Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 03:21

Манба: "Баҳо Шакар" "Опа" билан яқин алоқада бўлган


Ўзбекистонда ўтган ойда Coca-Cola маҳсулотлари тақчиллигининг юзага келиши таниқли тадбиркор Баҳодир Каримжоновга нисбатан жиноят иши очилиши ва унинг мамлакатдан қочиб кетиши билан боғлиқ бўлгани маълум бўлди. Бу ҳақда Озодликка Ўзбекистонда шакар импорти ва савдосини назорат қилгани учун халқ орасида “Баҳо Шакар” лақаби билан танилган тадбиркорга қарашли корхоналардан бирида ишлаган тошкентлик гапириб берди. Унинг айтишича, Каримжонов муаммоларга дуч келишидан аввал президентнинг қизи Гулнора Каримова билан алоқалари яқин бўлган.



Озодлик билан телефон орқали боғланган, лекин овози эфирга берилмаслиги шарти билан гапирган тошкентлик йигитнинг айтишича, у яқингача Coca-Cola Ўзбекистон ширкати ишлаб чиқарган маҳсулотларни тарқатиш тизимида ишлган.

Лекин, Баҳодир Каримжоновга нибсатан жиноий иш очилиб, тадбиркор мамлакатни тарк этгач, суҳбатдошимиз ва унга ўхшаш кўплаб ишчилар ишдан бўшатилган.

Ўзбекистонда энг йирик тадбиркорлардан бири ҳисобланган ва бизнесини шакар савдосидан бошлагани учун “Баҳо Шакар” лақаби билан танилган Баҳодир Каримжонов йирик супермаркетлар тармоғи, хусусий тиббиёт, хусусий таълим соҳаларидаги бизнес фаолиятидан ташқари Coca-Cola маҳсулотлари дистрибуциясини назорат қилган.

Озодлик билан гаплашган тошкентлик йигитнинг айтишича, Каримжоновнинг Гулнора Каримова билан яқин алоқалари бўлгани туфайли, у Coca-Cola Ўзбекистон ширкатида пластик баклажкаларда чиқадиган ичимликларни эксклюзив тарзда тарқатиш ҳуқуқига эга бўлган. Озодлик ихтиёридаги ҳужжатларга кўра, Гулнора Каримова Coca-Cola ширкатини назорат қилади.

Овози эфирга берилмаслигини сўраган суҳбатдошимизга кўра, “Баҳо Шакар”га нисбатан таъқиб бошланишига унинг президент қизи билан муносабатлари кутилмаганда ёмонлашгани сабаб бўлган. Лекин “Баҳодир ака билан опанинг орасида нима гап ўтганидан хабарим йўқ”, деди Каримжонов назоратида бўлган корхонанинг собиқ ходими.

Унинг айтишича, ҳозирда пластик баклажкада чиқадиган Coca-Cola ичимликларини савдо шохобчаларига етказиш ишлари қайта йўлга қўйилмоқда, лекин муаммо тўла ҳал қилингани йўқ.

“Баҳодир Каримжонов Дубайга қочиб кетганидан кейин, иш тўхтаб қолган эди. Бизга ўшанда Coca-Cola заводида хом ашё етишмаслигини айтишган эди. Лекин бунга хўжайинларни текшир-текшир қилигани ҳам сабаб бўлган эди. Чунки ўшанда бизнинг фирмаларимизда ҳам иш тўхтаб қолган эди. Бизга буюртма олмасликни буюришди ва 10 кунча ишсиз қолдик. Баҳодир ака қочиб кетганидан кейин унинг ёрдамчилари Раҳим ака деган одам, кейин Камолиддин, Дилшод деган йигитлар бор, улар ҳам қўрқиб тоғларга қочиб кетишди, ҳар хил дачаларга чиқиб кетишди. Ҳаммаси бизниям олиб кетишаркан, деб хавотирда юришди”, дейди суҳбатдошимиз.

Ўзини “Баҳо Шакар” фирмаларидан бирининг собиқ ходими, деб таништирган йигитга кўра, Баҳодир Каримжоновга нисбатан жиноят ишининг очилишига унга қарашли бир нечта фирма орқали катта миқдордаги нақдсиз пулни нақдга айлатириш билан боғлиқ қонунбузарликлар асос бўлган. “Лекин иш қилишнинг бошқа иложи йўқ эди, чунки Coca-Cola заводидан ичимликларни нақд пулга сотиб олар эдик”, дейди яна суҳбатдошимиз.

Унга кўра, сўнгги бир неча ой ичида Coca-Cola Ўзбекистон ширкати раҳбариятида ҳам ўзгаришлар рўй берган.

“Бош директор ўринбосари Абдуқодир ё Абдушукур, деган одам эди у ҳам ишдан бўшатилиб, ўрнига Coca-Cola маркетинг бўлимининг собиқ бошлиғи Нодир акани олиб келишди. Бу ҳам мана шу текшир-текширлар билан боғлиқ”, дейди тошкентлик йигит.

Coca-Cola компанияси бир пайтлар президентнинг тўнғич қизи Гулнора Каримованинг собиқ эри, америкалик ўзбеклардан бўлган тадбиркор Мансур Мақсудийга қарашли бўлган.

2001 йилнинг августида Мансур Мақсудий билан ажрашгач, Coca-Cola компанияси Гулнора Каримова назоратига ўтгани айтилади.

Айни пайтда, ўтган йилнинг июл ойида "Coca-Cola Icihmligi Uzbekiston, LTD" компаниясининг икки ходими Шохрух Собиров ва Алишер Эргашевлар Женевада ҳибсга олинган эди.

Швейцария прокуратураси бу икки шахс пул ювишга доир жиноят иши доирасида қўлга олинганини Озодликка маълум қилган эди. Бу ишларга бевосита Гулнора Каримова ҳам алоқадор бўлиши мумкинлиги ҳам айтилди.

Баҳодир Каримжонов шу йилнинг бошида мамлакатни тарк этган эди. Ўзбекистон томонидан бир нечта модда, жумладан солиқдан бўйин товлаганлик ва ноқонуний даромадни легаллаштирганликда айбланаётган тадбиркор ҳозирда Дубайда яширинб юргани айтилмоқда.
XS
SM
MD
LG