Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 08:48

МТС ўрнини Korea Telecom эгаллаши мумкин


Озодлик манбасига кўра, Жанубий Кореянинг KT Corporation компанияси МТС ўрнини эгаллаш бўйича фаол ҳаракатларни бошлаган.
Озодлик манбасига кўра, Жанубий Кореянинг KT Corporation компанияси МТС ўрнини эгаллаш бўйича фаол ҳаракатларни бошлаган.

Ўзбекистонда банкрот деб топилган “Ўздунробита” мобил ширкати ўрнини Жанубий Кореянинг KT Corporation (Korea Telecom) компанияси эгаллаши мумкин. Озодлик манбаларига кўра, корейс ширкати ўтган ҳафта сотувга қўйилган “Ўздунробита” мулкини сотиб олиш бўйича фаол ҳаракат бошлаган. Россиянинг МТС ширкатига қарашли бўлган “Ўздунробита” фаолияти ўтган йилнинг июл ойида тўхтатилган эди. Шу йилнинг 31 май куни эса “Ўздунробита” кредиторлари мажлисида ширкат мулкини кимошди савдоси орқали жами 600 миллиард сўм (салкам 300 миллион АҚШ доллари)га сотиш ҳақида қарор қилинди.


Россиядаги энг йирик телеком ширкати МТСнинг Ўзбекистондаги шўъбасига доир мол-мулк кимошди савдосида сотилиши ҳақида ўтган жума куни “Ўздунробита” кредиторлари мажлисида қарор қилинди.

Баъзи хабарларга кўра, МТС мулкига учта потенциал ҳаридор ҳақида гап кетмоқда. 31 май куни Sayyod.com нашри “Кеча 30 май куни МТСнинг офисида мажлис бўлиб, Ўзбекистон бозорига кириши кутилаётган учта мобил провайдери хақида айтилган. Лекин уларнинг номи ҳозирча сир тутилмоқда”, дея ёзди.

Айни пайтда, Озодликнинг “Ўздунробита” ширкатига яқин манбасидан олинган маълумотга кўра, МТСнинг Ўзбекистондаги мулки Жанубий Кореянинг KT Corporation компаниясига сотилиши мумкин. “Корейс ширкати бир неча ойдан бери МТС ўрнини эгаллаш бўйича фаол ҳаракатларни бошлаган”, дея таъкидлади манба.

Унинг айтишича, KT Corporation компаниясини Ўзбекистонга олиб келиш масаласи, МТС ширкати шу йилнинг 22 апрел куни Тошкент шаҳар хўжалик суди томонидан банкрот, деб эълон қилинган пайтда ҳал бўлган. Яъни банкрот деб эълон қилиш қоидаларига кўра, ширкат мулки кимошди савдосига қўйилаётган бўлса-да, ҳаридор аниқдир.

Жанубий Кореянинг энг йирик телекоммуникация ширкати ҳисобланган KT Corporationдан бу иддаолар юзасидан изоҳ олишнинг иложи бўлгани йўқ. Ўзбекистон мутасадди идоралари ҳам Озодликнинг бунга оид саволларини жавобсиз қолдирди.

Ўзбекистон ҳукумати молиявий қонунбузарликларда айблаб фаолиятини тўхтатган МТС ширкати ўрнига Шарқий Осиё мамлакатларидан биридаги телеком ширкати келишига оид гап-сўзлар шу йилнинг бошида пайдо бўлган эди.

Март ойи ўрталарида Ўзбекистон Давлат алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари қўмитаси раиси ўринбосарлигига Жанубий Корея фуқаросининг тайинланиши МТС ўрнини корейс ширкатларидан бири эгаллаши мумкин, деган тахминларни кучайтирди.

Расмийлар Жанубий Корея Давлат бошқаруви ва хавфсизлик вазирининг собиқ ўринбосари Ким Нам Сок Ўзбекистонда электрон ҳукумат тизимини жорий қилиш ишларига раҳбарлик қилишини айтган эди. Шунингдек, корейс фуқаросининг вазир ўринбосари мақомидаги лавозимга тайинланиши Ўзбекистон Президент Ислом Каримовнинг 2012 йил октябр ойида, яъни МТС ширкати ёпилишидан бир неча ой ўтиб, Жанубий Кореяга қилган сафари давомида келишилгани ҳам алоҳида таъкидланган эди.

Ўзбекистонлик журналист, Uzmetronom Интернет нашрининг бош муҳаррири Сергей Ежков МТС ёпилишидан кейин вужудга келган вазиятда, унинг ўрнини босадиган ширкат фақат шарқдан топилиши мумкин, дейди.

- Бу ерда бир уюм темир-терсак савдога қўйиляпти. Ҳеч қандай компьтер дастурлари ёки техник қўлланмалари йўқ. Бунака ашқал-дашқал кимга хам керак дейсиз. Аммо энг асосийси обрўдир. Бу ўринни эгаллайман деган ширкат, истаса, истамаса, МТСдан қолган обрўни ҳам сотиб олади. Хитойлик ёки кореяликлар учун эса, этик масалалар биринчи ўринда турмаган,- дейди журналист Ежков.

Кимошди савдоси 1 июл куни Республика мулк маркази қошидаги “Кўчмас мулк савдо хизмати” МЧЖ томонидан ўтказилиши айтилмоқда. Унда иштирок этиш учун аризалар 28 июнгача қабул қилинади.

“Кўчмас мулк савдо хизмати”нинг ўзини таништирмаган вакили, Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда, кимошди савдоси очиқ бўлади ва унда истаган жисмоний ва юридик шахс иштирок этиши мумкин, дея таъкидлади. Лекин суҳбатдошимиз МТСнинг қайси мулки сотувга қўйилаётганини очиқлашдан бош тортди.

31 май кунги кердиторлар йиғинда “Ўздунробита”га қаршли мол-мулкнинг кимошди савдосидаги бошланғич нарҳи 600 миллиард сўм (салкам 300 миллион АҚШ доллари) қилиб белгилашга қарор қилинди. Бундай катта нарх белгилангани гап нафақат кўчмас мулк, балки алоқа станциялари ва шу каби бошқа техника воситалари ҳақида кетаётганини англатиши мумкин.

Мулкнинг якуний баҳоси қанча бўлишини айтиш қийин, лекин ўтган йилнинг сентябр-ноябр ойларида ўтказилган суд маҳкамалари МТС ширкатидан давлат фойдасига 600 миллион АҚШ доллари миқдорида жарима ундириш тўғрисида қарор чиқарган эди.

Фаолияти тўхтатилгунига қадар Ўзбекистоннинг энг йирик мобил ширкати ҳисобланган "Ўздунробита" ўтган йилнинг июл ойида ҳукумат томонидан ёпилган эди. Ширкатнинг тўрт ходими ҳибсга олиниб, сентябр ойидаги судда жарима ва аҳлоқ-тузатиш ишларига ҳукм қилинган эди. Компаниянинг Ўзбекистондаги мулки ҳибсга олинган.

Алоқаси мамлакатнинг 94 фоизини қамраб олган "Ўздунробита" 9 миллиондан ортиқ абонентга хизмат кўрсатган. Бу эса Ўзбекистон мобил алоқа бозорининг 40 фоизидан ортиғини ташкил қилган.

“Ўздунробита” фаолияти тўхтатилиши ортидан унинг миллионлаб мижози мамлакатда фаолият юритувчи бошқа ширкатларга ўтиб кетди.

XS
SM
MD
LG