Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 22:39

Ғаллаороллик 75 ёшли Жўрабоевга жиноят иши очилди


Жиззах вилоятининг Ғаллаорол туманида яшовчи 75 ёшли Тўрабой (Набижон) Жўрабоевга товламачилик айби қўйилди ва Жиноят кодексининг 165-моддаси бўйича жиноят иши қўзғатилди. Туман Ички ишлар бўлими мутасаддилари ҳозирда Жўрабоевнинг тергов изоляторида сақланаётганини айтди.

Озодлик мухлислари орасида Набижон Жўрабоев номи орқали танилган, асл исм-фамилияси Тўрабой Жўрабоев бўлган ғаллаороллик 75 яшар оқсоқолга Ўзбекистон Жиноят кодексининг 165-моддаси (Товламачилик) иккинчи қисми бўйича жиноят иши қўзғатилди.

Тўрабой аканинг рафиқаси Феруза Жўрабоевага кўра, 3 июн куни қўзғатилган жиноят ишига Ғаллаорол туманидаги иккита дўкон эгасининг кўрсатмаси асос бўлган.

- Кеча адвокат ўқиб берди. Дўкончи Ҳамроев Баҳодир “400 минг сўмга Акфа қилдирган, пулини бермаган”, деб ёзиб берибди. “Краска олган, бошқа нарсалар олган ва менга жами 1 миллион сўмни бермаган”, дебди. Яна битта ароқ дўконининг эгаси ҳам шундай деб ёзиб берибди, деди Феруза Жўрабоева.

Ғаллаорол туман Ички ишлар бўлимидан олинган маълумотга кўра, Тўрабой Жўрабоев айни пайтда милиция бўлимининг тергов изоляторида сақланмоқда.

“Тўрабой Жўрабоев ЖПК (Жиноят-процессуал кодекси - Таҳр.)нинг 221-моддаси бўйича изоляторга олиб тушилди. У тергов бир ёқли бўлгунча шу ерда ўтиради”, деди ўзини таништирмаган милиция ходими.

Навбатчи милиция ходими Жўрабоев иши бўйича қўшимча маълумотларни Ғаллаорол туман ИИБ бошлиғи Бекзод Наимовдан олиш мумкинлиги айтиб, +998734321502 телефон рақамига қўнғироқ қилиш лозимлигини айтди.

Ушбу рақамга қилган қўнғироғимизга жавоб берган шахс Жўрабоев масаласида ҳеч қандай маълумот бермаслигини айтди.

Жиззах вилоят Ички ишлар бошқармасининг ўзини навбатчи бўлим бошлиғи, деб таништирган ходими Тўрабой Жўрабоев масаласидан хабардорлигини айтиб, Жўрабоев 31 май куни бошқармадан борган раҳбарлар билан суҳбатлашиш учун Ғаллаорол ИИБга олиб келингани ҳақидаги маълумотни тасдиқлади.

Милиция ходими Жўрабоевга очилган жиноят иши билан боғлиқ саволларимизни расман ёзиб олгани ва бошлиқларга, албатта, етказишини билдирди.

29 май куни Озодлик билан сўзлашган Тўрабой (Набижон) Жўрабоев уйида тинтув бўлгани ва унинг паспорти, ёзган шикоятлари, баъзи дисклар олиб кетилганини айтган эди.

Феруза Жўрабоеванинг иддаосига кўра, Тўрабой аканинг милиция ходимлари томонидан олиб кетилган шикоят хатлари жиноий ишни очишда унинг ўзига қарши қўлланилмоқда.

- Наби ака ароқ дўкони ҳақида танқид қилиб ёзганди. "Стадион, коллеж ва ҳокмиятнинг олдида ароқ дўкони очиш мумкин эмас", деганди. Шу ҳақда Тошкентга кўп марта ёзган. Шунга келган жавоблар ва бошқа шикоятлари бўйича жавоблар солинган папкаларни милиция олиб кетганди. Шу папкадаги одамларни чақиртирибди. Бир-икки магазинчиларни олиб бориб, мажбуран ёздириб олган. "Ёзиб берасан, ёзиб бермасанг, магазинларингни қўймаймиз", деяпти экан. Улар энди қўрққанидан ёзиб бераяпти экан. Ёнимизда машина устаси бор. Уни ҳам чақиртириб, ёздирмоқчи бўлган экан, у отказ қилиб, ёзмапти, дейди Феруза Жўрабоева.

Тўрабой Жўрабоевга қўйилган ЖКнинг 165-моддаси 2-қисмида тилга олинган жиноят — товламачилик учун беш йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси кўзда тутилган.

Тўрабой (Набижон) Жўрабоев ўзи яшаётган ҳудуддаги воқеалар ҳақида ўз муносабатини Озодликка билдириб келаётган жиззахлик фаол тингловчилардан биридир.

Жумладан, у ўтган йилнинг баҳорида селдан жабр кўрган ғаллаоролликларга ҳукумат томонидан ваъда қилинган ёрдам деярли берилмагани ҳақида, Жиззахда сирли эпидемияга чалинган минглаб қўй ўлгани ҳақида ва шу каби қатор долзарб мавзуларда Озодликка хабар берган эди.
XS
SM
MD
LG