

- 28-29 март кунлари 11-ялпи мажлис ўз ишини бошлайди. Ўзи президент ҳоҳиш билдирсалар, ҳар битта ялпи мажлисда қатнашиш имкони бори, Ўзбекистон Конституциясига биноан, Президент тўғрисидаги қонунга биноан.

Озодлик: Оқсаройдан унақа ташвишли, хавотирли хабарлар олмагансиз-а?

- Йўқ, йўқ, йўқ. Ҳаммаёқ тинчлик. Ҳамма одамлар юзга кирса ҳам бизнинг президентимиз юз эллик ёшга кирсинлар, дея ният билдирди Светлана Ортиқова.

Дарвоқе, Сенат мулозимининг бу мазмундаги баёноти ҳам ЎХҲ раиси Муҳаммад Солиҳ томонидан президент Каримов соғлигининг оғирлашганига бир далил ўлароқ баҳоланди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Футбол Федерациясидаги исмини ошкор қилмаётганимиз манба Ўзбекистон-Ливан терма жамоалари ўртасида 26 март куни бўлган ўйинни томоша қилиш учун президентнинг бориши кутилаётгани ҳақида айтган эди.

Аммо, Тошкентдаги Бунёдкор стадионида бўлиб ўтган ўйин томошасига Ислом Каримов бормади.

Ўзбекистонни 23 йилдан бери бошқараётган Ислом Каримов январ ойида 75 ёшни қаршилади.

19 март куни - Наврўз байрами муносабати билан Тошкентда ўтказилган тантанали маросимда иштирок этган президент Каримов ҳар йилги анъанасига мувофиқ рақсга тушди ва давлат телевидениси орқали намойиш этилди.

Ана шу қойилмақом рақсдан сўнг президентнинг инфарктга учрагани ҳақида мухолифат тарқатган ва расман тақдиқланмаётган бу хабарга Озодлик таҳририяти ойдинлик киритишга уринишда давом этмоқда.
XS
SM
MD
LG